Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Ароқ қимматлайди! Ароқхўрлар камаядими?


2010 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда 1 шиша энг арзон ароқ ҳозиргидай 2000 сўмдан эмас, 2500 сўмдан сотилади.
2010 йилнинг 1 январидан Ўзбекистонда 1 шиша энг арзон ароқ ҳозиргидай 2000 сўмдан эмас, 2500 сўмдан сотилади.

Ўзбекистонда спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари нархи янги йилдан бошлаб сезиларли тарзда кўтарилиши кутилмоқда. Бунга Ўзбекистон ҳукуматининг 1 январдан бошлаб алкогол ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш акциз солиғи ставкасини 25-50 фоизга оширгани сабаб бўлди.

2010 йилнинг биринчи январидан бошлаб Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган алкогол маҳсулотлари, пиво, филтрли сигарет ва спиртга солиқ акцизлари ставкаси 25 фоизга ва филтрсиз сигаретлар учун 50 фоизга ошади. Бу ҳақда UzDaily.uz ахборот агентлиги хабар қилган.

Бу ўзгариш Ўзбекистон Олий Мажлиси қабул қилган 2010 йилнинг давлат бюджети лойиҳасида назарда тутилган.

Умуман олганда, бу янги йилдан бошлаб алгокол ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари нархи ошади деганидир. Қанчага ошади?

Биз бу ҳақда маълумот олиш учун Ўзбекистон Солиқ қўмитасига боғландик. Қўмита матбуот хизмати ходимаси “Бир соатдан сўнг барча саволларингизга жавоб берамиз” деганича, телефон гўшагини бошқа кўтармади.

Фарғона шаҳар солиқ инспекциясининг юридик шахслар билан ишлаш бўлими бошлиғи Абдубоқи Тешабоев эса саволларимизга мамнуният билан жавоб берди.

Абдубоқи акадан аввал “Акциз солиғининг ўзи нима?”, деб сўрадик.

- Акциз солиғини ишлаб чиқарувчи тўлайди. Ҳеч қачон сотувчи ёки бошқа тўламайди. Энди у ҳам қўшилган қиймат солиғига ўхшаб истеъмолчидан ундирилади. Ўша маҳсулотни ким ишлаб чиқарса, ўша ишлаб чиқарувчи ўша солиғни истеъмолчидан олиб, бюджетга тўлаб беради, - дейди Абдубоқи Тешабоев.

Акциз солиғи маҳсулот нархига қандай қўшилади?

- Ишлаб чиқарувчи корхона маҳсулотининг нархини калкуляция қилади. Мисол учун қанча хом ашё кетди, қанча меҳнат сарфланди, бошқа харажатларни ҳисоблагандан кейин маҳсулотнинг таннархи келиб чиқади.

Таннархга кейин ўзининг фойда олиш даражасини қўшади. Бу 10 фоизми, 20 фоизми, буни корхона ўзи мустақил белгилайди. Бозор иқтисоди шароитида биров уни “кўп қил ё кам қил”, деб айтолмайди.

Корхона ўзини фойдасини қўшгандан кеийн маҳсулотнинг улгуржи сотиш баҳоси келиб чиқади. Шу улгуржи сотиш баҳосига нисбатан президент қарорига кўра, бюджет параметрлари бўйича неча фоиз акциз солиғи белгиланган бўлса, ўша ставкада акциз солиғи қўшилади, - дейди Абдубоқи ака.

Биз Абдубоқи акадан тингловчиларга тушунарли бўлиши учун буни соддароқ қилиб тушунтириб беришни илтимос қилдик.

- Энди соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, тахминий ҳисоб - китобга кўра, масалан, маҳсулотнинг нархи 100 сўм бўладиган бўлса, акциз солиғи ставкаси 25 фоизга ошса, демак , 125 сўм бўлади, - дейди солиқ инспекцияси ходими Абдубоқи Тешабоев.

Сирдарёлик Баҳодирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда ароқнинг нархи 2000 сўмдан тортиб 5-6 минг ва ундан юқори. Кўп харид қилинадиган сигаретнинг нархи эса 800-900сўм.

Демак солиқ инспекцияси ходимининг изоҳига кўра, янги йилдан бошлаб 2000 сўмлик арзон ароқнинг нархи 2500минг сўм, 800 сўмлик сигаретнинг нархи 1000 сўмга кўтарилиши кутилмоқда.

Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатлашган аксарият ўзбекистонликлар алкогол ва тамаки маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларининг кўтарилганини хушнудлик билан қарши олмоқдалар.

- Ароқ ва сигаретга акциз солиғларини 100 фоизга оширса ҳам мен хурсанд бўламан. Ўзбекистонда ароқ жуда арзон ва жуда кўп ёшлар ароқхўр бўлиб кетмоқда, - дейди қўқонлик тадбиркор Ойбек ака.

Марғилонлик Ҳасанжон аканинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда ароқ-вино, пиво ва тамаки маҳсулотлари сотадиган дўконлар жуда кўпайиб кетди. Уларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Маҳаллий ҳокимиятлар ҳатто чойхоначиларни ҳам спиртли ичимликлар сотадиган бурчаклар очиб қўйишга мажбур қилмоқда:

- Ҳозир Фарғонада ароқ дўконлари жуда ҳам кўпайиб кетган. Ҳар қадамда бор, улар. Маҳаллий ҳокимият буйруқ билан ошхоналарга ва ҳатто чойхоналарга ҳам ароқ сотадиган буфетлар очтиряпти.

Билмайман нега, ичадиганлар ҳам жуда кўпайиб кетган. Мана, бир мисол, бизнинг маҳаллада юзта хонадон бўлса, шундан 80та хонадонда ичилади. Қолган 20тасининг 10таси ҳам ичадию, лекин ичишга пули йўқ. Қолган 10та хонадон Худодан қўрқиб ичмайди, холос.

Бошқа бир маҳаллада ўғлим яшайди, у ерда 15 хонадон бор. Улардан 14 хонадони ичади. Туғилган кунга кирасизми ёки бошқа бир маросимга кирасизми ҳамма жойда ароқ. Аҳоли ароқхўр бўлиб қолди,- дейди марғилонлик Ҳасанжон ака.
XS
SM
MD
LG