Линклар

"Лаълихоннинг дарди бор, дармони йўқ"

  • Абдулла Искандар

Мухлисларга кўра¸ "Лаълихон"ни "Лаълихон" қилган Шерали Жўраев бўлса¸ Шерали Жўраевни ҳам Шерали қилган "Лаълихон" қўшиғи бўлади.

Мухлисларга кўра¸ "Лаълихон"ни "Лаълихон" қилган Шерали Жўраев бўлса¸ Шерали Жўраевни ҳам Шерали қилган "Лаълихон" қўшиғи бўлади.

Таниш қўшиқлар саҳифасининг бугунги сонига ўтган асрнинг 70-80-йилларида Ўзбекистонда чандон машҳур бўлган “Лаълихон” қўшиғини мавзу қилдик.

Лаълихоннинг дарди бор, дармони йўқ¸
Лаълихоннинг боғи бор, боғбони йўқ.

“Лаълихон” қўшиғи 1976 йилда ижро қилиниб, эл оғзида машҳур бўлди. Ўша пайтда бутун советлар кенгликларида “Вологда где где”¸ “Горная лаванда” деган қўшиқлар урф бўлган бўлса¸ Ўзбекистон шаҳар қишлоқларида каттаю кичик "Лаълихон" қўшиғига жўр бўлишар эди.

"Лаълихон ҳар кун кўчангдан ўтаман"

Энди урф бўлган¸ кичкина¸ усти оқ елимдан бўлган транзисторларда “эфир”га чиққан “радиоҳаваскор”лар ҳам қабулга ўтган заҳоти “Лаълихон”ни қўйишарди. Ëзувчи Холдор Вулқон эслайди.

- Лаълихон деган қўшиқ эфирдан тарқатиларди. Саҳналар қизил замонда Шерали Жўраев учун ëпиб ташланган. Ўша вақтларда радио орқали “Лаълихон” қўшиғини эълон қилганда¸ одамлар бу қўшиқни ëддан билишарди¸ катта нималарда жўр бўлиб айтишарди. Мен ўзим кўрганман. Бортовой машинага чиқиб олиб далаларга пахта теришга кетаëтган қизлар дейсизми¸ ўғил болалар дейсизми ҳаммалари жўр бўлиб қўшиқ айтаëтганини кўрганман. Буни радиоэфирлардан олган. Буни ҳукумат радиосидан тарқатишмаган. Кўраяпсизми¸ халқ ўзи севган қўшиқни эшитишга¸ ўзининг севган ҳофизларини тинглашга йўл топади. Уни ҳеч ким тўса олмайди. Жуда машҳур бўлган¸ халқ оғзаки ижоди намуналарига ўхшаган.

Лаълихон ҳайда қўйингни боқаман¸
Лабларингда писта,бодом чақаман.

"Лабларингда писта бодом чақаман"¸ деганда кўраяпсизми¸ энди буни эротика дейсизми¸ нима дейсиз¸ бу халқимиз томонидан жуда ҳам гўзал қилиб айтилган. Ана сизга тасаввур¸ ана тасвир¸ дейди Холдор Вулқон.

Тўйларнинг авжини ҳам “Лаълихон” белгиларди. “Лаълихон¸ Лаълихон” деган нақорат фонида тўйга йиғилган аëлу эркак¸ қизу жувон ирғишлаб рақсга тушишар ва тўй майдонининг чанг тўзони эса осмонга ўрларди.

Лаълихон ҳар кун кўчангдан ўтаман¸
Чангиса кўчангга сувлар сепаман.

Лаълихон Шералининг севгисисан

“Лаълихон” қўшиғини айтаркан Шерали Жўраевнинг ўзи ҳам машҳур бўлди. Бу қўшиқ Шерали учун ўзига хос импровизация майдони эди. Текстга ҳар сафар янги жумлалар қўшилар эди. Бир сафар Шерали Жўраев худди диний насиҳат қўшиқларидагидай қилиб

Ота-онанг сани менга бермаса¸
Барибир Тошканга олиб кетаман,

деб қўшиб қўйгани ҳамон ишқибозлар мазза қилганидан ҳуштак чалворишди.

