Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:24

Жаҳон бўйлаб сил касаллиги чекинмоқда


Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 8 декабр куни сил касаллигига оид чиқарган янги ҳисоботида сўнгги 15 йил давомида сил касаллиги юққан 36 миллион одам даволангани билдирилган.

Қатъий тиббий муолажалар натижасида силга чалинган яна 8 миллион одамнинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Ҳисоботда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўрсатмаларига риоя қилган шифокорлар охирги 12 ой давомида сил касаллигини даволашда кутилганидан яхши натижаларга эришигани билдирилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Силни тўхтатинг” номли дастури раҳбари доктор Марио Равиглеон буни жуда яхши натижа, дея баҳолади.

- Биз сил касаллиги билан хасталанган одамларнинг илк бор 85 фоизидан кўпини даволашга муваффақ бўлиб дунё бўйича 87 фоиз беморни даволашга эришдик. Шу боис биз ишлаб чиққан дастуримиз кўнгилдагидек амалга тадбиқ этилса, миллионлаб одам сил касаллигидан даволаниши мумкин деб ишонч билан айта оламиз, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили.

Вашингтонда ўтказилган матбуот анжуманида Равиглеон ва ҳамкасблари сил касаллигини даволаш бўйича эришилган яхши натижаларни эълон қилишди.

Озодликка интервью берган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийси натижалар янада яхши бўлишини хоҳлашини айтди.

- Сил касаллиги йилига 6 – 10 фоизга камайиб бориши кутилмоқда. Биз 50 – 70 йил ичида бу касалликни буткул йўқ қилишимиз мумкин. Ҳозирда биз дастурларимиз бўйича юқори кўрсаткичларга эришиб беморларнинг 87 фоизини даволаяпмиз. Касалликни аниқлаш имкониятлари ошди. Аммо бу қониқарли эмас. Биз силга чалинган одамларнинг учдан бир қисмини аниқлай олмаяпмиз, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийси.

Равиглеон Россия, Марказий Осиё, шунингдек, Беларус, Руминия ва Украина каби Шарқий Европа давлатларида сил касаллиги бўйича вазият оғир эканини айтди.

Унга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини, айниқса, Россиядаги вазият ташвишга солмоқда.

- Дунё бўйича сил касаллигига чалинган беморларнинг 80 фоизи вазият оғир бўлган йигирма икки давлат ҳиссасига тўғри келади. Вазият оғир бўлган давлатлар орасида Европанинг бир давлати, шу ҳам бўлса, Россия бор. Ҳозир Россияда 128 минг одам сил касаллиги билан хасталанган. Бизнингча, бу давлатда ҳар йили 10 минг одам сил касалидан ўлмоқда, дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “Силни тўхтатинг” номли дастури раҳбари доктор Марио Равиглеоне

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида Беларус, айниқса, Украинада сил касаллиги кенг тарқалгани қайд этилган.

Доктор Равиглеонга кўра, бу борада Марказий Осиё давлатларида ҳам вазият яхши эмас. Сил касаллиги аҳоли орасида кенг тарқалган ва бу касаллик сабабли ўлим ҳоллари кўп. Энг ёмони сил вирусининг кўпгина дориларга қаршилиги кучаймоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмийсига кўра, собиқ социалистик давлатларда иқтисодий ислоҳотлар секин бораётгани учун сил касаллиги бу давлатлар аҳолиси орасида осонликча ва тез тарқалмоқда.

Силга қарши кураш чоралари ҳукуматлар томонидан молиялаштирилиши, бу касалликка аниқ ташҳис қўйиш, таъсирчан дорилар билан таъминлаш ва бошқа тадбирлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сил касаллигига қарши самарали кураш стратегиясини ташкил этмоқда.
XS
SM
MD
LG