Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:23

Алишер Соипов иши бўйича шикоят аризаси Бишкекда қаралди


Алишер Соиповнинг отаси Авазбек Соипов ўғлининг ҳақиқий қотиллари ҳалигача топилмаганини айтади.
Алишер Соиповнинг отаси Авазбек Соипов ўғлининг ҳақиқий қотиллари ҳалигача топилмаганини айтади.

Қирғизистон Олий суди бугун марҳум журналист Алишер Соиповнинг отаси Авазбек Соиповнинг аризасини кўриб чиқди. Ўз аризасида Авазбек Соипов Олий суддан ўғлига оид ишни қайта терговга юборилишини сўраганди.

Авазбек Соипов фикрича, терговчилар Алишер Соипов ўлимини бир бегуноҳ кишининг бўйнига қўйиб, жиноий ишни ёпишга ҳаракат қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 23 октябр куни Озодликка интервью берган Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Ўлжабой Қазибаев Алишер Соиповни ўлдирганликда гумон қилинган Абдуфарид Расулов ҳибсга олингани, унинг иши юзасидан ўтказилган текширув тугаб, Ўш шаҳар судига жўнатилганини айтганди.

Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида Авазбек Соипов ўғли Алишерни Абдуфарид Расулов исмли шахс ўлдирганига ишонмаслигини, қотилликда гумон қилинган шахс билан судда шахсан гаплашганидан кейин қарорга келганини айтади.

- Мен маҳкама жараёнида Расулов Абдуфарид билан гаплашдим. “Сиз Алишерни танийсизми?” дедим. У: “Йўқ”, деди. “Сиз Алишерни ўлдирдингизми?” дедим, “йўқ”, деди. “Ўша 24 октябр куни қаерда бўлгансиз?” дедим. “Мен Лайлакда (Ўш шаҳридан қарийб 400 км олисликдаги туман – таҳр.) ўз уйимда бўлганман”, деди. “Шунга далилингиз борми, сизни бирон киши кўрганми?” десам, “Бор”, деб жавоб берди, дейди Авазбек Соипов.

Унинг айтишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан бошқа жиноятларда ҳам айбланаётган Расулов Абдуфаридга Алишерни ўлдирганлик айбини ҳам қўшиб, бу машъум қотиллик бўйича ишни ёпмоқчи бўлаяптилар.

9 декабр куни Қирғизистон Олий Суди Авазбек Соиповнинг аризасини кўриб чиқиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун Ўш шаҳар судига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Авазбек Соипов Олий Суднинг ишни терговга қайтармай, балки яна Ўш шаҳар судига юбориш қарорига келганидан норози бўлиб, журналистларга ўғли Алишер Соиповнинг ўлими бўйича ишда бундан буён "бирор қониқарли ўзгариш бўлмаса керак", деган мулоҳазани билдирди.

Авазбек Соипов Олий Суд қароридан норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:35 0:00



26 ёшда қотиллик қурбонига айланган Алишер Соипов ўлимига қадар бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб келди. У таъсис қилган, президент Каримов тузумига танқидий руҳдаги “Сиёсат” газетаси Ўзбекистон ҳудудида ҳам тарқалар эди. Алишер Соипов ўлимидан сал аввалроқ ўз фаолияти туфайли ҳукуматга қарашли ўзбек телевидениеси томонидан мамлакат миллий манфаатларига қарши чиқаётган журналист сифатида бадном қилинганди.

Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан мустақил текширув олиб борган бир қатор халқаро ташкилотлар ва айрим қирғиз расмийлари Алишер Соиповнинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигини даъво қилди.

Расмий Тошкент эса, анча кескин бўлишига қарамасдан, ҳозирча бу даъволарни рад этиб чиққани йўқ.
XS
SM
MD
LG