Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:01

Чўчқа гриппими ëки мавсумий грипп?


Айтилишича¸ Ўзбекистонда чўчқа гриппига қарши эмлаш воситалари сотувга чиқарилган.
Айтилишича¸ Ўзбекистонда чўчқа гриппига қарши эмлаш воситалари сотувга чиқарилган.

Айрим норасмий манбаларга кўра, Ўзбекистонда чўчқа гриппига чалинганлар ва ушбу гриппдан ўлганлар сони ошиб бормоқда. Айни пайтда ўзбек расмийлари Ўзбекистоннинг бу эпидемиясидан холи эканини таъкидлашда давом этмоқдалар.

Тошкент вилоятидаги шифохоналардан бирида ишловчи ҳамшира қизнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистонда ҳам чўчқа гриппи туфайли ўлим ҳолатлари кузатилаяпти.

Бироқ исми ошкор бўлишини истамаган ҳамшира қизга кўра, чўчқа гриппидан ўлган беморга мавсумий грипп ташхиси қўйилаяпти.

- Янгийўлда кўп ўлим ҳолатлари бўлаяпти. Шу грипп билан боғлиқ ўлимлар.

Озодлик: Бу оддий гриппми ëки чўчқа гриппими?

- Чўчқа гриппи деб айтишмаяпти. Чўчқа гриппнинг оддий гриппдан фарқи беморнинг фақат ичи кетади, қусади. Оддий гриппда температура кўтарилади¸ бадан қақшайди. Чўчқа гриппида ичи кетиб тинимсиз қусади ва ўлим билан тугайди.

Озодлик
: Демак¸ Ўзбекистонда чўчқа гриппидан ўлим ҳолатлари бор.

- Бор. Жуда ҳам кўп.

Озодлик: Кўп деганингиз қанча? Беш нафар¸ 10 нафар...

- Шунгача ҳам боради. Ëш болаларда учрамайди. Айниқса катталарда учрайди. Ëш бола мана шу грипп билан ўлибди¸ деганини эшитмадик. Ҳаммаси катта ëшли эркаклар¸ аëллар, дейди ҳамшира қиз.

Хоразмлик Анварга кўра, Хоразмда ҳам чўчқа гриппидан икки одам ўлган.

- Шовот районида чўчқа гриппидан икки нафар бола ўлди. Улар ўқувчи болалар¸ мактабда ўқиб юрган. Чўчқа гриппидан ўлган. Ҳозир шунинг учун мактабларни ëпиб қўйишибди, дейди хоразмлик Анвар.

Аммо Шовот туман Халқ таълими бўлими мутасаддиси туман мактаблари доимий тартибда ишлаётганини билдирди.

Шовот туман Болалар шифохонаси ходими эса, туман болалари орасида чўчқа гриппидан ўлим ҳолати бўлмаганини қайд қилди.

-Йўқ¸ Шовотда мактаб ëшидаги бола ўлгани йўқ.

Озодлик: Грипп бўйича?

- Йўқ¸ йўқ. Мана мен ўзим реанимация бўлимидаман. Мактаб ўқувчилари вафот этса¸ биз ҳамма ерга айтамиз-ку. Администрацияга айтамиз. Мактаб ўқувчиси вафот этган ҳолат бўлгани йўқ бизда, деди шовотлик шифокор.

14 декабр куни Uznews.net сайти норасмий манбаларга таянган ҳолда Ўзбекистонда чўчқа гриппидан 400 дан зиёд одам ўлгани ҳақидаги хабарни тарқатди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш мутасаддиси Озодлик билан суҳбатда бу маълумотни инкор қилиб, мамлакатда умуман чўчқа гриппи қайд қилинмаганини билдирди.

Айни пайтда мамлкатда чўчқа гриппига қарши эмлаш чоралари кўрилаяпти.

Суҳбатдош ҳамшира қизга кўра, баъзи ҳолатларда эмлаш тадбири ҳам фойда бермаяпти.

- Ҳозир вакциналар чиқиб кетди. Вакциналар қилдиришаяпти одамлар.

Озодлик: Бу бепулми?

- Йўқ¸ бепулмас. 17 минг сўм олишаяпти. У ҳам 100 фоиз кафолатланмаган экан. Вакцина қилдиргандан кейин яна мазаси бўлмаëтганлар ҳам бор, дейди ҳамшира қиз.

Ўзбек шифокорлари чўчқа гриппига қарши ниқоб тақишни ва исириқ тутатишни таклиф қилишаяпти.

Хоразмлик ўқитувчи аёлга кўра, мамлакат мактабларида ҳар куни исириқ тутатиш йўлга қўйилган.

- Хоналарга эрталаб бир марта¸ уч соат чиққандан кейин бир марта исириқ тутатамиз, дейди ўқитувчи аёл.

Қўшни Қирғизистонда чўчқа гриппидан оғриганлар сони ўттизга етиб қолган бир пайтда ўзбек-қирғиз чегарасидаги аҳволни билиш учун Андижон вилоят Санитария-эпидемология бошқармасига мурожаат қилдик.

- Бизда биласиз назорат кучли. Ҳар куни ҳаммани Баҳром Бакиевич СКПга чиқариб юборади.

Озодлик: СКП деганингиз нима?

- Чегара постларига чиқариб юборадида. Шуғулланиш кучли бизда.

Озодлик: Демак ҳаммаси жойида.

-Ҳамма ëқ яхши. Бизда ҳозир чегараларимиз мустаҳкам қилинган. Аэропортларда ҳар кун келаëтган пассажирларнинг тана ҳароратлари ўлчанаяпти. Ишлар бир маромда кетаяпти. Ҳамма ерда эпидемиологлар бор.
Худо хоҳласа бўлмайди, деди Андижон вилоят Санитария-эпидемология бошқармаси ходимаси.

ЎзА маълумотига кўра, чўчқа гриппи бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус штаб ташкил қилинган бўлиб, мамлакат бўйича 50 мингдан зиёд тиббиёт ходими ушбу эпидемияга қарши курашиш бўйича ўз малакасини оширган.
XS
SM
MD
LG