Линклар

Даъвогар суст бўлса...


Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотларининг сусткашлиги туфайли Тожикистонда сўнгги йилларда журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини маҳкамага тортиш ва шу йўл билан уларга босим ўтказиш ҳолатлари кўпайган.

Тожикистонлик таҳлилчилар фикрича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотларининг сусткашлиги туфайли Тожикистонда сўнгги йилларда журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини маҳкамага тортиш ва шу йўл билан уларга босим ўтказиш ҳолатлари кўпайган.

Тожикистонлик таҳлилчилар нодавлат ташкилотлари вакилларини мамлакатда инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун тренинг ва семинарлар ўтказиш билан чекланиб қолмай, расмийлар томонидан тожикистонликларнинг ҳуқуқи топталишига йўл қўймаслик учун амалий ҳаракатга ўтишга, даъват этмоқдалар.

Таҳлилчилар фикрича, нодавлат ташкилотлари одамларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тинч намойишлар, пикетлар ташкил қилиб, ҳукумат раҳбарларининг эътиборини тортиши керак. Айнан шу ишлар амалга оширилмаётгани учун, таҳлилчи Муҳсин Байрамзодага кўра, биргина Сўғд вилоятида сўнгги икки йил давомида бир қатор журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари маҳкамага тортилди, яна бир қанчаси ватанни тарк этишга мажбур бўлди.

- Тожикистонда инсон ҳуқуқлари Конституция томонидан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган бўлса-да, аслида бу гаплар қоғозда, холос. Чунки бугунги кунда республикада инсон ҳуқуқлари қай даражада эканлиги тўғрисидаги маълумот ошкор этилмайди. Биргина Хўжанд шаҳрини олсак, сўнгги икки йил давомида юздан ортиқ одамларнинг қамалиб кетганди. Улар орасида Ҳизбут-Таҳрир, Салафия, Байъат, Ёҳуво гувоҳлари аъзолари, ҳанузгача баҳсли бўлиб турган “жосуслар” бор. Наҳотки Ўзбекистондан келаётган дўстларимиз Тожикистонга жосус сифатида кириб келса... Мана шундай вазиятда республикада фаолият кўрсатаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар иши кўринмаяпти, дейди Мухсин Байрамзода.

Хўжанддаги Марказий Осиё ва Кавказ бўйича халқаро “Сайф” дастури вакили Шавкат Ҳошимовнинг сўзларига кўра, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият йилдан-йилга оғирлашмоқда.

- Асосий муаммо шундаки, тожикистонликларнинг ўзлари “Инсон ҳуқуқлари” деган тушунчани умуман билмайдилар. Улар “ҳамма нарса шундай бўлиши керак”, деган ақида билан яшаяптилар. Айтмоқчиманки, улар азалдан қолган тушунча билан – “уруш бўлмасин, тинчлик бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади” қабилида ҳаётдаги барча аччиқ-чучукка дош бериб келмоқдалар, дейди Шавкат Ҳошимов.

Суҳбатдошимизнинг фикрича, Тожикистонда инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча нодавлат ташкилоти фаолият кўрсатаётган бўлса-да, улар фақат семинар ва тренинглар ўтказиш билан шуғулланмоқда. Улар ҳуқуқ ҳимояси бўйича қайси давлатда қандай пикетлар ўтказилгани, намойишлар бўлгани ҳақида филмлар намойиш қилишади, лекин ўзлари қуруқ гап-сўздан нарига ўтишмайди.

Ўзбекистонга ҳам тез-тез қатнаб турувчи Шавкат Ҳошимов айтишича, қарийб ўн йилдирки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ташкилотлар фаолияти чеклаб қўйилган. Айниқса Андижон воқеаларидан кейин қўшни республикада ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқ кучайган.

- Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган нодавлат ташкилотларига Ўзбекистонда жуда ҳам қийин. Биз олаётган маълумотларга кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари терроризм, қўпорувчилик каби айблар билан мунтазам қамалмоқда. Тожикистонда бу масалада вазият бир мунча яхшироқ, дейди Шавкат Ҳошимов.

Хўжанддаги “Ёшлар ва тараққиёт” жамоатчилик институти директори Абдусамад Султоновнинг айтишича, бу икки қўшни давлатда инсон ҳуқуқларига риоя қилинмаётганига ажабланмаслик керак.

- Тожикистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам ҳукуматни бугун собиқ коммунистик тузумнинг кадрлари бошқармоқда. Шунинг учун ҳам бу мамлакатларда демократик бир ўзгаришлар бўлишига мен ишонмайман. Иш юритиш, давлатни бошқариш ҳам, ўша СССР давридагидек, бир шахснинг қўлида, ихтиёрида қолган. Бундай ҳолатда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапириш, менимча, кулгулидир. Назаримда, Марказий Осиёда демократик ўзгаришлар 20 ёки 30 йилдан кейин бўлади, дейди Абдусамад Султонов.
XS
SM
MD
LG