Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:36

Қийноқлар масаласи муҳокама қилинди


Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализоданинг айтишича, мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни камдан кам ҳолатларда учратиш мумкин.
Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализоданинг айтишича, мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид муаммоларни камдан кам ҳолатларда учратиш мумкин.

Душанбеда бошланган халқаро анжуманда маъруза қилган ЕХХТ вакиллари Тожикистонда ўлим жазоси бекор қилинмас, қамоқхоналарга эркин кириб-чиқишга рухсат берилмас, аёллар ва болалар ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ечим топмас экан, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни ижобий деб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

Душанбеда бошланган халқаро анжуман қатнашчилари Тожикистонда инсон ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани атрофида баҳслашди.

Мазкур тадбирда сўз олган Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг Тожикистондаги элчиси Ивар Вики Тожикистон ҳукуматидан мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қатор масалалар, жумладан, қийноқларнинг олдини олиш учун халқаро ташкилотлар билан тиғиз ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини тавсия этди.

- Гарчи Ўзбекистон қатор халқаро ташкилотлар томонидан “инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётган мамлакат” сифатида танилган эса-да, у Халқаро Қизил Хоч ташкилотига мамлакат қамоқхоналарини кўздан кечириш учун рухсат берган, - дея маълум қилди ЕХХТ расмийси.
Тадбир қатнашчиларининг аксарияти, Тожикистон 1995 йил БМТнинг қийноқларга қарши Конвенциясига имзо чеккан эса-да, жиноят содир этганликда гумонланиб қўлга олинаётган кишиларга нисбатан қийноқлар қўллаш, таҳдидлар қилиш камаймаётганидан ташвиш билдиришди.

-Гап шундаки, Тожикистонда ҳозиргача ўлим жазоси сақланиб қолинмоқда, дастлабки тергов жараёни ва қамоқхоналарда гумонланувчиларга нисбатан қийноқлар қўллаш ҳамда жамиятда аёллар ҳамда болалар ҳуқуқлари бот-бот поймол қилиниши кузатилмоқда, - дея билдирди “Переспектива +” ташкилоти раиси Ойниҳол Бобоназарова.

Унга кўра, Тожикистонда бу муаммоларни бартараф этиш учун кўп вақт керак бўлади.

Тожикистондаги ҳуқуқий Консорциум раиси Раҳматулло Зоиров жамиятда ҳанузгача инсон ҳуқуқлари қадрияти тўғри баҳоланмаганидан афсусланди.

- Миллий манфаатлар нуқтаи назаридан, Конституциямизнинг 5 моддасида таъкидланганидек қонун нуқтаи назаридан ҳам инсон қадру қиймати ҳамма нарсадан юқори. Бироқ бугун тожик жамиятида ҳукумат ёки давлат манфаатлари жамият ёки шахс манфаатларидан устун қўйилади, - деди Раҳматулло Зоиров.

Тожикистон Омбудсмени Зариф Ализода Тожикистон Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари қаторида аста-секин шаклланиб келаётгани, аммо шунга қарамай жамиятда мавжуд бу каби муаммоларни тугатиш борасида тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

-Сўнгги бир неча йил мобайнида Тожикистон ҳукумати инсон ҳуқуқларига риоя қилиш борасида зарур тадбирларни йўлга қўйди. Жумладан, мамлакатда Омбудсмен институтининг ташкил этилиши бунинг яққол далилидир. Бироқ тан олиш лозимки, жамиятимизда ҳамон инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар онда-сонда учраб туради. Аммо биз бу борада қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, халқаро ташкилотлар билан ишлар йўлга қўйилган, - деди тожик Омбудсмени.

Тадбир иштирокчилари,хусусан халқаро ташкилотлар вакиллари эса тожик жамиятида қийноқларнинг олдини олиш масаласида кўзга кўринарли бирор иш қилинмаганини бир неча бор такрорлашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича таҳлилий бюро раҳбари Зулфиқор Замонов тожик жамиятида қийноқларнинг мавжудлиги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ энг дардли муаммо эканини таъкидлади.

-Тожикистонда фаолият қилаётган халқаро ташкилотлар қаторида бизнинг идорамиз ҳам қийноқлар масаласини ўрганади. Ўтган икки йил мобайнида яқинлари дастлабки тергов жараёнида ва қамоқхоналарда қийноққа солинган 70 оила бизнинг идорамизга мурожат этди, - дейди Замонов.

Аснода Тожикистон расмийлари қийноқлар билан боғлиқ ҳолатлар қайдга олингани борасида аниқ бир маълумот бермай келишади.
Кузатувларга кўра, асосан Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли вақтинчалик сақлаш изоляторларида олиб бориладиган дастлабки тергов жараёнида ҳамда республикадаги айрим қамоқхоналарда гумонланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилади.

Эслатиш жоизки, халқаро Қизил ярим ой ташкилотининг Тожикистондаги ваколатхонаси бу мамлакат ҳукуматига бир неча марта мурожаат қилиб, қамоқхоналарга эмин-эркин кириб-чиқиш учун рухсат берилишини сўраган эди. Аммо шу кунгача бу ташкилот Тожикистон ҳукумати томонидан ижобий жавоб ололганича йўқ.
XS
SM
MD
LG