Линклар

logo-print

Ўзбек чегарачилари яна ўқ узди


Айтилишича¸ Панжакент ва Самарқанд ўртасидаги чегара қарийб бир йилдан буëн ëпиқлигича қолмоқда.

Айтилишича¸ Панжакент ва Самарқанд ўртасидаги чегара қарийб бир йилдан буëн ëпиқлигича қолмоқда.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасига кўра, Ўзбекистон чегарачилари икки тожикистонликни автоматдан отиб яралаган. Ҳозирда яраланганларнинг Ургут туман касалхонасига ётқизилгани айтилмоқда.

Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитасининг Сўғд вилоят бошқармаси мулозими Қурбонали Каримовнинг Озодлик радиосига айтишича, 12 декабр куни вилоятнинг Панжакент туманида истиқомат қилувчи Абдураҳмон Тайлонов ва Ҳофиз Норматовлар тожик -ўзбек чегарасининг «Қирқарча» пости яқинида Ўзбекистон томонига ўтиш пайтида ўзбек чегарачилари томонидан автоматдан ўққа тутилган.

- Тожикистон фуқаролари тожик-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишган. Шунда ўзбек чегарачилари уларни автоматдан отган. Айни пайтда тожикистонликлар Ўзбекистоннинг Ургут тумани касалхонасида даволанмоқда. Бу воқеа юзасидан жиноий иш очилган, деди Қурбонали Каримов.

Айтилишича¸ 30 ëшлар атрофидаги Тайлонов ва Норматовлар Самарқандга мол олиб бориб¸ у ердан мол олиб келиш билан шуғулланганлар. Улар бир йилдан бери ëпиқ қолаëтган чегара постидан 300 метрча масофада бўлган тақиқланган жойдан Ўзбекистон ҳудудига киришмоқчи бўлган пайтда¸ ўзбек чегарачилари огоҳлантирмай туриб¸ уларни қўл ва оëғига отиб яралаган.

Панжакент туманида истиқомат қилувчи Раҳимберди Бердиевнинг айтишича, Шўрча қишлоғида яшовчи Абдураҳмон Тайлонов ва Ҳофиз Норматовлар ота-онаси фарзандлари аҳволидан хабар олиш мақсадида Ўзбекистонга ўтишмоқчи бўлганда, ўзбек чегарачилари тожикистонликларни ўтказмаслик хақида буйруқ борлигини рўкач қилиб¸ фақат Норматовнинг отасига ўтиш учун рухсат берган. Ҳозирча Тожикистон фуқаролари саломатлигига оид тафсилотлар йўқ.

Сўнгги пайтларда ўзбек-тожик чегарасида бундай воқеалар тез-тез юзага чиқмоқда. Жумладан, 4 ноябр куни Панжакентнинг Саразм қишлоғи ёнидаги постда ўзбек чегарачилари тожик чегарачисига автоматдан ўт очиб ярадор қилган.

Шу йилнинг 17 феврал куни тожик чегарачилари Ховос чегара постида турган ўзбек чегарачиларини автоматдан отиб яралашган. Орадан кўп ўтмай Тожикистондаги Зафаробод туманидаги чегара постида ўзбек чегарачиси тожикистонлик фуқарони автоматдан отиб ўлдирди.

«Қирқарча» пости яқинида 12 декабр куни юз берган воқеа¸Тожикистон томонига кўра¸ ўзбек чегарачиларининг жорий йил давомида тожикистонликларга бешинчи марта ўт очишидир.
XS
SM
MD
LG