Линклар

logo-print

"Афғонистонда муваффақиятга эришиш қийинроқ бўлади"


Афғонистон ва Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус фикрича, халқаро кучларнинг Афғонистонда муваффақиятга эришиши Ироққа нисбатан секинроқ бўлади.

Афғонистон ва Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус фикрича, халқаро кучларнинг Афғонистонда муваффақиятга эришиши Ироққа нисбатан секинроқ бўлади.

Ироққа қўшимча куч жойлаштириш операциясини муваффақиятли бажарган генерал Дэвид Петреус АҚШ конгресси аъзоларига Афғонистонда айни стратегияни қўллаш қисқа муддатда самара бериши эҳтимолдан йироқ эканини айтди.

Айни пайтда Афғонистон ва Ироқдаги АҚШ қўшинлари қўмондони генерал Дэвид Петреус фикрича, бу Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш имконсиз дегани эмас.

- Албатта бу Ироққа нисбатан қийин, бошқача ва қайсидир маънода мураккаб вазифа. 2007 йил февралида мен Ироқда қўмондонликни қабул қилиб олган пайтга таққослаганда, афғонистонликлар умидсиз эмас. Шубҳасиз, Ироқда зўравонлик даражаси ва тинч аҳоли ўртасидаги талафотлар кўлами Афғонистонга нисбатан кенгроқ эди. Бироқ Афғонистонда муваффақиятга эришиш қийин бўлади. Афғонистонда муваффақиятга эришиш Ироққа нисбатан секинроқ бўлади, деди АҚШ конгресси қўмитасида сўзлаган генерал Дэвид Петреус.

Сешанба куни Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитасида қилган чиқишида Афғонистондаги НАТО етакчилигидаги халқаро кучлар қўмондони генерал Стенли МакКристал, АҚШнинг Кобулдаги элчиси Карл Эйкенбери АҚШ президенти Барак Обаманинг янги афғон стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.

1 декабр куни Обама Толибон жангариларини енгишда ёрдам бериш учун Афғонистонга 30 минг аскардан иборат қўшимча куч жўнатиш ҳақида қарор қабул қилганини эълон қилганди. Айни пайтда Обама 2011 йил июлида АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш бошланиши маълум қилди.

Петреус ўз чиқишида янги стратегия Халқаро тинчликпарвар кучларга Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш имконини яратишини айтди.

- Мен АҚШ президенти ўтган ҳафта эълон қилган янги стратегия ва Афғонистонга қўшимча куч жўнатиш ҳақидаги қарор биз учун келаси 18 ой давомида муҳим вазифаларни, хусусан, толибларни енгиш, Афғонистон халқи хавфсизлигини таъминлаш, Афғонистон хавфсизлик кучлари имкониятини ошириш, Афғонистон ҳукуматининг бошқарув тизимини яхшилашда ёрдам бериш ҳамда эришилган муваффақиятга зарар етказмаган ҳолда АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишга қулай муҳит яратиш каби вазифларни бажариш имконини яратади, деди АҚШ армияси генерали.

Дэвид Петреус толиблар ва Ал-Қоида жангарилари хавфсиз бошпана топган Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятларида урушнинг иккинчи жабҳаси борлигини тан олди.

Покистон армияси қисмлари бир неча ойдан бери бу минтақада жангари гуруҳларга қарши уруш олиб бормоқда.

Генерал Петреусга кўра, Покистон ҳарбийлари олиб бораётган амалиётлар натижасида Толибон гуруҳларига жиддий зарар етказилган.

- Покистон фуқаролари ва ҳарбий қўмондонларининг экстремизмга қарши кураш йўлидаги қатъийлиги муваффақиятга эришишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, бу чегара минтақасида экстремист гуруҳлар ва Ал-Қойдани тугатиш йўлидаги уринишимизга ёрдам беради, деди АҚШ армияси генерал.

Сенатнинг Қуролли кучлар қўмитасида чиқиш қилган АҚШнинг Кобулдаги элчиси Карл Эйкенбери Афғонистондаги миссиянинг муваффақияти Поикстон-Афғонистон чегарасида хавфсиз бошпана топган Толибон ва Ал-Қоида жангариларининг тугатилишига боғлиқ деган фикрга қўшилишини айтди.

- Покистон ҳудудида хавфсиз бошпана топган Афғонистон толиблари ва уларнинг иттифоқчиларига қарши курашда муваффақиятга эришмай туриб Афғонистондаги уринишларимиз стратегик мақсадларимизга етиш имконини бериши эҳтимолдан йироқ кўринади, деди АҚШнинг Кобулдаги элчиси Карл Эйкенбери.

Сешанба кунги йиғилишда элчи Эйкенбери президент Барак Обаманинг Афғонистон бўйича стратегиясини “кенг кўламли ва тўғри” деб билишини айтди.
XS
SM
MD
LG