Линклар

13 декабр куни Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари икки давлат чегараларида фуқаролар қатнови билан боғлиқ ҳолатни енгиллаштириш бўйича келишиб олдилар.

Туркман ҳукуматининг “Олтин аср” расмий сайтида ёзилишича, Ашхободда Ислом Каримов билан Қурбанқули Бердимухаммедов “Икки давлат ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатнови ва чегараолди вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида”ги битимга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги баённомани имзоладилар.

Икки давлат чегараларида яшовчи фуқаролар бу янгиликни эшитиб хурсанд бўлишлари табиий.

Хоразмлик Розагул опанинг Тошҳовуз шаҳрида жуда кўп қариндошлари яшайди.

Розагул опага кўра, чегара муаммолари бўйича қариндошларидан тез-тез хабар олиш имкони йўқ.

- Чегарадан саккиз доллар тўлаб ўтамиз. Яна ойда фақат бир марта ўтиш мумкин. Қариндошларимизникида тўй ва маъракалар бўлса, ҳатто бора олмаймиз ҳам. Агар чегараларни очиб қўйишса, жуда яхши бўларди, дейди Роза опа.

Айни пайтда амалдаги қонунлар бўйича чегара бўйида яшовчи ўзбекистонликлар чегара постлари орқали эмин-эркин Туркманистонга, туркманистонликлар эса Ўзбекистонга ўта олишлари мумкин.

Лекин бу борди-келди 8 АҚШ доллари эвазига бир ойда фақат бир марта амалга оширилишига рухсат бор, холос.

“Икки давлат ўртасида фуқароларнинг ўзаро қатнови ва чегараолди вилоятларида яшовчи фуқароларга енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида”ги битим 2004 йил 19 ноябр куни Бухорода Ислом Каримов ва Сапармурод Ниёзов томонидан имзоланган эди.

Хоразмдаги “Нажот” ташкилоти маълумотига кўра, кейинги ўн йил давомида ўзбек-туркман чегарасида 62 нафар ўзбекистонлик фуқаро туркман чегарачилари томонидан отиб ўлдирилган.

Мавзу тафсилотлари билан кун давомида танишасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG