Линклар

“Ҳеч бўлмаганда талабаларни пахтага чиқармасин”

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистонлик ёшлар фикрича, баркамол авлодни синфхоналардан далаларга ҳайдаш орқали тарбиялаб бўлмайди.

Ўзбекистонлик ёшлар фикрича, баркамол авлодни синфхоналардан далаларга ҳайдаш орқали тарбиялаб бўлмайди.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистонда 2010 йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилгани ўзбекистонлик ёшлар ва зиёлиларни ўйга толдирмоқда. Уларнинг фикрича, мамлакат таълим тизимидаги коррупция, мактаб ва олий ўқув юртларидаги таълим сифатининг пастлиги ва бошқа муаммолар “баркамол авлод” етиштириш йўлида асосий ғов бўлиши мумкин.

Ўзбекистон конституциясининг 17 йиллиги муносабати билан шу йил 5 декабрида қилган чиқишида президент Каримов 2010 йилни “Баркамол авлод йили” деб эълон қилишни таклиф қиларкан, “Биз мамлакатимизнинг келажагини кўзда тутган ҳолда, бугунги кунда тараққий топган, давлатлар илмий жамоатчилигининг эътибор марказида турган, энг илғор, истиқболли илмий изланиш ва тадқиқот ишларини юртимизда ривожлантириш мақсадида Фанлар академияси ва олий ўқув юртлари таркибида янги лабораторияларни ташкил қилиш, уларнинг ривожланган мамлакатлардаги илм-фан марказлари билан самарали ҳамкорлик алоқалари ўрнатишига эришишимиз керак. Бу масалани ҳозирги вақтда олдимизда турган долзарб вазифалардан бири сифатида кўришни бугун замоннинг ўзи талаб қилмоқда”, деган фикрларни айтди.

“Фанлар академияси ва олий ўқув юртлари президент уларнинг олдига қўйган вазифани қандай бажармоқчи?” деган саволимиз Ўзбекистон Фанлар академияси ва олий таълим вазирлиги томонидан жавобсиз қолдирилди.

Хусусан, Фанлар академияси вице-президенти Саъдулла Лутфуллаев президент “Баркамол авлод йили” дастурини эълон қилганига эндигина икки кун бўлгани ва ҳозирча бу борада чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмагани айтди. Жаноб Лутфуллаев “Баркамол авлод”ни ўстиришга оид жорий тадбирлар ҳақида бош илмий котибга мурожаат қилишимизни ҳам маслаҳат берди.

Бош илмий котиб Бахтиёр Иброҳимовнинг ўта бандлиги боис у киши билан боғланиб бўлмади.

Президент Каримовнинг “баркамол авлод”ни етиштиришга оид давлат дастурини бажариши кутилаётган мутасадди идоралар мавзу ҳақида гапиришга истак билдирмаётган бўлса, ўзбекистонлик ёшлар ва зиёлиларнинг бу хусусда ўз фикри бор.

Фарғоналик Шукрулло ака 35 йилдан бери ўқитувчи бўлиб ишлайди. Таълим тизими деярли изидан чиқиб қолган шароитда, суҳбатдошимиз фикрича, йилга ном бериш билан ёшларнинг баркамол бўлишига эришиш ҳақида гапириш хом хаёлдир.

- 20 йил бўлган бўлса, 15-16 йилдан бери ҳар йили ҳар хил номлар. Ҳатто адашиб ҳам кетаман. Ўтган йилгини ҳам билмайман¸ эслай олмайман. Чунки бу йиллар ҳеч бир из қолдирмайди-да. Из қолдирса¸ эслаб қоласиз экан. Мактабларда таълим тизими ҳозир бутунлай ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган. Очиқ гап-да. Мен 35 йил ишлаган бўлсам¸ тизим ҳозир бутунлай ишдан чиқиб бўлган. Мактабларда ўқишга умуман қизиқиш йўқ. Ўқиган билан нима қилади? Қаерга боради? Олтин медалга битирсин¸ фақат аъло баҳоларга битирсин мактабни. Олий ўқув юртига кирган билан бир йилдан кейин қочиб келишаяпти. Контракт деган нарса чиққан ҳозир. Оддий одамлар тўлай олмайди уни. Шу туфайли болаларда қизиқиш йўқ. Ота-оналарда ҳам¸ болаларда ҳам қизиқиш йўқ. Натижа йўқ-да, дейди фарғоналик ўқитувчи.

Яна бир суҳбатдошимиз Европадаги мамлакатлардан биридаги университетда таҳсил олаётган Аҳмаджон. Суҳбатдошимиз Ўзбекистонда ўзи истаган билим ола олишига шароит йўқлигига амин бўлгани боис хорижда ўқишга қарор қилганини айтади.

- Ўқувчиларни¸ студентларни ҳеч бўлмаса бир йил пахтага чиқармасин. Ўшанда “Баркамол авлод йили”га муносиб иш қилинган бўлади. Ҳеч бўлмаса, ана шу амални қилишсин. “Ëшларга кенг имкониятлар яратиб берамиз¸ мана буларни қилиб берамиз” дейишдан олдин ëшларни ўшанга тарбиялаш керак¸ ўқитиш керак. “Мактабларни замонавий жиҳозлаганмиз”, дейди. Мактабларда интернет деган нарса ишламайди. Бошқа вилоятлардаги¸ туманлардаги коллежларга боринг - бирорта ўқувчи топа олмайсиз. Қандай қилиб улар дарс олаяпти? У ерда журналлар номига тўлдирилади. Улар битириб чиққандан кейин қандай қилиб уларни малакали кадр қиламиз? Университетни энг зўр битирган талаба Европанинг мактабини битирган ўқувчисига тенг келмайди, дейди Аҳмаджон.

Президент Каримов конституция куни муносабати билан қилган чиқишининг эртасига Озодлик радиоси таҳририяти электрон почтасига Тошкент давлат аграр университети ўқитувчиларидан мактуб келди.

Ўзларини олийгоҳ профессор-ўқитувчилари деб таништирган мактуб муаллифлари университетда авж олган коррупция ҳақида ёзишган. Мактубда айтилишича, университет ректори бошлиқ порахўрликка муккасидан кетган бир гуруҳ мутасаддилар “келажагимиз бўлмиш ёшларга билим бериш, уларни тарбиялаш”дан кўра ўзларининг шахсий манфаатларини устун қўймоқда. Мактуб муаллифлари бу ҳақда ҳукумат идоралари, жумладан, президент девони, Вазирлар маҳкамаси ва Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилишганини ҳам ёзишган.

“Кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Конституция кунига бағишлаб йиғилиш ўтказди. 2010 йилни “Баркамол авлод” йили деб эълон қилди. Шундай раҳбарлар фаолият кўрсатишда давом этса, ишончим комилки, албатта Ўзбекистоннинг келажаги “баркамол” бўлади”, деб тугатади ўз фикрларини ўзларини Тошкент давлат аграр университетининг профессор-ўқитувчилари деб таништирган мактуб муаллифлари.

Президент Каримовнинг 5 декабр кунги маърузасидан таълим соҳасидаги коррупция муаммоси ҳақидаги фикрлар ўрин олмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG