Линклар

Қозоқлар Хитойга ижарага ер берилишига қарши


Олмаотада ўтган норозилик намойиши чоғида тадбир қатнашчилари Қозоғистон ва Хитой раҳбарлари номига петиция йўлламоқчи бўлдилар.

Олмаотада ўтган норозилик намойиши чоғида тадбир қатнашчилари Қозоғистон ва Хитой раҳбарлари номига петиция йўлламоқчи бўлдилар.

12 декабр куни Хитой халқ республикаси раиси Ху Цзин Таонинг Қозоғистонга икки кунлик расмий ташрифи бошланди. Айни шу куни Олмаотада Қозоғистон ҳукуматининг Хитойга бир миллион гектардан кўпроқ ерни ижарага бериши эҳтимоли муносабати билан норозилик акцияси бўлиб ўтди.

Кеча Хитойнинг Олмаотадаги бош консуллиги олдида қозоғистонликларнинг норозилик акцияси бўлиб ўтди. Тадбирда қатнашган 20 дан зиёд сиёсий партия ва жамоат ташкилотлари қозоқ ҳукуматининг Хитойга миллион гектардан кўпроқ ерни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун ижарага бериш режасига ўз норозиликларини билдирдилар.

- Биз бу ерга “Назарбоев кетсин”, деган талаб билан чиққанимиз йўқ, аммо унинг қозоқ ерини ҳар кимга тарқатишга ҳаққи йўқ. Биз қозоқ ҳукумати Хитойга қозоқ ерини бераётгани ҳақидаги хабарни эшитганимиз сабаб, Хитой консуллиги биноси олдига чиқишга мажбур бўлдик,- дейди норозилик акцияси иштирокчиларидан бири.

Эслатиб ўтсак, 4 декабр куни хорижлик сармоядолар Кенгаши мажлисида сўзга чиққан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Хитой ўз қишлоқ хўжалик лойиҳасини амалга ошириш учун қозоқ ҳукуматига бир миллион икки юз гектар ер ажратиш илтимоси билан мурожаат қилганини маълум қилди.

Аммо Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чэн Го Пин чоршанба куни қозоғистонлик журналистларга ўз ҳукумати қозоқ тарафига бу каби илтимос билан мурожаат қилганидан хабарсиз эканлигини маълум қилганди.

Бироқ Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида йиғилган намойишчилар Қозоғистон ва Хитой ҳукумати қозоқ халқини хабардор қилмай, аввалдан қозоқ ерини хитойликларга ажратишга келишиб олганлари ҳақидаги таҳминларини билдирдилар.

Хитой консуллиги олдида йиғилган намойишчилардан бири, мухолифатдаги “Свобода слова” газетасининг бош муҳаррири Гулжон Ергалиева ана шундай фикрда бўлганлардан биридир.

- Бундан ташқари, ҳозир маълум бўлишича, бир қанча вақт аввал Бош вазир Карим Масимов топшириғи билан Олмаота, Жанубий Қозоғистон, Павлодар ва Шарқий Қозоғистондаги ерларнинг аниқ кадастри ўтказилиши бошланган.

Бу ерларда қозоқлар ҳеч қачон етиштирмаган соя ва рапс каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш режаланмоқда. Демак, гап айнан хитойликлар бизнинг ерда ташкил этишни режалаштираётган плантациялар ҳақида кетмоқда. Агар хитойликларнинг таклифини шахсан президентнинг ўзи ошкор қилган бўлса, бу жиддий масала деб ҳисоблаймиз. Бизнинг ҳукумат раҳбарлари хитойликларнинг таклифига рад жавоби бермоғи лозим,- дейди Гулжон Ергалиева.

Қайд этиш жоизки, кеча Олмаотадаги Хитой Бош консуллиги олдида бўлиб ўтган норозилик акциясини қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларининг ўнлаб ҳодимлари кузатиб турдилар.

Полиция ходимлари намойиш иштирокчиларини қўрқитиш мақсадида норозилардан бирини куч билан машинага солиб, полиция маҳкамасига олиб кетишга ҳам уринди.

Хитой дипломатик ваколатхонаси олдида йиғилган норозилар Хитой раҳбари Ху Цзин Тао ва Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбари номига йўлланган норозилик петициясини консуллик ҳодимларига топшириш истагини билдирдилар.

“Биз Хитой Халқ Республикаси ҳукуматига ўз қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш мақсадида Қозоғистон ҳукуматига бир миллион гектардан кўпроқ ерни ижарага олиш таклифи билан мурожаат қилишликдан тийилишни сўраймиз. Хитойнинг Олмаотадаги Бош консуллигидан ушбу номани Хитой ҳукуматига тезкор равишда етказишини сўраймиз”, дея ёзилган норозилик петициясида.

Аммо Хитойнинг Олмаотадаги Бош консуллиги ҳодимларидан ҳеч бири намойишчилар олдига чиқиб, петицияни олгани йўқ. Бу ҳолатни изоҳлаган “Жас Алаш” газетасининг бош муҳаррири Рисбек Сарсенбоев Хитой консуллиги ҳодимларининг ҳаракати, уларнинг қозоқ жамоатчилиги фикрига беписандлик билан ёндашишидан далолат беришини айтди.

- Биз уларнинг ёнига меҳмон сифатида келганимиз йўқ. Биз ўз давлатимиз ерининг тақдири ҳақида қайғурганимиз учун келдик. Консуллик ҳодимларининг норозилик акцияси иштирокчилари олдига чиқмаганини эса, ҳурматсизлик сифатида қабул қилдик. Биз Қозоғистон фуқароларимиз ва улар бизнинг фикрга қулоқ тутишга мажбурлар,- деди Рисбек Сарсенбоев.

Илмий тадқиқотларининг катта қисмини Хитой ва унинг тарихини ўрганишга бағишлаган қозоғистонлик олим Мурод Авезов мазкур норозилик акцияси асосли эканини айтади:

- Мустақил ва суверен Қозоғистоннинг Хитой билан муносабатлар ўрнатишда катта тажрибаси бор. Умид қиламанки, президент Назарбоев Хитойга бизнинг ерни бериши ҳақида жамоатчиликка маълум қилган пайти, ушбу тажрибани ҳисобга олиб айтган.

Президент “Биз ерни берамиз”, дегани йўқ, у Хитой ерни сўраётгани ҳақида гапирди. Мен кўп йиллар давомида Хитойни ўрганган инсон сифатида эслатиб ўтмоқчиманки, Хитой билан муносабатда ўта эҳтиёт бўлмоқ керак.

Сабаби, гап бизнинг давлатимиз ҳавфсизлиги ҳақида кетмоқда. Хитойликлар нефт ва газ қувурлари ўтказишди. Хитой учун газ қувури шунчалик муҳимки, унинг очилишига ҳатто Ху Цзин Таонинг шахсан ўзи ташриф буюрмоқда.

Бизнинг синолог ва мутахассислар бир неча бор Хитойга газ ва нефт кераклиги, аммо ундан ҳам кўра кўпроқ Хитойга ўзининг Қозоғистондаги ҳоизрлигини қонунийлаштириш муҳимроқлигини айтишганди. Бу биз учун энг катта хавф,- дейди Мурод Авезов.

Олимнинг айтишича, хитойлик амалдорлар асрлар давомида пора бериш маданиятини яхши ўзлаштирганлари ва минтақа расмийларнинг пора эвазига стратегик жиҳатдан муҳим лойиҳаларга имзо чекишгача боришларидан ҳам хабардор эканликларини қўшимча қилади.
XS
SM
MD
LG