Линклар

logo-print

ҲРВ тадқиқотчиси: "Аминманки, бу провокация эди"


Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нуфузли ташкилот вакили Ўзбекистонда номаълум аёл томонидан калтакланган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи нуфузли ташкилот вакили Ўзбекистонда номаълум аёл томонидан калтакланган.

Ҳюман Райтс Вотч Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига тўсқинлик қилмасликка чақирди. Нуфузли ташкилотнинг 10 декабр куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукумати Қарши ва Марғилонда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ҳюман Райтс Вотч тадқиқотчиси Таня Локшина билан учрашишига тўсқинлик қилгани билдирилган.

Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти тадқиқотчиси Таня Локшина ноябр ойининг охиридан 7 декабргача Ўзбекистонда хизмат сафарида бўлди.

Таня Локшина Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонга қилган сафарини эслар экан, ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига мамлакат ичкарисида ишлаш жуда қийин эканлигини айтади.

- Мен Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши, ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноқлар қўлланилиши ҳолатларини ўрганиш учун борган эдим. Шунингдек, уюштирилган, сохта жиноятларда айбланган шахсларнинг қариндошлари билан учрашишни режалаштиргандим. Лекин Ўзбекистонда ишлашнинг умуман имкони йўқ. Фарғона ва Қаршида мен учрашмоқчи бўлган маҳаллий ҳуқуқ фаолларини милиция бўлимларига олиб кетиб, уларни мен шаҳарни тарк этгунимча ушлаб ўтиришди, - дейди Таня Локшина.

Таня учрашмоқчи бўлган ҳуқуқ фаоллари орасида қаршилик Нодир Аҳатов ҳам бор. Нодир Аҳатовнинг айтишича, уни 5 декабр куни эрталабдан кечгача милиция бўлимида ушлаб ўтиришган.

- Таня билан учраша олмадим. Таняни ҳам, мени ҳам босиб олиб кетишди. Мен Таня билан учрашиш учун маршруткада кетаётган пайтим милиция ходимлари машинада келиб, маршруткани тўхтатиб, мени ўзларининг Нексия машинасига босиб олиб кетишди. Мени милиция бўлимига олиб бориб, “Нима қиласиз, Таня билан учрашиб” , дейишди. “Биз ҳеч қайси давлатга бизнинг ички ишларимизга аралашишига йўл қўймаймиз”, дейишди. Мени эрталаб соат 9да ушлаб кетишиб, кечки соат 6.30 ларда уйга ташлаб кетишди, - дейди Нодир Аҳатов.

Қаршилик бошқа бир ҳуқуқ фаоли – Гулшан Қораева ҳам Таня Локшина билан учраша олмаганини айтади.

- 5 декабр куни бутун кўчамизни машиналар билан ўраб олишди. Нодир Аҳатов қўнғироқ қилиб, “Ҳюман Райтс Вотчдан Таня деган аёл келган. Сизнинг уйингизга яқин жойда турибди, уни кутиб олинг”, деди. Мен Таня билан учрашиш учун кўчага чиқсам, Қарши шаҳар милиция бўлимининг бошлиқ ўринбосари Ғофир Йўлдошев деган машинада келиб, менга “Чиқ машинага” деди. Мен бир маҳал Таня турган жойга қарасам, у жойида йўқ. Уни аллақачон олиб кетишган экан. Аҳвол ўзи маълум эди. Чунки 3 кун давомида уйимиз атрофини машина билан қўриқлашди, - дейди Гулшан Қораева.

Таня Локшинага кўра, у Гулшан Қораеванинг уйига кетаётганида нотаниш аёл унга ҳужум қилган.

-Қаршида менга нотаниш аёл хужум қилди. Мен юз фоиз аминманки, бу провакация эди. Маҳаллий куч ишлатар тузилмаларининг провакацияси эди. Нотаниш аёл бақира-чақира менга ташланиб, сочимдан юла бошлади. Мен одамлардан ёрдам сўраб қичқирдим. Лекин бунга ҳеч ким эътибор қаратмади.

Бир пайт қаердандир милиция ходими пайдо бўлиб, мени кўчада жанжал қўзғаганликда айблади. Мени Қарши шаҳар милиция бўлимига олиб бориб, ҳеч қандай тушунтиришсиз тўрт соат ушлаб ўтиришди. Бу вақт давомида мобил телефонимни ўчириб қўйишди. Кейин мени таксига ўтқазиб, Тошкентга жўнатиб юбордилар, - дейди Таня Локшина.

Таня Қаршидаги воқеалар Ўзбекистонда мунтазам кўриниш касб этганини айтади.

- Ўзбекистонда мен билан содир бўлган воқеалар маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан доимий равишда бўладиган ҳолат. Бу каби провакациялар, жанжал саҳналари, ҳужум саҳналари Ўзбекистон ҳуқуқ - тартибот идораларининг типик ҳаракатларидир,- дейди Таня Локшина.

Қаршидаги воқеадан кейин Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти баёнот билан чиқди.

Ушбу баёнот орқали мазкур ташкилот Ўзбекистон расмийларидан ҳуқуқ ҳимоячиларни таъқиб этишни, уларнинг ишларига тўсқинлик қилишни тўхтатишни ҳамда мамлакатда эркин ишлашларига имконият яратишни талаб қилади.

HRW маълумотига кўра, 2009 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда камида етти нафар ҳуқуқ ҳимоячи ва сиёсий фаоллар қўлга олинган, улардан уч нафари шавқатсиз калтакланган.

2008 йилда Ўзбекистон расмийлари Ҳюман Райтс Вотч ташкилотига аккредитация беришдан бош тортган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG