Линклар

ТСДП Роғун ҳимоясига турмоқчи

  • Гулнора Равшан

ТСДП раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш учун Тожикистон парламентида экологлар учун квота ажратилиши керак.

ТСДП раиси Раҳматулло Зоиров фикрича, Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш учун Тожикистон парламентида экологлар учун квота ажратилиши керак.

Тожикистон социал-демократик партияси раиси Ўзбекистон даъволарига қарши Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро меъёрлар доирасида ҳимоялашга тайёрлигини билдирди.

8 декабр куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Тожикистон социал-демократик партияси раиси Раҳматулло Зоиров декабр ойида Ўзбекистонда парламент сайловлари бўлиб ўтишини эслатар экан, бу мамлакатнинг сайловлар тўғрисидаги қонунига биноан янги ташкил топажак парламентида экологлар учун квота сифатида 15 ўриш ажратилиши назарда тутилганини маълум қилди.

Зоировга кўра, Ўзбекистоннинг бу қарори фақат “Тожикистонда қурилаётган Роғун ГЭСи лойиҳасига қарши уруш” мақсадида амалга оширилмоқда.

Ўз партияси Ўзбекистоннинг бу сиёсий тадбирига қарши жавоб тариқасида махсус дастурни ишлаб чиққанини билдирар экан, Зоиров агар партиясидаги фаолларга ҳам парламент курсисидан жой берилса, ТСДП вакиллари Ўзбекистонни Роғун ГЭСи лойиҳасига қарши бошлаган сиёсий урушда мағлуб қилишга қодирлигини таъкидлади.

- Ўзбекистоннинг янги ташкил топаётган парламентида дипломатия ва халқаро ҳуқуқий йўл билан Роғун ГЭСи лойиҳасига зид фракция ёки экологлар гуруҳи иш олиб бориши режалаштирилган. Бу гуруҳнинг асосий вазифаси Ўзбекистон парламенти номидан Роғунга қарши ишларни амалга оширишдир. Аммо Ўзбекистоннинг бу қарорига жавобан ҳуқуқшунослар партияси саналмиш Тожикистон социал-демократик партияси Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро миқёсда ҳимоялаб, миллий манфаатлар учун хизмат қилишга тайёр, деди Зоиров.

Тожикистон социал-демократлари раиси фикрича, Тожикистондаги бирорта сиёсий партия ТСДПчалик Роғун ГЭСи лойиҳасини Ўзбекистон даъволарига қарши халқаро меъёрлар доирасида ҳимоялай олмайди.

Раҳматулло Зоиров Тожикистон парламентида ҳалигача Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро ҳамжамиятга “қоралаётган” Ўзбекистонга ҳуқуқий ва илмий жиҳатдан асосланмиш жавоб қайтарадиган бирор вакил топилмаганидан афсусдалигини таъкидлади.

Айни пайтда мухолифатдаги партия раиси ўз партияси илгари сурган таклиф Тожикистон ҳукумати ва давлат раҳбари томонидан қандай қабул қилиниши ўзи учун қоронғулигини айтди.

Тожикистон қуйи палатаси вакили Шоди Шабдолов Раҳматулло Зоировнинг “парламент депутутлари Роғун лойиҳасини ҳимоялай олмаётгани”га оид фикрларига мутлақо қўшилмаслигини айтади.

- Баъзи сиёсий партиялар бугун – парламент сайловларига тайёргарлик бошланган вақтда уйқудан уйғонишмоқда. Роғун ГЭСи лойиҳасига қарши Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлар ҳамда айрим халқаро ташкилотлар даъволарига қарши жуда кўплаб марта жавоблар қайтарганмиз. Жумладан, шу йил Россияда Марказий Осиё давлатлари иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларига доир ўтказилган халқаро анжуманда шахсан ўзим Роғун ҳуқуқларини ҳимоялаб чиққан эдим. Ўша тадбирда Роғун лойиҳаси экологиямиз учун хавфсизлигини илмий жиҳатдан асослаб берган эдим, қирғизистонлик ва қозоғистонлик вакиллар менинг фикрларимни қувватлашган эди, дейди Шоди Шабдолов.

Қуйи палата депутати Тожикистоннинг сайловлар тўғрисидаги қонун муҳокамаси тугаганини ва бугун олдинда турган сайловга тайёргарлик тадбирлари бошланиб кетганини билдирар экан, социал-демократик партия раиси ўз таклифи билан кечикканини айтди. Унга кўра, Зоиров таклифини фақат президент қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, мухолифатдаги партия расмийси Раҳматулло Зоиров 2007 йили Тожикистонда ўтказилган президентликка сайлов натижаларини нолегитим санаб, учинчи марта президентлик курсисига ўтирган Имомали Раҳмонни “ноқонуний президент” дея эълон қилган эди. Шу билан бирга, Зоиров партияси Тожикистон жамоатчилик кенгаши аъзолигидан ҳам ихтиёрий тарзда чиқиб кетган эди.

Жорий йил 4 декабрида Душанбе шаҳрида жамоатчилик кенгашининг Имомали Раҳмон иштирокида ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида ТСДП вакилларининг қатнашишига йўл берилмаган эди.

Мустақил таҳлилчилар: “Раҳматулло Зоиров мамлакатда бошланган сиёсий тадбир арафасида бу баёноти билан ўзининг президентга содиқлигини намойиш қилиш ва шу йўл билан сиёсий саҳнага қайтишга ниятланган бўлса ажаб эмас”, демоқдалар.

- Ҳозир Тожикистонда парламентга аъзо бўлиш учун президентга яқин бўлиш анъана тусига кирган. Кимки ҳукуматга яқин бўлмаса, у парламентга кира олмайди. Бу стереотипни синдириш вақти етмадимикин? Депутатлар халқ томонидан сайланади, шунинг учун ҳам “халқ депутати” дейилади, “президент депутати” дейилмайди. Раҳматулло Зоиров ҳам ўша анъаналарга мос тарзда ўз манфаатларини кўзлаб, кеча шундай баёнот тарқатгани кундек ойдин, дейди мустақил таҳлилчи Раҳматулло Валиев.

Мустақил таҳлилчи Роғун ва унинг тўғони баландлиги атрофидаги Тожикистон-Ўзбекистон баҳслари тобора кескинлашаётгани ва бу мавзу фақат икки мамлакат давлат раҳбарлари томонидан ҳал этилиши мумкинлигини айтади. Валиев фикрича, Имомали Раҳмон ва Ислом Каримов ўз шахсий амбицияларидан воз кечсагина, Роғун мавзуига ҳам якун ясалиши мумкин.

- Парламентларда Роғун мавзуи атрофида гуруҳлар ташкил этиш эса икки ўртадаги муносабатларнинг янада ёмонлашувига туртки бўлади, холос, дейди таҳлилчи Раҳматулло Валиев.
XS
SM
MD
LG