Кейин Шерали Жўраев тўй географиясига қараб Лаълихонни олиб кетадиган шаҳарларнинг номини ўзгартираверди¸ аммо Лаълихон энг кўп “апкетилган” шаҳар Асака бўлди. Бир қўшиқнинг ўзида Лаълихон Лайлихонга ҳам айланди. Ўртада рақсга тушаëтган қиз жувонлар эса ўзларини дарди бору дармони йўқ Лаълихон ҳис қилишди.

Колхоз дала шийпонларида қўшиқ айтилганида Лаълихон дала юлдузига айлантирилди¸ кейин эса ҳур ўзбек қизига.

Лаълихон далалар юлдузисан¸
Лаълихон ўзбекни сен ҳур қизисан¸
Лаълихон севгимга сен ишонавер¸
Лаълихон Шералининг севгисисан.

Аммо расмий концертлар¸ радио¸ ТВ эфири “Лаълихон” учун тақа-тақ ëпиқ эди. “Лаълихон” 70 йиллар охирига бориб “Муштум” журнали карикатураларининг доимий мавзусига айланди. Лаълихон деганда одамлар тасаввурида паст савиядаги қўшиқ келадиган бўлди. Лаълихоннинг ўзи эса эрсираган сатанг бир жувон сифатида руҳимизга муҳрланди.

Лаълихоннинг дарди бор¸ дармони йўқ

"Лаълихон" қўшиғи тарихини ўрганиш баробарида мана бу сатрларга дуч келдик.

Катта боғнинг деворлари қулаб тушган¸
Боғ устидан не булбуллар сайраб ўтган¸
Лаълихоннинг гулзорига гуллар экиб¸
Очилганда тўйиб-тўйиб ҳидлаб кетган.

Ҳааа¸ ҳайда қўйингни боқаман¸
Ҳуув яйловнинг четига гулхан ëқаман..

Бу мисралар тагига яширинган дард бизни мулоҳазага чорлади. Ҳар ҳолда бу қўшиқ илдизлари 100 йиллар нарида бўлса керак, деган ўйга ҳам бордик. Бой бир қизнинг қўйини боқишга ҳозир бўлган чўпоннинг яйловдаги гулхан каби тутаëтган ишқ ҳикояси эмасми бу?

Марказий Осиë оғзаки ижодини мукаммал билган германиялик олима Берлиндаги Ҳумболд университети профессори Ингаборг Балдауффга боғланиб "Лаълихон" қўшиғидан мисра ўқидик.

Лаълихонни боғи бор, боғбони йўқ¸
Лаълихонни дарди бор, дармони йўқ..

Ингаборг Балдауфф: Бу бошқа бир достонни эсимга солади. Бу Ëзиу Зебо деган достон. Бу Афғонистон ўзбеклари орасида жуда машҳур. Буни кўп айтишади. Бу тарихнинг бир қисмини¸ муҳим бир воқелигини эсимизга солади. Бир чўл боласи бўлган Ëзи қишлоқ қизи бўлган Зебожонга ошиқ бўлади. Нима қилсам ҳам шуни хотин қилиб оламан дейди. Бошида Зебо “Менга боғдаги гуллар мос бўлади. Чўл йигитлари менинг тенгим эмас” деб ҳеч унга теккиси келмайди. Охири барибир тегади. Унда кўп бахтсиз яшайди. Роса қашшоқликда яшайди. Чўл унга ростдан ҳам мос тушмас экан. Ëзи Зебожон ҳақида жуда кўп қўшиқлар айтади.

Озодлик: Мен ҳозир қўшиқнинг матнини озгина таҳрир қилаяпман. Чўпон жамиятнинг паст қатламидаги одам ҳисобланади. Лаълихоннинг қўйлари бўлса¸ демак у бойроқ бўлади. Паст қатламдаги бир одамнинг бойроқ қизга ошиқ бўлганининг ҳикоясида бу.

Ингаборг Балдауфф: Тўғри. Бу бошқа фольклор ҳикояларида ҳам бор. Бир бой “Сен менга етти йил чўпонлик қилсанг¸ мен сенга қизимни бераман” дейди. Охири у йигитни алдайди¸ қизини бермайди. Бунақа мотивлар фольклорда жуда ҳам кўп. Яъни паст қатламдан чиққан йигит юқори қатламга тегишли бўлган қизга ошиқ бўлади ва уни хотин қилиб олгиси келади. Лекин қизнинг отаси бермайди. Чунки орада тенгсизлик бор. Қизнинг онаси ҳам “Тенгсизлик кўп ëмон бўлади. Қизимни узоққа бермайман¸ чўлга бермайман. Чўл йигити қизимни олиб қочади. Кейин қизимни кўра олмайман” дейди.

Озодлик: Мусиқашунослар¸ ëзувчилар билан гаплашсак¸ “Бунинг матни жуда ғариб. Ҳатто уяладиган даражада ëмон” дейишади. Шунга қарамасдан жуда кўп ашулачилар тирикчилик учун шу ашулани айтишган ва бу қўшиқ жуда оммабоп бўлган. Нега ғариб¸ примитив бўлган матн одамларга ëқади?

- Примитив десангиз, албатта, бу ибтидоийга ўхшайди. Ибтидоий дегани осон дегани¸ халқнинг қулоғига осон келадиган нарса. Баъзилар бунга юқоридан қараб примитив дейди. Лекин унинг мусиқаси чиройли бўлса¸ халққа барибир ëқади. Бугунги мусиқаларга ҳам қаранг. Улар ҳам примитив. Улар ҳам ҳар доим ошиқ-машуқлар масаласини айтади. Теран-теран мавзуларни таҳлил қилмайди. Лекин барибир халққа ëқади. Мусиқанинг яхши бўлишининг ҳам сири шунда. Бу маданият тарихи учун муҳим. Чунки чўл йигити ва қишлоқ қизи мотиви яхши эмасми? Ахир бу Марказий Осиëнинг теран ва табиий вазиятларидан биттасини тушунтириб беради. Бир томондан чўл¸ бир томондан маданият яъни қишлоқ. Улар тарих бўйича ҳам душман¸ ҳам дўст бўлган¸ дейди Ингаборг Балдауфф.

Лаълихонга айлантирилган Зебихон ҳикояси

Ингаборг Балдауфф билан суҳбатдан сўнг Алишер Навоий номидаги тил ва адабиëт институтида Зеби ва Ëзи достонининг Наманган версияси деган таҳлилий иш мавжудлигидан хабар топдик. Таҳлил муаллифи билан боғланишнинг иложи бўлмагач¸ Наманганга таниқли ҳофиз Камолиддин Раҳимовга боғландик.

Озодлик: Мен ҳозир Германиядаги бир профессор билан ҳам гаплашдим. Ўзбек халқ ижодига мансуб қўшиқлар бор. Узоқдан келаëтган қўшиқлар. Шулардан биттаси мана "Лаълихон".

Камолиддин Раҳимов: Ҳа¸ "Лаълихон" деган қўшиқ айтилган. Аслида у халқ ўртасида “Зебижон” деган бўлган. Кейин у Лаълихонга айлантириб юборилган.

Озодлик: Ҳа¸ буни Германиядаги профессор ҳам айтди. Ëзий Зеби бўлган деб айтди.

Камолиддин Раҳимов:

Зебижон, ҳайда қўйингни боқаман¸
Лабингда писта-бодом чақаман,

деб айтилган экан. У кейин Лаълихонга айлантириб юборилибдида. Халқ ўртасида шундай машҳур бўлди бу ашула.

Озодлик: Қайси йиллар эди бу?

Камолиддин Раҳимов: 1976 йилдан 1980 йилларгача машҳур бўлди.

Озодлик: Сиз “Зебижон” вариантини эшитганмисиз? Ким айтган уни?

Камолиддин Раҳимов: Биздан аввал халқ ўртасида айтилиб келган халқ қўшиқлари бўлган. Шунақа фольклор ашулалар бўлган.

Озодлик: Сиз ҳам айтганмисиз ўша қўшиқни?

Камолиддин Раҳимов: Мен Зебижон деб айтмаганман.

Озодлик: Сиз Лаълихон деб айтгансиз-а?

Камолиддин Раҳимов: Ҳа¸ мен Лаълихон деб айтганман. “Кезиб оламни¸ топмадим сендай Лайлони” деб туриб¸ “Лаълихон Лаъли Лаълихон” деб айтиб юборганман.

Озодлик: Озгина айтиб беринг. Ҳар кимнинг қўшиғида бошқача-бошқача текстлар борда. Шерали Жўраевда бошқача.

Камолиддин Раҳимов: Мен айтгандан кейин ўзи бир қатор¸ бир қатор қўшишган. Аслида у Лаълихон бўлиб биринчи менинг оғзимдан чиққан.

Озодлик: Нечанчи йилда бу?

Камолиддин Раҳимов: 1976 йилда.

Озодлик: Озгина айтиб берингчи.

Камолиддин Раҳимов: Олдига озгина рез қилиб -

Кезиб оламни¸ топмадим сандек Лайлони¸
Лаълихон¸ Лаъли¸ Лаълихон¸
Лаълихона¸ Лайлихон.

Бу энди Озарбайжонда "Лолалар" деган ашула ҳам бор. Ўшанга ўхшаб ҳам кетади.

Лаълихон ҳайда қўйингни боқаман¸
Ул лабингда писта-бодом чақаман.
Ул лабингда писта-бодом чақмасам¸
Сойларингда (озгина ўйланиб туриб) нима бўлиб оқаман....

Эсимдан чиқиб қолибди.

Озодлик: Менда битта варианти бор.

Катта боғнинг деворлари қулаб тушган¸
Боғ устидан не булбуллар сайраб ўтган.

Камолиддин Раҳимов: Мендан кейин ким қўшса, қўшиб айтилаверганда.

Озодлик: Одамлар қандай қабул қилган?

Камолиддин Раҳимов: У эл орасида жуда машҳур бўлиб кетди. Айниқса¸ бу ашулани мен чиқаргандан кейин кўп ашулачилар борган ерларида шуни айтиб беринг деявериб¸ ëшлар ўйинга тушиб¸ тўрт-беш йил халқ орасида жуда машҳур бўлган бу қўшиқ. Баъзи бир ашулачилар ўзлари қўшиб ҳам айтишди.

Озодлик: Кўпчилик ҳофизлар сиздан миннатдор. Чунки бу кўпчилик учун тирикчилик манбаи бўлдида. Тўйларга бориб¸ шу қўшиқни айтиб тирикчилик қилишди.

Камолиддин Раҳимов: Бир-иккита ашулачилар “Раҳмат, Камолиддин ака. Шу ашулангиз чиқиб қолиб¸ биз ҳам кўп манфаатдор бўлдик” деган ери ҳам бор. Шунақа дейишган.

Озодлик: Аслида бу ғамгин бир қўшиқ экан. Германиялик профессорнинг айтишича¸ камбағал бир йигит қўйлари кўп бўлган Зебижонга ошиқ бўлиб қолади.

Камолиддин Раҳимов: Қўй боқадиган чўпон энди оддий халқ бўлади. Билсангиз¸ фильклор ашулаларнинг ҳаммаси дардли ашулаларда. Заминида шу етишмаган¸ етишиш иштиëқида¸ шунақа орзу-умид билан айтиладида халқ қўшиқлари. Мазмуни шунақа.

Озодлик: Бориб-бориб дард унутилиб¸ ҳамма рақсга тушадиган оддий¸ жўн қўшиққа айлантириб юборишмадими?

Камолиддин Раҳимов: Ким билсин энди¸ баъзи бир ашулалар ўзи ғамгин ëзилгани билан баъзи бир ижрочилар шўх куйларга солиб айтиб юборади. Ҳаëтда шунақа ишлар ҳам кўп бўлади. Масалан “Дўстлар ҳеч ким менингдек ëридан айрилмасин” деган ашуламиз бор. Шу ҳам шўх айтилади. Айрилмасин деб айтилади¸ кўплар рақсга тушади.

Дўстлар ҳеч ким манингдек
Ëридан айрилмасун.

Қаранг шу ҳам ялла қилиб айтилади. Масалан “Қарғалар учса қарайлик, Марғилоннинг йўлига” деган ашула бор. Ëтган ерида ҳавога қараб ëтиб¸ қарғалар учганлигига қараб ашулани чиқарган. Шу ҳам

Қарғалар учса қарайлик¸
Марғилоннинг йўлига¸
Ҳиди келса маст бўлайлик¸
Ҳандалакнинг бўйига¸

деган ашула. Шу ҳам ялла қилиб айтилган.

Озодлик: "Лаълихон"ни ҳозир ҳам айтиб турибсизми?

- Йўқ. 80-йилнинг бу ëғига баъзилар илтимос қилишганда ҳам айтмаганман. Уч-тўрт йил айтдик. Кейин айтмадим. Репертуардан чиқиб кетди. Энди ëш ҳам ўтиб қолдида. Кейин Бобораҳим Машрабдан¸ Огаҳийдан¸ Навоийдан¸ Фузулийдан¸ Фурқатдан¸ Маҳтумқулидан ва бошқа ўзимизнинг кўплаб шоирларимиздан ашулалар айтадиган бўлдик¸ дейди Камолиддин Раҳимов.

"Лаълихон" қўшиғи кейинчалик кўпчилик ашулачилар учун тирикчилик манбаига айланди. Рус санъаткорлари орасида Косит лаванду деган калима бор. Лавандани ўриш дегани. Гастролда "Горная лаванда" қўшиғини айтиб пул ишлаш деган маънони билдирган. "Лаълихон" қўшиғини 80- йилда айтган неча қўшиқчи қаддини тиклаб олгани ҳам тарих ҳақиқати.

Лаълихоннинг Юлдузхонга дўниши

Лаълихон ҳақидаги мақолага нуқта қўйишга чоғланганимиз аснода эл оралиқ интернет тўрига илинган видеолавҳага кўзимиз тушди. Бир пайтлар Зебихон бўлган Лаълихон энди Юлдузхонга айланибди. Таниқли ашулачи Юлдуз Усмонова Лаълихон қиëфасида саҳнага кириб келади. Қўлларида оқ елпиғич ой нурида ялтирар...

Саҳнада эса бундан 33 йил муқаддам қўшиқ ил бора айтилгани каби манзара. Одамлар қўшиққа жўр бўлган қизу жувон эса рақсга тушмоқда.

Кезиб оламни¸ топмадим сандек Лайлони¸
Лаълихон¸ Лаълихон¸
Юлдузхон¸ Юлдуз¸ Юлдузхон¸
Юлдузхона¸ Юлдузхон.

Юлдузхон ҳайда қўйингни боқаман¸
Гул лабингда писта-бодом чақаман¸
Гул лабингда писта-бодом чақмасам¸
Эшигингда чашма бўлиб оқаман.

Юлдузхон¸ Юлдуз¸Юлдузхон¸
Юлдузхона¸ Юлдузхон.

Чўпон йўқми сендан бўлак қўйларимга¸
Писта-бодом насиб қилсин тўйларингга¸
Эй телба ошиқ ҳалал қилма ўйларимга¸
Сўз тополмай хунобдирман куйларимга.

Юлдузхоннинг боғи бор¸ боғбони йўқ¸
Юлдузхоннинг дарди бор¸ дармони йўқ¸
Юлдузхон¸ боғингга боғбонинг бўлай¸
Юлдузхон¸ дардингга дармонинг бўлай.

Юлдузхон¸ Юлдуз¸ Юлдузхон¸
Юлдузхона¸ Юлдузхон.

Боғим катта¸ боғбонликни эплолмайсан¸
Дардим бору¸ дармонликка ярамайсан¸
Ваъдаларинг ҳаммаси ëлғон-яшиқ¸
Бошқа боғдан бахтинг изла телба ошиқ¸
Обидий мажнун ўғли¸ баланд дорга осилма
Осилсангда унутма тўшагингни қолдирма¸
Тушсанг дўстим қаттиқ тушасан азизимей.

Юлдузхон кетди ëқалаб сой билан¸
Қўлида чинни пиëла чой билан¸
Юлдузхон¸ чойингда шеригинг бўлай¸
Юлдузхон¸ йўлингда ҳамроҳинг бўлай.

Юлдузхон¸ Юлдуз¸ Юлдузхон¸
Юлдузхона¸ Юлдузхон.

Шерикларим кўплигидан чой қолмади¸
Ҳамроҳларни кўплигидан жой қолмади¸
Мен Юлдузхон¸ сен ердаги оддий Обид¸
Етолмасдан куйиб кетма ëниб¸ ëниб¸
Нега кузда келдинг жоним азизимсан¸
Баҳорда нарда эдинг ëлғизимсан¸
Энди келасанми мева-чевасини тергани.

Юлдузхон¸ Юлдуз¸ Юлдузхон¸
Юлдузхона¸ Юлдузхон.

Алоқадор

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG