Линклар

Газ учун курашнинг янги босқичи

  • Фаррух Юсуфий

Туркманистон-Хитой газ қувурининг узунлиги 1800 километрга чўзилган.

Туркманистон-Хитой газ қувурининг узунлиги 1800 километрга чўзилган.

Келаси ҳафтада 550 километрлик қисми Ўзбекистон орқали ўтувчи Туркманистон – Хитой газ қувурининг ишга туширилиши билан Марказий Осиё давлатлари ўз гази учун янги бозор яратиш имконига эга бўлади. Бошқа томондан эса бу қувур Ғарб ва Шарқда минтақа табиий ресурслари учун бораётган курашни янада кучайтиради.

Туркманистоннинг Лебап вилоятидаги Сомонтепа газ конида ўтказиладиган расмий маросим 14 декабр кунига мўлжалланган. Расмий хабарга кўра, маросимда Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан Хитой раҳбари Ху Цзин Тао иштирок этади.

Баъзи маълумотларга кўра, тадбирда лойиҳада иштирок этаётган бошқа давлатлар, яъни Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг иштирок этиши ҳам кутилмоқда.

Президент Ислом Каримовнинг Туркманистонга боришни режалаштираётганини президент матбуот хизмати на тасдиқлади, на инкор қилди.

Айни пайтда “Ўзбекнефтегаз” ширкати матбуот котиби Елена Кимнинг Озодлик радиосига айтшича, Туркманистонда қувур ишга туширилгач, унинг Ўзбекистондан ўтадиган 530 километрлик қисми ҳам очилади.

- Аниқ санасини билмайману, қувурнинг Ўзбекистон қисми келаси ҳафта расман очилади. Режага кўра, қувур у ўтадиган барча мамлакатларда бирин-кетин очилади. Биздаги расмий маросимнинг дастури ва унда қатнашадиган меҳмонлар рўйхати ҳозирча қўлимда йўқ,- деди “Ўзбекнефтегаз” вакили.

«Туркманистон – Хитой газ қувурининг ишга туширилиши лойҳада қатнашаётган барча давлатлар учун яхши имкониятларни очиб беради», демоқда таҳлилчилар.

Москвадаги МДҲ институтининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Андрей Грозин газ қувурининг тўла ишга туширилиши учун бир неча йил ва катта сармоялар талаб қилинса-да, бу лойиҳа бир томондан Марказий Осиёдаги газни экспорт қилувчи давлатлар учун ҳам, Хитой учун ҳам ўта муҳим аҳамият касб этишини айтади.

- Минтақа давлатлари учун бу Хитой бозорига чиқишнинг янги имкониятини беради. Шунингдек, газни фақатгина Россия орқали экспорт қилишга муқобил йўналиш очилмоқда. Лекин ҳар доим ўз манфаатини кўзлаб иш қиладиган Хитой бу газ учун Европа нархларида тўламаслиги ҳам аниқ. Ҳатто ярмини ҳам тўламаси керак.

Шунинг учун яқин куларда очиладиган янги қувур, бу мамлакатлар учун экспорт йўналишлари ва ресурслар манбасини диверсификация қилиш, Россия газ монополистларига ва Европадаги истеъмолчиларга босим ўтказиш нуқтаи назаридан манфаатлидир. Яъни бу лойиҳа Марказий Осиё табиий ресурслари, хусусан, газ учун борадиган курашнинг бир элементига айланади, - дейди москвалик таҳлилчи.

Грозин фикрича, бугун Марказий Осиёда ягона энергетик тизим инқирозга учраётган пайтда, минтақанинг уч давлатини бирлаштирувчи газ қувурини ўзаро интеграция жараёни омили сифатида кўриш мумкин.

Газ қувурининг Ўзбекистон қисмини президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовга қарашли экани айтиладиган Зеромакс ширкати қурмоқда. Россиянинг Газпром ширкати Зеромаксда улуши борлиги инобатга олинса, Кремлнинг Марказий Осиё ресурслари учун курашда рақобатчилардан бири бўлган Хитой манфаатларига жавоб берадиган лойиҳада қатнашиши қизиқ туюлади.

