Линклар

Жаҳон банки ёрдам беради

  • Гулнора Равшан

Жаҳон банки Тожикистонга электр қуввати сотиб олишда ёрдам беради.

Жаҳон банки Тожикистонга электр қуввати сотиб олишда ёрдам беради.

Якунланган ҳафта сўнггида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашган Жаҳон банки вакили Моту Каниши ўз ташкилоти бир неча йилдан бери қиш мавсумида электр тақчиллигига дуч келаётган Тожикистонга бошқа давлатлардан электр қуввати импорт қилишга кўмаклашишини билдирди.

Жаҳон банки расмийси Моту Каниши ўз ташкилоти қиш мавсумида хориждан электр энергияси импорт қилишда Тожикистонга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

“Аммо, - дея уқтирган Жаҳон банки расмийси,-Тожикистон ҳукумати сотиб олинадиган бу электр қуввати фақат аҳоли эҳтиёжи учун сарфланишини кафолатлаши шарт”.

Кузатувчиларга кўра, Жаҳон банки ўз ҳисобидан ажратиладиган пуллар Тожикистондаги саноат корхоналари, хусусан “Талко” алюминий ишлаб чиқариш корхонасига сарфланишини истамайди.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича расмийси Моту Канишига кўра, бу йилги қиш Тожикистон учун узоқ ва оғир келиши эҳтимоли мавжуд.

- Тожикистонликларга қишдан чиқиш учун кўмаклашишнинг энг осон йўл - бу ташқаридан электр сотиб олишга маблағ ажратиш деб ўйлаймиз. Аммо бу йўналишда Жаҳон банки билан бирга Тожикистон ҳукумати ҳам ўз улушини қўшиши лозим. Шунинг билан бирга биз донор давлатларни Тожикистонга бу йўналишда кўмаклашишга даъват этамиз,- дея билдирди Жаҳон банки масъули.

Аммо у ўз ташкилоти Тожикистон учун ажратилажак маблағ ҳажмини эълон қилмади. Моту Канишининг билдиришича, электр энергияси импорти учун маблағ Тожикистон томонининг расмий мурожатидан сўнг ажратилади.

Аснода Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготармоғидан чиқиб кетишини расман эълон қилганидан сўнг Тожикистон учун Туркманистондан электр импорт қилиш имконсиз бўлиб қолди. Шу боис Тожикистон бу йилги қишнинг дастлабки кунлариданоқ электр тақчиллигига дуч келди.

Бундан бир неча муддат аввал Тожикистон президенти Имомали Раҳмон халқаро ташкилотларга мурожат қилиб, мамлакатдаги электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишни сўраган эди.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда бу мамлакат ўз ички заҳираларидан фойдаланмоқда экан. Бу манба жорий йилнинг октябр ойи охирларидан бошлаб мамалакатга электр қуввати импорт қилинмаганини маълум қилди.

Аснода республиканинг барча ҳудудларида эълон қилинган режага биноан мамлакат аҳолисининг аксарият қисми бир кеча кундузда тўрт соат электр билан таминланган.

-Ўтин ҳам йўқ, газ масаласи ҳам қийин, кўмир олиш керак, у учун ҳам пул керак, тўрт халта кўмир 80 сомоний ( тахминан 20 доллар - таҳририят), пул ҳам йўқ. Одамларга қанчалик қийин ҳозир, тутатиб -тутатиб бир азоблар билан бир чойнак чой қайнатиб ичамиз. Яна қаронғуда ўтиришни айтинг, болалар, қариялар инжиқлик қилишади, - дея зорланади Рудакий туманилик Олмахон исмли суҳбатдошимиз.

Олмахон ҳам бошқа тожикистонликлар сингари хорижий ташкилотлар кўмагисиз “Тожикистон ҳукумати бу йилги қишда республика аҳолисининг электрга бўлган эҳтиёжини қондира олмайди”, дея мулоҳаза билдирди.
XS
SM
MD
LG