Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:06

Ҳуқуқ фаоллари озодлиги учун акция бошланди


Amnesty International халқаро ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ҳуқуқ фаоллари Алишер Кароматов билан Аъзам Фармоновларни зудлик билан озодликка чиқариш бўйича акция эълон қилди.

Amnesty International халқаро ташкилоти вакили Евгения Лозинанинг Озодликка билдиришича, Amnesty International томонидан ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Алишер Кароматов билан Аъзам Фармоновлар виждон тутқунлари деб тан олингани боис уларни озодликка чиқариш талаби билан халқаро акция эълон қилди.

- Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзолари Алишер Кароматов билан Аъзам Фармоновни виждон тутқунлари сифатида озодликка чиқариш талаби “Марафон-2009” номли акция доирасида амалга оширилаяпти. Ушбу акция ҳар йили 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан ўтказилади. Бу халқаро миқиёсда ўтказиладиган акция бўлиб, ўтган йили ушбу акцияда дунё бўйича 250 мингдан зиёд одам иштирок этган. Биз ҳар йили турли мамлакатларда қийноқларга учраётган ва ёрдамга муҳтож бўлган виждон тутқунларини танлаб, улар ҳимояси учун акция эълон қиламиз. Бу йилги акция орқали Ўзбекистон ҳукуматини Алишер Кароматов билан Аъзам Фармоновни зудлик билан озодликка чиқаришга чақирамиз, дейди Евгения Лозина.

Шунингдек, “Марафон-2009” акцияси орқали Алишер Кароматовга озодликка чиққунига қадар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш сўралади.

Ҳозирда Алишер Кароматов сил касаллигига чалинган бўлиб, Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасида даволанмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги жазони ижро этиш бош бошқармасига қарашли Республика касалхонасининг Алишер Кароматов соғлиги борасидаги маълумотномасида ёзилишича, Алишер Кароматов касалхонага ўтган йилнинг 13 октябр куни келтирилган бўлиб, унга сил касаллиги ташхиси қўйилган.

“Ҳозирда беморнинг умумий аҳволи ўрта оғир бўлиб, у қон туфламоқда. Бемор бўлинмада сил касаллигига қарши даволанаяпти”, дейилади ўтган йилнинг 4 декабрида ёзилган маълумотномада.

Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматованинг айтишича, у эри билан охирги марта жорий йилнинг сентябр ойида учрашган.

- Бир ярим йилдан бери Сангородда ëтибди. Уларга ўпка сили ташхисини қўйишган. Учрашган пайтимиз Алишер акам: “Қон тупиришим тўхтади”, дедилар. Лекин кўриниши бир аҳволда эди. Жуда озиб кетган. Қанча дори-дармон керак бўлса¸ имкониятимиз даражасида олиб бориб бердик. Қўлимиздан келганча югурдик. Алишер акани охирги марта рентген қилишганида касалликнинг сўрилиш даври, касаллик ҳали тузалмаган дейишган. Шунинг учун ҳам ўша ерда ушлаб турибди. Касали битган бўлганида бирор зонага жўнатиб юборарди, дейди Намуна Кароматова.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилади.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олишда айбланиб ҳибсга олинади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг вице-президенти, ҳозирда Францияда яшаётган Толиб Ёқубов фикрича, ташкилотнинг иккала фаоли ҳам сохта ва уюштирилган айбловлар билан ҳибсга олинган.

- Аъзам Фармонов вилоятда энг фаол ҳуқуқбон ҳисобланарди. У маҳаллий ҳокимият¸ прокуратура¸ милиция ва бошқа ташкилотларнинг доимий назорати остида юрарди. У менга бир неча бор: “Мени қамаса керак, чунки менга “Бешариққа қишлоғингга кўчиб кетгин, ўшанда ҳеч ким сенга тегмайди”, деб таҳдид қилишди”, деган эди. Аъзамжон билан Алишер фермерларнинг ҳуқуқларини фуқаровий судларда нотариус томонидан тасдиқланган ҳужжатлар ëрдамида ҳимоя қиларди. Бундан ташқари, Аъзамжон кўп судларни, терговларни мониторинг қиларди. Қийноқлар ҳақида кўп гапирарди, бу борада кўплаб бюллетен ва брошюралар ëзган, дейди ҳуқуқ фаоли.

Толиб Ёқубов иккала ҳуқуқ фаоли ушбу фаолиятлари туфайли қамоққа ташланганини айтар экан, тергов жараёнида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилганини таъкидлайди.

- Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматовларнинг жиноий ишида мен ҳимоячи бўлиб қатнашганман. 2006 йил 7 июн куни мен уларни Ховосдаги 13-тергов изоляторига бориб кўрганман. Шахсан ўзим иккаласи билан гаплашганман. Шунда иккаласи ҳам ëмон қийноқларга солинганлигини айтишган. Қийноқ изларига шахсан гувоҳ бўлганман. Айниқса, Алишер Кароматовнинг оëғи жуда шишиб кетган эди. У деярли юра олмас эди. Бундан ташқари, уларнинг бошига противогаз кийдириб¸ клапанларини бекитиб қўйиб, нафас олдирмасдан азоб беришган. Яна баданларига тутатилган сигаретларни босиб¸ бошқа жуда кўп қийноқларни қўллашган. Мен бу ҳақда уларнинг ўзидан ўз қулоғим билан эшитганман, дейди Толиб Ёқубов.

2006 йили Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, иккала ҳуқуқ фаоли ҳам Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддасининг товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири тўққиз йил муддатдан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бир қатор халқаро ташкилотлар Алишер Кароматов билан Аъзам Фармонов ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти учун сохта айблар билан жазога ҳукм этилганини таъкидлаб, расмий Тошкентдан улар озодлигини талаб қилиб келадилар.
XS
SM
MD
LG