Линклар

logo-print

Обама:"Қўл қовуштириб ўтира олмайман"


Нобел мукофотини қабул қилиб олар экан, Барак Обама "Баъзан куч ишлатиш зарур дейишлик беадаблик эмас"лигини таъкидлади.

Нобел мукофотини қабул қилиб олар экан, Барак Обама "Баъзан куч ишлатиш зарур дейишлик беадаблик эмас"лигини таъкидлади.

АҚШ президенти Барак Обамага Норвегия пойтахти Осло шаҳрида Нобел Тинчлик мукофоти топширилди. Нобел қўмитаси Обаманинг халқаро дипломатия йўналишини ўзгартиргани ва глобал ядровий қуролсизланишга эришиш борасида қилган уринишларини юксак баҳолади.


Норвегия пойтахти Осло шаҳрида бўлиб ўтган тантанали маросимда АҚШ президенти Барак Обамага 2009 йилги Нобел Тинчлик мукофоти топширилди.

Нобел қўмитаси ушбу нуфузли мукофотни Обамага “халқаро дипломатияни мустаҳкамлаш ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш уринишлари” учун берганини эълон қилди.

Нобел қўмитаси раҳбари Торбëйерн Йогланд Обаманинг глобал ядровий қуролсизланишга эришиш борасида қилган уринишларини ҳам алоҳида қайд этди.

- "Ўтган йил давомида жаҳонда тинчлик учун энг кўп хизмат қилган шахс ким?" деган бир оддий савол олдимизда турган эди. Агар бу савол Алфред Нобел таъбири билан қўйилса, бунинг жавоби аниқ бўлади: бу АҚШ президенти Барак Обамадир. Камдан кам ҳолатда бир шахс Обама каби халқаро сиёсатда хукмронлик қила олади ёки қисқа фурсат ичида улкан ва муҳим ўзгаришларни амалга оширишда Обама каби ташаббускорлик кўрсата олади,-деди Нобел қўмитаси раҳбари.

Танқидчиларга кўра, Обама ушбу мукофотга лойиқ эмас, боиси январ ойида АҚШ президенти лавозимига киришгандан буён у бирон бир жиддий натижага эришмаган ва қолаверса, яқинда Афғонистонга қўшимча 30 минг ҳарбий юборишини эълон қилган.

Мукофотни қабул қилар экан Оқ уй раҳбари кўпчилик одамлар ушбу нуфузли мукофотни олиш учун ҳали етарлича иш қилмаганини айтаётганликларини тан олди. Обама, шунингдек, уруш баъзида зарурат экани ва баъзида бу каби ҳаракатлар ўзини оқлашини билдирди.

-Жаҳон қандай бўлса мен уни шундай қабул қиламан ва америкаликларга таҳдид бўлаётганини кўра туриб, мен қўл қовуштириб ўтира олмайман. Келинглар, ҳато қилмайлик. Ёвуз куч чиндан ҳам мавжуд. Қаршилик кўрсатмаслик сиёсати Гитлер армиясини тўхтата олмас эди. Музокаралар Ал-Қоидани ўз қуролини топширишга кўндира олмайди. Баъзан куч ишлатиш зарур дейиш, бу беадаблик эмас, балки тарихнинг, инсоният ва ақлнинг мукаммал эмаслигини тан олишдир,- деди АҚШ президенти.

Барак Обама Оқ уй раҳбари лавозимида ишлаб туриб Нобел мукофотини олаётган АҚШнинг учинчи президентидир. Обамадан аввал Теодор Рузвелт ва Вудроу Вилсон Нобел Тинчлик мукофотини олган.

Собиқ президент Жимми Картер Оқ уйни тарк қилгандан сўнг қарийиб 20 йил ўтиб, 2002 йилда Нобел Тинчлик мукофоти билан тақдирланган .
XS
SM
MD
LG