Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:55

Одил Ëқубов оғир аҳволда шифохонада қолмоқда


Одил Ëқубов мустақилликдан кейин "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.
Одил Ëқубов мустақилликдан кейин "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланган.

“Севимли ëзувчимиз Одил Ëқубов оғир аҳволда касалхонада ëтибди. Докторлар унинг аҳволи анча оғирлигини айтишаяпти. Одил ака¸ шогирдларингиз¸ ўқувчиларингиз Сизнинг тузалиб кетишингизни хоҳлаб¸ Яратгандан Сизга шифо сўрайди."

"Сизнинг асарларингиз ҳар томонлама мукаммаллиги билан ажралиб¸ ўзбек адабиëтида энг юқори ўринларда туради. Майли¸ ҳозирча Сиздан янги асарлар ëзинг¸ деб сўрамаймиз¸ фақат Сиздан тузалиб кетишингизни кутамиз.”

Бу – Озодлик электрон почтасига 14 декабр куни ўзини Орзугул деб таништирган муштарийдан келган мактуб. Бу хабар ортидан дарҳол таниқли ëзувчи хонадонига сим қоқдик.

Телефон гўшагини кўтарган Одил Ëқубовнинг турмуш ўртоғи мактубда билдирилган хабарни тасдиқлади.

- Аҳволлари яхшимас. Ўшанга бир нарса дейишим қийин. Иккинчи стационарда ëтибдилар. Анча нарса безовта қилаяпти. Мен ҳозир кўп нарса гапира олмайман. Реанимацияда ëтибдилар. Унча ëрдам ҳам керак бўлмай турибди. Гапирмаяптилар. Ўзи оëқлари майиб бўлган эди. Биринчи стационарда ëтқизган эдик. “Операция мумкин эмас. Ëшлари тўғри келмайди” деб операция қилишмади. Икки ҳафта ўша ерда ëтиб чиқди. Кейин уйда 10 кунча ëтгандан кейин яна мазалари бўлмай қолди. Кейинги сафар иккинчи стационарга олишди. Яхши қарашаяпти. Фақат ўшаларнинг парвариши билан турибдилар. Бизлар ҳам борамиз¸ кетамиз¸ борамиз¸ кетамиз. У ëқда 5-10 минутдан ортиқ ушлаб турмайди. Уйга олиб келиб ўзимиз давом эттирайлик десак¸ хавфли¸ дейди ëзувчининг турмуш ўртоғи хавотир тўла бир оҳангда.

83 яшар таниқли ëзувчи кўп йиллардан бери Ўзбекистондаги тантана ва тадбирларда кўринмай қолган¸ оммавий ахборот воситаларида ҳам чиқиш қилмай қўйган эди.

Буни айрим манбалар¸ Одил Ëқубовнинг аксар ижодкорлар каби Оқсаройга маддоҳлик қилмаëтгани¸ аксинча¸ халқнинг бугунги ташвишидан самимий изтироб чекаëтгани билан изоҳлаëтган эдилар.

Озодликда тез-тез фикр билдириб турган таниқли ëзувчи бундан бир йилча аввал¸ туркий халқларнинг буюк ëзувчиси Чингиз Айтматов ўлими муносабати билан гапирган эди.

- Аллоҳ таоло Чингизга шундай катта бир истеъдод инъом этган эдики, нима ҳақида ëзмасин инсонни қалбидаги энг нозик торларигача черта олар, агар қайғу ҳақида гапирса йиғлатмасдан қўймас, агар кулдиргиси келса, қотириб-қотириб кулдирар эди.
У буюк инсон эди. Оламга 1000 йилда, балки 10.000 йилда бир маротаба келадиган буюк инсон эди. Бирор мамлакат йўқки, Чингизни ўқимаган, инсон йўқки, унинг дардли онларни тасвирлаганда йиғламаган, кулгили нарсаларни айтганда кулмаган. У бизнинг дўстимиз эди. У душманимиз эмас эди. У келиб, шу ерда 10-15 кунлаб ëтиб, Ўрта Осиë халқлари бошини бириктириш ишига озгина бўлса ҳам хизмат қилай, дейдиган одам эди. У ўзбек халқининг бутун ташвишлари, бутун қийинчиликлари, бутун азобу роҳатларини - ҳаммасини билар эди¸ деган эди Чингиз Айтматовга айтган алвидосида Одил Ëқубов.

“Улуғбек хазинаси”¸ “Диëнат”¸ “Кўҳна дунë” каби мажҳур романлар муаллифи бўлган Одил Ëқубов¸ узоқ йиллар Ўзбекистон адабиëти ва санъати газетасига бош муҳаррирлик қилди¸ Ўзбекистон Ëзувчилар уюшмасига раислик қилди; "Ўзбекистон халқ ëзувчиси"¸ "Ҳамза" ва "Эл-юрт ҳурмати" мукофоти ва орденлари билан тақдирланди.

Озодлик таҳририяти ҳам¸ ўзбек отахон адибининг минглаб мухлислари каби Одил Ëқубовнинг тезроқ тузалишини тилаб қолади.
XS
SM
MD
LG