Линклар

"Ўзбекистонда терроризм ҳам¸ инсон ҳуқуқлари ҳам йўқ"


Ўзбекистон¸ Туркманистон ва Қирғизистон хавфсизлик идоралари ҳуқуқ фаолларининг Олмаотага келишларига йўл бермадилар.

Ўзбекистон¸ Туркманистон ва Қирғизистон хавфсизлик идоралари ҳуқуқ фаолларининг Олмаотага келишларига йўл бермадилар.

Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистонда терроризм таҳдидининг ҳукумат танқидчиларини йўқ қилиш қуролига айлантирилгани ҳақда бонг урилган халқаро анжуманда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари иштирок эта олмадилар.

14-15 декабр кунлари Олмаотада Freedom House – Қозоғистон, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази, ҳамда Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Қозоғистон бўлими кўмагида “Марказий Осиёда терроризмга қарши-кураш ва инсон ҳуқуқлари” халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Сешанба куни якунланган халқаро анжуман ташкилотчиларидан бири, Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Қозоғистон бўлими раҳбари Олга Дўсибиева, мавжуд турли тўсиқларга қарамай тадбирнинг муваффақиятли бўлиб ўтганини айтади.

- Анжуманда мутахассислар Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги вазият бўйича ўз фикрларини билдирдилар. Афсуски, Туркманистондан бирорта ҳам кузатувчи анжуманда иштирок эта олмади. Ўйлашимча, уларда мамлакатдан чиқиш имкони бўлмаган, дейди Олга Дўсибиева.

Маълум бўлишича, Олмаотада бўлиб ўтган “Марказий Осиёда терроризмга қарши-кураш ва инсон ҳуқуқлари” халқаро анжуманида ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қатнаша олмаганлар. Тадбир ташкилотчиларидан бири, Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари марказининг Марказий Осиё дастури бўйича раҳбари Виталий Пономарëв, бунга ҳуқуқ-тартибот идораларининг анжуманга таклиф қилинган фаолларга ўтказган босими сабаб бўлганини айтади.

- Анжуманга таклиф қилинган баъзи иштирокчилар, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўзларига босим ўтказаётгани ҳақида бизга ёзиб юбордилар. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари марғилонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳмаджон Мадумаровнинг паспортини олиб қўйишгандан сўнг у билетини топширишга мажбур бўлган. Мадумаровнинг уч ўғли 159-модда бўйича судланиб, ҳозирда қамоқда сақланмоқдалар. Аҳмаджон Мадумаров Ўзбекистондаги қамоқларга тез-тез бориб тургани боис у ердаги вазиятдан тўла хабардор эди. Шу боис, унинг анжумандаги иштироки биз учун фойдали бўлган бўларди.

Олмаотада бўлиб ўтган икки кунлик анжуман Қирғизистон махфий хизматларининг ҳам носоғлом фаоллигини ошириб юборди. Биз ушбу анжуманга Новқат воқеалари бўйича қамалганлардан бирининг қариндошини таклиф қилгандик. Сабаби, сўнгги пайтларда бу давлатда терроризм ва инсон ҳуқуқлари бўйича вазият салбий тарафга ўзгариб бормоқда. Аммо таклиф қилинган шахс самолётга билет сотиб олганидан икки кун ўтиб, уни Қирғизистон Давлат Миллий хавфсизлик хизматига чақириб, Олмаотага бормаслик¸ айни пайтда¸ халқаро анжуман иштирокчилари ва дастури ҳақида маълумот беришни талаб қилишган, дейди Виталий Пономарëв.

Олмаотада бўлиб ўтган анжуманда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларидан икки нафари иштирок этди. Улардан бири Баҳодир Намозов Озодлик мухбирига, Олмаотага кетишига бир кун қолганда ҳам хавотирда бўлганини айтади.

- Тўғрисини айтсам, охирги кунгача ҳавотирда бўлдим. Ҳатто аэропортдан қайтариб юборишар деб ҳам ўйладим, лекин бу сафар чиқаришди. Яна бухоролик Шуҳрат Ғаниевни, Марғилондан Аҳмаджон Мадумарова ва Фарғонадан Абдусалом Эргашевни таклиф қилишганди. Эргашев самолетга кечикиб қолди дейишди, Шуҳрат Ғаниевни эса, бундан аввал Бишкекда бўлиб ўтган семинарга ҳам чиқаришмаганди. Бизда байрамлардан аввал таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларини назоратга олишади. Аммо бунда семинарнинг номи ҳам рол ўйнаган бўлиши мумкин, дейди Баҳодир Намозов.

Шунингдек, ҳуқуқ фаолига кўра¸ Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган парламент сайловлари олдидан ҳуқуқ фаолларини назорат қилиш кучайиб, баъзиларининг мамлакатдан чиқишига тўсиқ қўйилмоқда.

Аниқланишича, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан, Олмаота халқаро анжуманга бормаслик ҳақида огоҳлантирилган.

- Мен яшайдиган Собир Раҳмиов тумани Ички ишлар бошқармасининг терроризмга қарши-кураш бўлими раҳбари бир неча кун олдин олдимга келиб, боришимни билиб, “шу бормасангиз бўлармиди”, деган гапни қилди. Ўзбекистонда терроризм мавжуд эмас ва буни исбот қиладиган бирорта нарсанинг ўзи бўлмаган. Мен бир неча бор милициянинг катта раҳбарларига ҳам савол бергандим бу ҳақда. Терроризм бўйича конкрет исботлар билан қамалган кишиларни фамилиясини сўраб, ўрганмоқчиман деганимда, ҳуқуқ-тартибот органларидан бирорта ҳам жавоб ололганим йўқ. Шунча одам терроризм билан қамалган, уларнинг бола-чақаси қийналиб ётибди. Бизнинг раҳбарлар йўқдан бор қилишмоқчи бу масалани¸ дейди Сурат Икромов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG