Линклар

Россия 2008 йилда Грузия билан бўлиб ўтган ҳарбий можародан сўнг Абхазия мустақиллигини тан олгандан буён ўлкада биринчи бор президент сайлови ўтказилди.

Абхазия президенти Сергей Багапш Грузиянинг ушбу айирмачи ўлкасида бўлиб ўтган сайловда ғолиб топилди.

Россия 2008 йилда Абхазия мустақиллигини тан олгандан буён бу ўлка тарихида биринчи бор ўтказилган президент сайлови бўлди.

2008 йилнинг август ойида Россия ва Грузия ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли ҳарбий можародан сўнг расмий Москва Грузиянинг икки айирмачи ўлкаси Абхазия ва Жанубий Осетия мустақиллигини тан олган эди.

Абхазия Марказий сайлов комиссиясига кўра, 12 декабр кунги сайловда ўлка етакчиси Сергей Багапш сайловчиларнинг 59.4 фоиз овозини қўлга киритган.

Унинг асосий рақиби, собиқ вице-президент ва КГБнинг собиқ агенти Раул Хажимба 15.4 фоиз овоз йиққан.

Айни пайтда Абхазия сайловини кузатган россиялик кузатувчилар 12 декабр кунги сайлов адолатли ва ҳаққоний тарзда ўтказилганини таъкидладилар. Бироқ президентликка номзод Раул Хажимба сайлов давомида жиддий қонунбузарчиликларга йўл қўйилганини таъкидлаб, сайлов расмий натижаларига қарши шикоят аризаси топишириш билан таҳдид қилди.

Ўлкада ўтказилган 2004 йилги президент сайловида ҳам Багапш ва Хажимба ўзаро куч синашган ва сайлов натижалари номзодлар ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлган.

Айни пайтда Абхазиядаги сайловларни жойидан туриб кузатган Озодлик радиоси журналисти ва Кавказ бўйича эксперт Андрей Бабицкий 12 декабр кунги сайловни кўпгина хорижлик кузатувчилар назорат қилганини айтар экан, кузатувчиларнинг қайси ташкилот номидан келганини аниқлаш қийин эканини таъкидлади:

- У ерда Европа ва АҚШдан келган кузатувчилар бор. Бироқ уларнинг қайси ташкилотдан келгани аниқ эмас. Бундан ташқари, МДҲ давлатлари ва Венесуэла каби давлатлардан келганлар бор, хуллас, кузатувчилар жудаям кўп. Мисол учун Финляндия, Европанинг бошқа давлатлари, Полшадан келган кузатувчилар бор. Фикримча, мустақил кузатувчилар ҳам у ерга борган. Сайловни кўп журналистлар ҳам ёритиб бормоқда, деди Андрей Бабицкий.

Абхазия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, шанба кунги сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 130 минг фуқародан 70 фоизи иштирок этган.

Абхазияда, шунингдек, 40 мингга яқин этник грузин истиқомат қилади. Бироқ Абхазия паспортига эга бўлмагани учун этник грузинлар ўлкадаги сайловда қатнаша олмайдилар.

Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Абхазияда бошланган урушдан сўнг 200 мингга яқин этник грузин Абхазиядан қочишга мажбур бўлган.

Айни пайтда Грузия Абхазия ва яна бир айирмачи ўлка Жанубий Осетияни ҳануз ўз ҳудуди деб билади. Расмий Тбилиси Абхазиядаги сайловни Россия томонидан саҳналаштирилган “комедия”, дея атади.
XS
SM
MD
LG