Бундан ташқари, янги қувур Россиядан газ сотиб оладиган Хитойга газ нархи бўйича савдолашувларда бемалолроқ ҳаракат қилиш имконини бериши ҳам Москва манфаатларига мос келади, деб бўлмайди.

- Биласизми, менимча, Кремлни бу муаммо унчалик ташвига солаётгани йўқ. Мен россиялик турли экспертлар, жумладан, йирик энергетик ширкатларда ишлайдиган мутахассислар билан суҳбатлардан, «Москва билан Пекин ўртасида Марказий Осиё ресурсларини тақсимлашга оид қандайдир норасмий келишув бор», деган хулосага келганман.

Масалан, Россия экспертлари ва матбуоти Ғарбнинг ҳали қоғозда қолаётган лойиҳалари, хусусан, Набукко лойиҳасига кескин муносабат билдиргани, яқин кунларда ишга тушадиган Туркманистон-Хитой қувурига деярли ҳеч қандай реакциянинг бўлмагани бунга мисолдир, - дейди таҳлилчи Грозин.

Лондондаги Халқаро муносабатлар қироллик институтининг Россия ва Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчиси, профессор Филип Ҳэнсон бунинг ортида бошқа сабаблар борлигини айтади:

- Менимча, руслар Марказий Осиёдан шарққа, яъни Хитойга газ қувурининг тортилишига тўсқинлик қилиш истиқболсиз тадбир эканини бошиданоқ тушунган.

Набукко лойиҳасини эса улар ўзларининг “Жанубий Оқим” лойиҳасига катта рақобатчи, деб кўради. Шу сабабдан улар учун “Жанубий Оқим”ни қуриш билан бирга, бошқа ҳар қандай муқобил йўналишлар юзага келишининг олдини олиш Европа бозорини назорат қилиш нуқтаи назаридан муҳимдир.

Россия Набукко қувури орқали Европага оқиши эҳтимоли бўлган газни олдиндан сотиб олишга ҳаракат қилаётгани, яъни узоқ муддатли шартномаларни тузаётгани ҳам бежиз эмас. Лекин мен улар бунинг уддасидан чиқа олишига унчалик ишонмайман. Чунки Набукко лойиҳаси ҳали амалга ошмаган бўлса-да, бу борада жиддий қадамлар ташланган.

Бундан ташқари, “Жанубий Оқим”ни битказиш жуда қамматга тушади. Шунингдек, Россия учун яна бир муаммо – Европа газ бозори ҳозирда суюлтирилган газ истеъмолини ошириш имконларини кўриб чиқмоқда. Суюлтирилган газ эса дунёнинг турли минтақаларидан олиб келиниши мумкин.

Албатта, Европанинг табиий ресусрлар манбаларини диверсифкациялаш ҳаракатларини кучайтиришига кейинги бир-икки йилдаги воқеалар сабаб бўлди. Лекин нима бўлганда ҳам Россиянинг ғарбга етказиладиган газни назорат қилишдаги имконлари, шарқдаги бозорни назорат қилиш воситаларидан каттароқ бўлиб келган, - дейди “Чэтам хаус” профессори Филип Ҳэнсон.

Сомонтепа газ конидан бошланиб Хитойнинг Шинжонигача чўзиладиган қувурнинг узунлиги қарийб 1800 километрни ташкил қилади. Унинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган қисми 530 километр бўлади. Йилига 30 миллиард куб метр газни ўтказиш кучига эга газ қувурига Ўзбекистон ҳам ўзининг 10 миллиард куб метр газини солишга розилик берган.

Лекин “Ўзбекнефтегаз” ширкати матбуот вакилининг айтишича, ҳозирча ўзбек газини Хитойга сотиш ҳақида гап бораётгани йўқ.

Таҳлилчилар фикрича, Туркманистоннинг ўз газ заҳираларини бўрттириб кўрсатиши ва давом этаётган халқаро иқтисодий бўҳрон шароитида Марказий Осиёдаги янги конлар яқин истиқболда ўзлаштирилмаслиги инобатга олинса, минтақа давлатлари ҳозирча барча харидорлар эҳтиёжини қондира олиши ҳам савол остида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG