Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:32

Ўзбек сўми йириклашадими?


Оддий ўзбекистонликлар бир ҳафталик бозорини қилиш учун лозим пул аллақачон чўнтакка сиғмай қолганини айтишади.
Оддий ўзбекистонликлар бир ҳафталик бозорини қилиш учун лозим пул аллақачон чўнтакка сиғмай қолганини айтишади.

"Янги йилдан Ўзбекистонда 5000 ва 10 000 сўмлик пул бирликлари мумомалага чиқарилади." “Uzmetronom” интернет газетасининг ўз манбаларига таяниб тарқатган бу хабари¸ ҳозирча Ўзбекистон банклари томонидан тасдиқланмади.

Ўзбекистондаги мустақил интернет газетасига кўра¸ янги пул бирликлари режаланган миқдорда босилган ва 2010 йил бошидан муомалага киритишга ҳозирлаб қўйилган.

“Uzmetronom” сайтининг2010 йилнинг январ ойидан сўнг Ўзбекистонда 5000 ва 10000 сўмлик банкноталарнинг муомалага чиқарилиши ҳақидаги хабари ҳозирча расман тасдиқлангани йўқ.

Ўзбекистондаги аксар банклар ҳали бу ҳақда хабар олмаганликлари ва муҳими, бундай хабарлар одатан сир сақланиши ҳақида гапирмоқдалар.

- Йўқ¸ бизда ҳали бунақа маълумот йўқ. Бунинг қачон бўлиши сир сақланадию. Агар чиқса¸ биринчи 5000 сўмлик чиқади. Иккита катта пул баробар чиқмайди. Ë мустақиллик ë конституцияга муомалага киритилиши мумкин. Агар пулларни кўрган бўлсангиз¸ ҳеч янги йилга чиқмаган пуллар. 1000 сўмлик мустақилликка чиққан¸ дейди биз билан суҳбатда бўлган банк ходими.

Аммо баъзи банк ходимлари 5000 сўмлик пул бирлиги чиқарилиши зарурати ҳақида уч-тўрт йилдан буён гапирилаётганини қўшимча қилар экан, бу ҳақда бирор қарор қилингани ёхуд қилинмагани ҳақида ҳали ҳеч гап йўқлигини айтмоқда.

Бироқ, аҳоли орасида, бозорларда катта миқдордаги пул бирлиги муомалага чиқарилиши ҳақидаги гаплар бундан бир йилча муқаддам пайдо бўлган.

Ўзбекистонлик суҳбатдошларимиз, айниқса, бир АҚШ долларига нисбатан ўзбек сўмининг қиймати 1300 сўмдан бирданига 2000 сўмга кўтарилиб кетганидан бундай гап-сўзлар кучайиб кетганини айтмоқда.

Буни эътироф этган суҳбатдошимиз, ҳисобчи Аҳмаджон Мамуров Ўзбекистонда энг йирик пул бирлиги саналган 1000 ўзбек сўми аслида мумолада қўлланилаётган асосий оммабоп пул бирлигига айланиб қолган, дейди.

Ўзбекистонда ҳозир расман муомалада ҳисобланган майда қоғоз пул бирликлари — 50, 100 сўмликлар эса одамлар қўлида деярли кўринмай қолган.

Аҳмаджон Мамуров: 50 сўмлик умуман ҳеч қаерда кўринмай қолди. 100 сўмлик бор. Зўрға юриб турибди охирги нафасларини олиб.

Озодлик: 100 сўмга нима олса бўлади ҳозир?

Аҳмаджон Мамуров: Газ буткада яхшилаб илтимос қилсангиз¸ бир стакан сув қуйиб беради. Бўлмаса у ҳам ҳозир 150 сўм деб турибди. Унинг кўриниши ҳам сийқаси чиқиб кетиб¸ киссада юравериб нима бўлиб қолди. Мен янгисини кўрмадим.

Озодлик: Янги 200 сўмликни кўрдингизми?

Аҳмаджон Мамуров: Ҳа¸ бор. Ҳар-ҳар замонда кўраман.

Озодлик: Янги 500 сўмлик бор-а?

Аҳмаджон Мамуров: Ҳа¸ улар бор.

Озодлик: Халқнинг ўртасида энг кўп ишлатиладиган майда пул қайси бўлиб қолди ҳозир?

- 500 сўмлик ва 1000 сўмлик ишлаяпти фақат, дейди ўзбекистонлик ҳисобчи Аҳмаджон Мамуров.

Унинг хулосасига кўра, аслида пул бирликларини йириклаштиришга эҳтиёж бор. Аммо, 5000 – 10 000 сўмлик пул бирликларининг чиқарилиши Ўзбекистоннинг бугунги иқтисодий шароитида фақатгина инфляцияни кучайтиради. Зеро, бундай пул ислоҳотини қувватлайдиган ишлаб чиқариш саноати йўқ, дейди Аҳмаджон Мамуров.

Бу фикрни фарғоналик зиёли Шарифжон ака ҳам қувватлайди.

Мисол учун, 100 сўмлик пулни кўрмаганига анча бўлганини айтаётган Шарифжон ака 200 сўмликни сўнгги бор бозорда қайтим учун олганини эслайди. Яъни, аҳоли турмуш даражаси анча оғир ҳисобланган Фарғона водийсида ҳам муомаладаги асосий пул бирликлари 500 ва 1000 сўмликлардир.

Бу суҳбатдошимиз, мамлакатнинг бугунги иқтисодий шароитида 5000 – 10 000 сўмлик қоғоз пуллар муомалага киритилса, тез орада бу пул бирликлари ҳам худди 1000 сўмлик каби беқадр бўлади, деган хулосада.

Шарифжон ака: 5000-10000 сўмликлар чиққани билан иқтисодни ўзгартирмайди. Пулнинг қадри кетади. Пул қадрсизланиб¸ товарларнинг нархи яна ошиб кетади. Пул чиқарган билан уни товар билан таъминламагандан кейин бефойда. Жамиятни ҳеч қанақа олдинга силжитмайди.

Озодлик: Масалан 5000-10000 сўмлик чиқса¸ бир халта пул чўнтакка сиғадиган даражага келиб қолиши мумкин. Шунда одамларга қулайлик бўлмайдими?

- Қоғозни чиқариб юборгандан кейин баъзан унга етарли нима бўлмагандан кейин пул қадрсизланаверади. Йўқ пулни чиқариш билан баробар бўлиб қолади. Унинг ўрнига товарларни кўпайтириш керак. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш керак. 5000-10000 сўмликни чиқарган билан қадрсизланади барибир. Мана ҳозир 1000 сўмликнинг ҳам қадри кетиб бўлди¸ дейди фарғоналик зиёли Шарифжон ака.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бу каби ўзбекистонликлар ўзбек сўми банкноталарининг йириклаштирилишидан, асосан, инфляция даражаси кучайиб яна нархлар ошиши мумкин, деган хавотирни илгари сурмоқда.

Аммо, ўзбекистонлик иқтисодчи Орифжон Ҳошимов жуда кўпчиликда шаклланган бу хавотир аслида нотўғри, деган фикрда.

Унга кўра, ўзбек сўмининг номинал қийматини йириклаштириш зарурати аллақачон пайдо бўлган ва агар бундай қарор қабул қилинса, бундай аҳолига ҳам мамлакат иқтисодига ҳам аслида фақат фойда бўлади.

Ориф Ҳошимов: Расмий матбуотга кўра¸ ўртача иш ҳақи 300 долларни ташкил этади ҳозир. Расмий курс бўйича 450 мингни ташкил этади. Ўзбекистонда 11 миллиондан ортиқ ишчи кучи мавжуд. Рақамларни чақиб олингда¸ ўзингиз тасаввур қилиб олинг бир ойда керак бўладиган нақд пул массасини. Уни килограммларга¸ тонналарга ўтказинг. Бу пулларни бир жойдан иккинчи жойга етказиш¸ уларни қайта санаш билан боғлиқ харажатларни тасаввур қилаверинг. Ҳозир исталган тижорат банкига телефон қилсангиз¸ ҳар бир бўлимида шу ишни 10 нафар одам бажарган бўлса¸ ҳозир 30 нафар одам бажаради. Бу ўз ўзидан меҳнат ресурслари билан боғлиқ харажат. 5000-10 000 сўмлик пул бирликларининг чиқиши бу харажатларни кескин камайтириб юборади.

Кейин яна битта нарса бор. Нақд пул бирликлари майда бирликларга айланиб кетгандан кейин иқтисодиëтда долларлаштириш¸ деган ҳолат юзага келади. Ҳозир Тошкентда ўртача сотиладиган ҳовлининг нархи 250 минг доллардан 300 минг долларгача нархни ташкил этади. Шуни ҳозирги курс бўйича сўмга чақинг қанча суммани ташкил этади. Шунча миқдордаги пулнинг битта жисмоний шахсдан иккинчи жисмоний шахсга тақдим этилишини тасаввур қилинг. Пул бизнинг ҳозирги шароитимизда жамғариш функциясини йўқотиб бўлди. Бунинг сабабларидан биттаси айнан йирик пул бирликларинигн мавжуд эмаслиги.

Озодлик: Январдан бошлаб янги 5000-10 000 сўмликлар муомалага киритилиши мумкин¸ деган хабарлар бор. Бу расман тасдиқлангани йўқ. Бўлиши мумкинми шу?

Ориф Ҳошимов: Процедура ўлароқ иродали қарор қабул қилинганда¸ бу тўғридаги тайëргарлик ишлари 2009 йил 10 декабргача якунланиши лозим эди. Бу тўғрида матбуотда аниқ расмий маълумот берилиши керак эди жамоатчиликка. Бунақа ҳатти-ҳаракатлар бўлгани йўқ. Буни Марказий банк ҳатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки¸ миш-мишдан бошқа нарса эмас.

Озодлик: Шу пул бирликларига эҳтиëж 2002-2005 йиллардан бери бор эди деяпсиз. Нимага янги пул бирликлари чиқарилмаëтган экан?

- Буни ҳеч ким гапирмайди. Чунки бу тўғридаги қарорни ким қабул қилиши ҳаммага маълум¸ дейди Ориф Ҳошимов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Орифжон Ҳошимов ҳам, бошқа иқтисодчилар ҳам пул бирликларининг йириклаштирилиши, умуман, Ўзбекистонда пул сиёсати мамлакатдаги иқтисодий-молиявий омиллардан келиб чиқадиган объектив эмас, балки қатъий равишда мамлакат раҳбарияти иродасига боғланган субъектив қарор, деб ҳисоблайди.

Озодлик билан суҳбатда ўз исмини айтишни истамаган, Ўзбекистон молия тизимида ишлайдиган яна бир иқтисодчи, жумладан, шундай деди:

- Йирик пул бирликларига эҳтиёж анча аввал талабга айланиб бўлган. Бу бор гап ва 5000, 10 000 сўмлик пул бирликларини чиқариш қарори агар маъқул бўлганда анча аввал қабул қилинган бўлар эди. Чунки, Ўзбекистондаги банк ва молия тизими ходимлари 2005 йилдан буён шунга ҳаракат қилиб келишади.

Аммо кейинги йилларда бу борадаги сиёсат анча ўзгарди. Яъни фикримча, ҳукумат шундай шароит юзага келтирмоқчики, нақд пулларни олиб юриш фуқаролар учун катта муаммога айланиши керак. Шундан келиб чиқиб 99 фоизга ишончим комилки, йирик пул белгилари Ўзбекистонда ҳали-бери чиқарилмайди, дейди ўз исми эълон қилинишини истамаган Ўзбекистон молия тизимида ишлайдиган иқтисодчилардан бири.
XS
SM
MD
LG