Линклар

logo-print

Россия президенти Дмитрий Медведев иқтидорга келган илк кунлариданоқ коррупция муаммоси давлат хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид эканини таъкидлаб келаётган бўлса-да, оддий россияликлар кўз ўнгида порахўрлик билан боғлиқ вазият аввалгидан заррача ҳам ўзгаргани йўқ.

9 декабр — Халқаро коррупцияга қарши кураш куни.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун мазкур сана муносабати билан қилган чиқишида жаҳон аҳлини ҳеч қачон пора таклиф қилмаслик ва пора олмаслик масъулиятини ўз зиммасига олишга чақирди.

- Агар биз шу принцип асосида яшай бошласак, дунёда ҳар қандай масалага ҳалол ёндошув устун бўлади ва биз тараққиёт соҳасида ўз олдимизга қўйган мақсадларга етамиз, дея таъкидлади БМТ Бош котиби.

Бу хайрли истак, аммо дунёнинг ўта коррупциялашиб кетган давлатларида яшаётган давлат амалдорларидан тортиб, оддий фуқароларига қадар бу қоидага амал қилиб яшашга тайёрми, ҳаттоки, қодирми?

Бу саволга россияликларнинг аксарияти “йўқ”, деб жавоб бермоқда.

Гарчи президент Медведев ўз раҳбарлигининг илк кунлариданоқ коррупция муаммоси давлат хавфсизлигига тўғридан-тўғри раҳна солаётганини таъкидлаб келаётган бўлса-да, оддий россияликлар кўз ўнгида порахўрлик аввалги ҳолидан заррача ҳам ўзгармай қолмоқда.

“Милиционерга 20 долларлик саломимиз бор”

Москвадаги деярли барча ҳайдовчи учун мустаҳкам ўрнатилган бир қоида бор гўё.

Йўл четидаги милиция ходими томонидан тўхтатилган ва каттагина жарима ёхуд ундан ҳам оғири — ҳайдовчилик гувоҳномасининг бекор қилиниши хавфи остида қолганда, ҳайдовчи қулай пайт пойлаши лозим.

Шундай палла туғилиши билан милиционер билан гаплашиб, унга 20 АҚШ доллари миқдорида пора узатилса, кифоя - муаммо ҳал бўлади.

Москва марказидаги серқатнов кўчалардан бирида ўз автомобилида ўтирган Владимир Малцев бундай муомалани деярли ҳар куни қўллашини айтади.

- Ҳайдовчи бўлганим учун ҳар куни йўл патрул милиционерига ишим тушади. Уларнинг ҳаммаси коррупциялашган. Мутлақо ҳаммаси пора олади, дейди москвалик ҳайдовчи.

Яна унинг сўзларига кўра, назорат хизмати атайлаб йўлларда ҳайдовчиларни қоида бузишга мажбур қиладиган носозликларни уюштиради. Ўзлари эса яқинроқда пойлаб туриб, кейин порани олади.

Солиқ идорасида ҳам ширинкомасиз иш битмайди

Малцевнинг кичиккина бизнеси бор. Яқинда солиқ хизмати муҳим бир ҳужжатнинг топширилмаганини баҳона қилиб, унинг банкдаги ҳисоб рақамини блок қилиб қўйган эди.

Владимир Малцев ўзининг тўкис-мукаммал қоғозларини олиб, тегишли идорага борган ва масъул ходим билан учрашувни талаб қилган.

- Мен 3 ҳафтагача тегишли идорага боравердим. Охири биттаси келди-да, ишни ҳал қилиш учун пора бериши керак ва қаерга беришни кераклигини айтди. Шундан кейин масала ҳал бўлди, дейди москвалик ҳайдовчи.

Унинг сўзларига кўра, мана шу тахлит коррупция мамлакатдаги компанияларнинг фаолиятини фалаж қилмоқда. Чунки, Малцевнинг таъкидлашича, бизнесменлар ҳисоб рақами тезроқ ишга тушиши учун ҳар қандай музокарага тайёр.

Шу тариқа, коррупция Россияда шаклланган ва чуқур илдиз отган бир институтга айланган. Талабалар ўқитувчиларига, беморлар шифокорларга, ота-оналар ҳарбий комиссияларга пора беради.

Россияликларнинг учдан икки қисми пора беради

Яқинда ўтказилган жамоатчилик сўрови натижаларига кўра, россияликларнинг 70 фоизи ишини пора билан битиришини тан олган.

Шу йил аввалида чиқиш қилган президент Медведев эса коррупцияни мамлакат хавфсизлигига жиддий таҳдид, деб баҳолаган эди.

- Коррупцияга қарши курашиш, айниқса, бизнинг мамлакатимизда жуда оғир вазифа. Бу иш жуда кучли уриниш, сабр-бардош талаб қилади ва бундай кураш бир неча йилларга мўлжалланади. Шундай бўлса-да, биз ҳозирданоқ баъзи натижаларни кўришимиз мумкин, деган эди Россия президенти.

Қодировнинг битта каталагию оддийгина “Лада”си бор

Ўтган йили президентлик курсисига ўтирган Медведев ўз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири коррупцияга қарши кураш бўлишини айтган эди.

Шундан сўнг илк бор Россия амалдорлари ўз даромадлари ҳақида элга маълумот берган эди. Лекин баъзи давлат расмийлари берган маълумотлар кейинчалик норозиликларга ҳам сабаб бўлган.

Мисол учун, сароймонанд, мармар қопланган уйда яшайдиган Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров ўз ҳисоботида кичик квартираси ва битта “Лада” автомобили борлигини кўрсатгани матбуотда роса шов-шув бўлган.

Ҳатто мамлакатдаги коррупция ҳақида ҳукумат бераётган рақамлар ҳам унинг ўтган йилгига нисбатан 3 баробарга кучайганини кўрсатмоқда. Расмий рақамларга кўра, Россиядаги коррупциянинг йиллик миқдори 300 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади ва унинг таъсирини кўчмас мулкдан тортиб, оддий дўконлар пештахталаридаги озиқ-овқат маҳсулотларида ҳам кузатиш мумкин.

Москва дунёдаги энг қиммат шаҳарлардан бири

Россия Бош вазирининг собиқ биринчи ўринбосари, ҳозир эса мухолифат етакчиларидан бири бўлган Борис Немцов шу кунларда Москвада таъмирланаётган йўлнинг километрига 570 миллион АҚШ доллари қилиб белгиланган нархни тилга олди.

- Агар сиз Москва йўллари қийматини Швейцариядаги коллайдернинг бир қисмига қиёслайдиган бўлсангиз, коллайдер арзон бўлиб чиқади. Худди шундай, Британия билан Парижни боғлаган тунел ёхуд хориждаги исталган бошқа йирик конструкциялар ҳам бизнинг йўллардан арзон, дейди Борис Немцов.

Москва 2009 йилда дунёдаги энг қиммат шаҳарлар ичида Токио ва Осакадан кейинги учинчи ўринни эгаллаган эди. Немцовга кўра, бу бежиз эмас ва бунинг сабаби, шу қимматчиликни ушлаб турган компанияларнинг шаҳар мэри Лужков билан яқин “муомаласи” натижасидир.

Коррупцияга қарши ишлаганлар юртдан ҳайдалмоқда

Россияда коррупцияга ҳақида гапириш имкони ҳеч кимда йўқ. Ўтган йили шунга уриниб кўрган Коррупцияга қарши кураш ноҳукумат қўмитаси раҳбари Евгений Архипов тайёр ҳисоботни эълон қилиши арафасида ўзининг бир неча ходими билан мамлакатдан чиқариб юборилди. Кейинчалик улар ўз ҳисоботини Украинада эълон қилди.

Архиповга кўра, бундай амалиётлар Россияда коррупцияни муҳокама қилишни истаган киши қалбига қаттиқ қўрқув солади.

- Ҳукуматнинг услуби қанчалик кескинлашгани сари унинг тузуми шунчалик жамоатчиликдан яширин қолади, фуқароларнинг коррупцияга қарши кураши эса шунчалик қийинлашади. Шу боис кўпчилик порахўрликка қарши курашиб, расмийлар билан зиддиятга киргандан кўра, пора бериб қутулишни афзал кўриб қолади, дейди Евгений Архипов.

Шу важдан мамлакатдаги аксар таҳлилчилар президент бошчилигидаги раҳбариятнинг коррупцияга қарши кураш ҳақидаги даъволарини “сиёсий томоша”дан бошқа нарса эмас, деб баҳоламоқда.

- Ким шундоққина келиб турган ширин луқмадан ўзини мосуво қилади? Бу шунчаки нореал нарса, дейди, жумладан, Россияда коррупция борасида сўнгги сўровларни олиб борган эксперт Лев Гудков.
XS
SM
MD
LG