Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:16

2010 йил "Футбол йили" дейилсайди...


Келаётган йилнинг президент Каримов томонидан "Баркамол авлод йили" деб номланишига эътироз билдирган Озодлик суҳбатдошларидан бири янги йилга "Футбол йили" деб ном берилса, мақсадга мувофиқроқ бўларди, дея мулоҳаза билдиради.

“Кўзим етмайди деб ўйлайман. Агар ҳукумат айтган гапларида турган ҳолда 10-15 йил ўтса¸ шаклланиши мумкин. Лекин ҳукумат айтади ва гапидан қайтади ҳам”.

Ўзбекистонлик собиқ тадбиркор, ҳозирда Европадаги мамлакатлардан бирида таҳсил олаётган Аҳмаджон президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон конституцияси 17 йиллиги арафасида берган ваъдалари амалга ошишига кўзи етмаслиги ҳақида гапирмоқда.

8 декабр куни Ўзбекистон конституцияси 17 ёшга тўлди. Сана муносабати билан 5 декабр куни ўтказилган тадбирда президент маъруза қилиб, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” бўлган 2009 йилда ўзбекистонликлар турмуш даражаси янада ошгани ҳақида атрофлича тўхталди ва келаси 2010 йилни “Баркамол авлод йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди.

Танганинг орқаси рукнининг бугунги мавзуси президент “Баркамол авлод йили”да амалга оширилишини ваъда қилаётган чора-тадбирларнинг иқтисодиёт қисми ҳақида бўлади.

Президентнинг айтишича, “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили”да турмуш фаровонлиги яхшиланган ўзбекистонликлар ҳаётини янада яхшилашнинг “қудратли бир омили борки, у ҳам бўлса, юртимизнинг эртанги куни, тараққиёти учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган етук мутахассис ёшларимиз”дир. Президент Каримов бу эзгу ниятларни амалга ошира олишлари учун, уларга, яъни “баркамол авлод”га имконият бериш мақсадида, “масала устида кўп ўйлаб, фикрлашиб, кўпчиликнинг таклиф ва мулоҳазаларини инобатга олиб,” 2010 йилга “Баркамол авлод йили” номини беришга қарор қилинганини таъкидлади.

Шундай қилиб, Каримовнинг ваъдалари амалга ошса, келаси йилда ёшларга кенг имкониятлар, жумладан, иқтисодий шароитлар яратиб бериладиган бўлди.

Лекин биз билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик ёшлар ўтмишда йилларга ном бериш ва уларга оид давлат дастурларининг амалга оширилиши тажрибасидан келиб чиқиб, янги йилга бундай ном берилишида ўзлари учун хайр кўрмасликларини айтмоқда.

Европада ўқиётган Аҳмаджон президентдан фарқли ўлароқ, тугаётган “қишлоқ фаровонлиги” йилида ўзбекистонликлар турмуши янада оғирлашди, деган фикрда.

- Баркамол авлод йили деб айтилгани бу ҳукуматнинг ëшларнинг устидан қандайдир кулишдек туюлгани менга таъсир қилди. Масалан, ҳозирги бозор иқтисодиëти шароитида Ўзбекистонда кўп ëшлар ўқишга қийналаяпти. Университетларда кўпчилик талабалар ўзининг кундалик ташвишлари билан иш қидиришга мажбур бўлаяпти. Шартнома пулини тўлай олмаслиги сабабли ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлаëтган талабалар кўп. Мен бир нарсага ҳайронман: Нима учун 2009 йилни "Футбол йили" деб эълон қилмади? Чунки футболда катта ишлар қилинди. Сколарига 25 миллион доллар тўланди¸ 10 миллиондан ошиқроқ Ривалдога тўланди. Бу жуда катта харажат. Баркамол авлод йили деб эълон қилинган 2010 йилга иккита хорижлик мутахассисларга тўланган пул сарфланмайди, деб ўйлайман. Ҳозир қанчадан қанча талабалар оч юрибди. Ўзининг кунини ўтказиш учун ўқишдан чалғияпти. Шунча пулни чет элдан келган¸ бизларга унча катта фойдаси бўлмаган мутахассисларга бергандан кўра қийналаëтган талабаларга берсин. Улар Ўзбекистонга иккита мутахассисдан кўпроқ фойда келтиради¸ дейди Аҳмаджон.

Суҳбатдошимизга кўра, Ўзбекистон ҳукумати 20 йилдан бери ваъда беришдан нарига ўтмаяпти, берган ваъдаларининг ҳеч бўлмаганда биттасини бажармаган ҳукуматга қандай ишониш мумкин.

- Мен унга ишонмайман. Олдин ҳам “ëшларга эътибор берамиз” деган гаплар кўп гапирилган. Олдинги гапирилган гапларнинг бирортаси бўлмагандан кейин кейинги гапларига одам қандай қилиб ишонади? “Ëшларга кенг имкониятлар яратиб берамиз¸ мана буларни қилиб берамиз” дейишдан олдин ëшларни ўшанга тарбиялаш керак¸ ўқитиш керак. “Мактабларни замонавий жиҳозлаганмиз” дейди. Мактабларда интернет деган нарса ишламайди. Бошқа вилоятлардаги¸ туманлардаги коллежларга боринг бирорта ўқувчи топа олмайсиз. Қандай қилиб улар дарс олаяпти? У ерда журналлар номига тўлдирилади. Улар битириб чиққандан кейин қандай қилиб уларни малакали кадр қиламиз? Университетни энг зўр битирган талаба Европанинг мактабини битирган ўқувчисига тенг келмайди¸ дейди Аҳмаджон.

Лекин “ноумид шайтон” деганларидек, президент ваъдалари бу сафар бажарилар, ҳар қалай гаплари самимийга ўхшаяпти-ку. Масалан, Каримов “айни пайтда касб ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларини битириб чиқаётган ёшларимиз эгаллаётган энг замонавий билим ва кўникмаларини амалда жорий этиши учун уларни кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасига кенг жалб қилиш масаласига принципиал аҳамият берилиши ва бу вазифа дастурда ўзининг муносиб ўрнини топиши даркор”, дея таъкидлади.

Демакки, ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғуллана олишлари учун кенг имкониятлар берилиши мумкин келаси йилда.

Европага ўқишга келишидан аввал тадбиркорлик билан шуғулланган Аҳмаджон бу ваъдаларга ҳам ишонмайди.

Аҳмаджон: Ўзбекистонда шундай қонунлар борки¸ уларни амалга тадбиқ этиб бўлмайди. Бир мисол оладиган бўлсак¸ озиқ-овқат магазинларини кўпчилик ташкилотлар текширади. Биринчи текширадиган ташкилот солиқ¸ иккинчиси санэпидемстанция¸ яна биттаси санитарний милиция¸ кейин маҳалла комитети бор. Улар ҳар куни келади.

Озодлик: Маҳалла комитети ҳамми?

- Маҳалла комитети бир марта келган. Келиб “Маҳалла комитетига ëрдам қилинглар. Маҳалла комитетининг моддий техник базасини шакллантириш учун ëрдам беринглар. Кам таъминланган оилалар бор. Шуларга ëрдам беринглар” деган. Мен “Ака¸ мен ëрдам бераман. Лекин аввал мен ўзим ëрдамга муҳтожман. Ўзим ҳали кам таъминланган оилалар қаторига кираман. Ҳали мен ўз маблағимни қоплай олганим йўқ. Мен ишни янги бошлаган одамман. Мени тинч қўйинг. Налог келиб мени штраф қилиб кетди” деб тушунтирдим. Президентнинг мана бунақа қарори билан сизлар ëрдам беришинглар шарт деб келади. Яъни тадбиркорнинг пулига кўз олайтиради. Эгалик қилишга ҳаракат қилади¸ дейди Аҳмаджон.

Дарвоқе, жорий йилнинг сентябр ойида Жаҳон банки эълон қилган “Бизнес юритиш 2010” номли ҳисоботга кўра ҳам, Ўзбекистонда тадбиркорларга берилган имкониятларга оид прогнозлар некбин эмас.

Ҳисобот муаллифларидан бири Халқаро молия корпорациясининг таҳлилчиси Светлана Багаудинова Озодлик радиосига сентябрда берган суҳбатида ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг асосийси коррупциядир, деган эди.

- Коррупция масаласи ҳисоботда бевосита кўриб чиқилмаган. Лекин у ёки бу давлатдаги бизнесга доир қонун ва тартиблар ҳақидаги саволларда бу муаммо кўтарилади. Масалан, тадбиркорларга бериладиган саволлар орасида мамлакатга олиб кириладиган молларни божхонадан ўтказишда, пора тўланмаса, бу жараёнга қанча вақт кетади каби саволлар бор. Баъзи мамлакатларда порасиз, бу жараён узоқ вақт талаб этилиши аниқланган. Яъни коррупция муаммоси рейтингга билвосита таъсир қилади. Афсуски, Ўзбекистон рейтингимизда жуда паст ўринлардан бирини эгаллаган. Бу эса тадбиркорлик муҳити яхши эмаслиги ва тадбиркорлар дуч келадиган маъмурий тўсиқлар катта эканини кўрсатади, дейди тадқиқотчи.

Яна бир суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистон келажагини ўз қўлига олиши лозимлиги айтилаётган “баркамол авлод” вакили андижонлик тадбиркор Рустам ака.

- Фақат уруғ-аймоқчилик¸ таниш-билишчилик¸ порахўрлик. Фақат пулингиз бўлса¸ танишингиз бўлса¸ ишингиз битади¸ бўлмаса йўқ. Ë пулингиз ë танишингиз бўлиши керак. Ҳаромхўр бўлишингиз керак. Бир-бирининг ҳақини еб кетишлар¸ алдаб кетишлар вообше кўпайиб кетди. Умуман савдогарларнинг ҳаëтини сизга мақтай дейдиган бўлсам¸ мақтовга лойиқ айтиладиган бирорта сўз йўқ. Ëмонлай десангиз¸ луғатда ëмонлашга сўз йўқ¸ дейди Рустам ака.

Президент Каримов 5 сентябр кунги нутқида Ўзбекистондаги фаол аҳолининг 70 фоизидан ортиғи кичик тадбиркорлик билан шуғулланаётгани ва айнан шу йўналиш уларнинг нафақат асосий даромад манбайига айланаётгани, балки “дунёнинг барча ривожланган давлатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам шаклланиб келаётган ўрта синф бўлмиш мулкдорлар синфининг муҳим таркибий қисми, мамлакатимиз ижтимиоий-сиёсий ҳаётининг таянчи ва суянчи ҳисобланади”, дея таъкидлади.

Аҳмаджоннинг фикрича, ривожланган давлатларда кичик бизнес ва ўрта синф тушунчалари президент Ўзбекистонга нисбат бериб айтган тушунчалардан анча фарқ қилади.

- Ҳукумат кичик ва ўрта бизнес деганда бозорда олма ëки помидор сотиб ўтирган хотинларни ëки мактабларнинг олдида семичка сотиб ўтирганларни тушунса керак. Улар шароит йўқлигидан оиласига бирор нарса олиб бориш илинжида савдо-сотиққа ураяпти. Ҳозир ҳамма одамлар савдодан кунини кўраяпти. Қандай қилиб ойликка яшасин? Ўрта синф шаклланишига ëрдам бераяпти дейди. Бўлмаган гап. Ўрта синф бўлган давлат яхши давлат ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳозир унақа эмас. Ўзбекистон ҳозир камбағалларга ва бойларга ажралаяпти. Пул бир қисм одамнинг қўлига тўпланаяпти. Камбағал борган сари камбағаллашаяпти¸ бой борган сари бойиб кетаяпти. Ўрта қатлам йўқолаяпти. Бундан кейин ҳам йўқолади¸ дейди Аҳмаджон.

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи Ориф Ҳошимов ҳам Ўзбекистонда ўрта синф шаклланаётгани ҳақидаги гаплар ҳақиқатдан йироқ, дейди. Иқтисодчининг фикрича, ҳукумат жаҳон молиявий бўҳрони оқибатлари олди олинганини таъкидлашдан чарчамаётганига қарамасдан, инқироз, айниқса, ўзи ҳаминқадар аҳволда бўлган ўрта синф турмушини янада оғирлаштирди.

Ориф Ҳошимов: Кризис Ўзбекистонда шартли равишда ўрта қатлам деб ҳисоблаш мумкин бўлган 25 фоиз одамларнинг турмуш даражасига таъсир қилди деб айтиш мумкин. Кризис Ўзбекистоннинг ҳақиқий элитаси ҳисобланган беш фоиз одамнинг бойлигини янада оширди.

Озодлик: Қолган 70 фоиз нима бўлди?

- Қолган 70 фоиз ҳеч нарсани ҳис қилгани йўқ. Чунки уларда кризисдан аввал ҳам ҳеч нарса йўқ эди. Уларнинг кундалик ҳаëти элементар ибтидоий ташвишдан иборат эди. Қорин тўйғазиш ва шунинг атрофидаги масалалар. Оғир ва ўлимга олиб борадиган касалга дучор бўлган одамга қандай касал юқтиришингиздан қатъий назар унинг номи касал. Иккита оғир касалга эга бўлган одамнинг касалликлари сони яна биттага кўпайса¸ ҳеч нарса ўзгармайди¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон конституциясининг 17 йиллигига бағишланган маърузасини якунлар экан, “халқаро ҳамжамият ва тараққий топган мамлакатлар қаторига кўтарилиш учун ҳаракат қилаётган жамият, биринчи навбатда, бугун униб-ўсиб келаётган фарзандларининг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб ҳаётга кириб боришини ўзи учун энг улуғ, керак бўлса, энг муқаддас мақсад, деб билади”, деди.

Европада таҳсил олаётган Аҳмаджоннинг президент тезисларига муносабати бундай бўлди.

- Ҳозир халқнинг четга чиқиб кетгани ўзимизга ҳам¸ ҳукуматимизга ҳам яхши деб ўйлайман. Ўзбекистонда қолган одам ҳам маънавий жиҳатдан қийналади¸ ҳам мафкуравий жиҳатдан бузилади. Мана ҳозир Ўзбекистонда яшаëтган одамларнинг кўпчилиги порахўрликка¸ ноқонуний пул топишларга ўрганаяпти. Таълим системаси издан чиқиб кетган. Ўзбекистонда айни пайтда қолиб ишлаш¸ яхшилайман деб ҳаракат қилиш бефойда. Чунки тепада ўтирган одамлар бу нарсага йўл қўймайди. Улар фақат атрофини кўради. Унинг нариëғини кўрмайди ва уларни қизиқтирмайди ҳам. Ўзининг атрофи албатта яхши бўлади. Улар ҳукумат тепасида ўтиргандан кейи уларнинг атрофи яхши бўлади ва ҳамма нарса уларнинг кўзига яхши кўринади. Улар ташқарини кўра олмайди. Ташқарини кўрса¸ ақлига Ўзбекистондаги аҳвол етиб келади. Мен бир нарсани айтишим мумкин. Ҳукумат одамлари фақат бугунини ўйлайди. Улар стулга маҳкамроқ ўтиришни ўйлайди. Улар келажакни ўйлашдан ҳам қўрқади. Бош вазир курсидан айрилишдан қўрқади¸ бошқалари ҳам мансабдан айрилишдан қўрқади. Президент ҳам президентликдан кетишдан қўрқади. Келажак қоронғу¸ келажак жуда ҳам ëмон аҳволда¸ дейди Аҳмаджон.
XS
SM
MD
LG