Линклар

Душанбеда Ислом ва демократия масаласи муҳокама қилинди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистондаги мусулмонларга қарши қаттиққўл сиёсат нафақат бу мамлакат ичида, балки минтақа бўйлаб аҳволнинг кескинлашишига сабаб бўлмоқда. Бу фикр 11 декабр куни Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман қатнашчилари томонидан айтилди.

Душанбе шаҳрида иккинчи бор ўтказилаётган “Ислом ва демократия” халқаро анжуманининг асосий мавзуси Ислом ва демократия муносабати ҳамда бу иккисининг жамиятда тутган ўрни масалалари бўлди.

Халқаро анжуман иштирокчиларидан айримлари демократия Ислом билан мувофиқлаша олмаётганини таъкидлашди. Европалик таҳлилчилар Тожикистон ҳукуматидан ўз сиёсатини демократик механизмлар доирасида Ислом билан мослаштиришни тавсия қилдилар.

Тожикистонда танилган дин уламоларидан бири Акбар Тўражонзода Ислом фаҳш ишлар, эркак ва аёлларнинг ўз жинсини ўзгартириши, ароқ ичиш каби номаъқул ишлардан қайтаргани ҳолда, бошқа демократик қадриятларга зид эмаслигини таъкидлади.

- Исломда инсон ўзига Оллоҳ томонидан берилган беш нарсани йўққа чиқаришга ҳаққи йўқ. Яъни у имони, ақлидан кеча олмайди, маст бўлиб, обрўси, мулки ва тирикчилигига зиён етказишга ҳақсиз. Ислом бу илоҳий неъматларга тўғридан-тўғри зарар етказилишини таъқиқлаган, деди Тожикистон юқори палатаси вакили Акбар Тўражонзода.

Ўз сўзида тожикистонлик олим Ғарбнинг ислом дунёсига нисбатан ғайридемократик муносабатда бўлаётганини танқид қилди.

Қирғизистондаги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат “ таҳлилий маркази раиси Қодир Маликов фикрича, “Ислом демократиядан устун”.

- Ҳаммамиз яхши биламизки, албатта ислом демократиядан юқори туради. Чунки Ислом ҳаётнинг барча томонларини ўз ичига олувчи ва уни тартибга солувчи диний тизимдир. Айни пайтда демократия бу жамият ва давлатни бошқариш сиёсий воситасидир. Бирлаштириш вазифасини шу восита, яъни демократия ўтайди. Демократиядан тўғри фойдаланиш жамиятда ислом устуворлиги учун хизмат қилади, дея таъкидлади қирғизистонлик вакил.

Маликов фикрича, минтақанинг авторитар режимга эга давлатларида демократиядан бирлаштирувчи восита сифатидан фойдаланилмайди. Таҳлилчи, хусусан, Ўзбекистон расмийларининг диндорларга бўлаётган муносабатига алоҳида тўхталди.

- Бу масалада Ўзбекистондаги аҳвол боши берк кўчага кириб қолган ва унинг шундай давом этиши вазиятни издан чиқариши мумкин. Зеро, давлатнинг дин ва дин вакилларига нисбатан юргизаётган сиёсатини ҳазм қилиш қийин, албатта бу жамоатчилик норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда. Давлат, хусусан, Ислом Каримовнинг бу борадаги сиёсати мамлакатда сиёсий исломнинг емирилишига олиб келмоқда, деди Қодир Маликов.

Тожикистон президенти қошидаги стратегик тадқиқотлар маркази ходими Фаррух Умаров Марказий Осиё давлатларида Ислом ва унинг ўрни минтақа мамлакатлари ҳукуматларининг унга нисбатан муносабати билан белгиланишини таъкидлар экан, Ўзбекистон билан Тожикистоннинг бу йўналишда юритаётган сиёсати бир-биридан тубдан фарқ қилишини таъкидлади.

- Исломий фаолиятни таъқиқлаш мусулмонларнинг бунга нисбатан жавоб реакциясига туртки бўлиши ва натижада турли ноқонуний амалиётлар келтириб чиқариши табиий. Масалан, Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолияти фикримиз далилидир, дейди Тожикистон расмийси.

Айни пайтда анжуман ташкилотчиларидан бўлган Германиянинг Роза Люксембург жамғармаси раиси Арне Зайферт Тожикистон ҳукуматига “жамиятнинг исломийлашаётганини кўрмаганга олмаслик”ни тавсия этди. Зайферт жаноблари фикрича, айни пайтда Тожикистонда исломни бутунлай давлат назоратига олиш жараёни давом этмоқда.

- Дин ва унинг вакиллари ҳамда жамиятни тарбиялаган маданий-мазҳабий қадриятлар воқелиги билан фаолиятни мувофиқлаштири сиёсий иқтидорни сақлаб қолишдаги табиий заруратдир, дер экан германиялик меҳмон дин ва демократия ўртасидаги мавжуд муаммоларни мулоқот йўли билан ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG