Линклар

Россия Ўзбекистонни бой бердими?


Таҳлилчиларга кўра¸ Туркманистон-Хитой газ қувурининг ишга туширилиши Каримовнинг янги сиëсий ўйинларига замин туғдирди.

Таҳлилчиларга кўра¸ Туркманистон-Хитой газ қувурининг ишга туширилиши Каримовнинг янги сиëсий ўйинларига замин туғдирди.

14 декабр куни Туркманистон-Хитой газ қувурининг тантанали тарзда ишга туширилиши¸ кузатувчиларга кўра¸ Россиянинг Марказий Осиë¸ хусусан Ўзбекистон ëнилғи бозоридаги рақобатсиз харидор ролига барҳам берди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги газ шартномасининг имзоланиши 1800 километрга чўзилган Туркманистон-Хитой газ қувурининг очилиш маросимига тўғри келди. Бу қувурнинг минтақа учун аҳамиятли эканини унинг очилиши маросимида минтақа давлатлари раҳбарларининг иштирок этганидан ҳам англаса бўлади.

Газ қувурининг очилиши арафасида Россия матбуоти ўз саҳифаларида “Кремл ўз сиёсатининг Ўзбекистон йўналишини кучайтирмоқчи”, қабилидаги таҳлилларга ўрин бера бошлади.

Президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистонга янги элчисини жўнатар экан, унга “бу йўналиш Россия учун ўта аҳамиятли” эканини алоҳида уқтирди.

- Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг йирик ҳамкоримиздир. Бу динамик тарзда ривожланаётган давлат ва бу давлат раҳбарияти билан тўлақонли дўстона алоқа ўрнатишимиз иқтисодий, сиёсий алоқаларимизнинг яхшиланишига, Россиянинг Марказий Осиёдаги сиёсати самарали бўлишига таъсир кўрсатади, деди Дмитрий Медведев.

Таҳлилчилар фикрича, Россия-Ўзбекистон иқтисодий муносабатларининг асосий негизини газ экспорти ташкил этди. Масалан, жорий йилда Россиянинг “Газпром” ширкати Ўзбекистондан жаҳон баҳосида 16 миллиард кубометр газ сотиб олди. Шу кунгача Россия Ўзбекистон газининг ягона энг йирик харидори бўлиб қолмоқда.

Туркманистон-Хитой газ қувурининг очилиши эса, Ўзбекистонга бу борада ҳам муқобил сиёсат юритиш ва яна бир йирик харидорга эга бўлиш имконини беради.

Мана шундай шароитда Ўзбекистон-Россия муносабатлари қай тарзда шаклланиши мумкин? Ўзбекистон томони Россия ва Хитой ўртасида пайдо бўлган рақобатдан фойдалана оладими?

Россиядаги Стратегик тадқиқотлар институти таҳлилчиси Аджар Куртов гапиради:

- Ўзбекистон Россияга йилига 30-32 миллиард кубометр газ бера олади. Лекин бу газнинг мавжуд конлардан эмас, балки янги ўзлаштириладиган заҳиралардан берилишига келишилган. Айни пайтда Ўзбекистон бу газнинг бир қисмини Хитойга йўналтириш имконига эга бўлди. Бу ҳолатда Россия анча даромаддан айрилади ҳамда Кремл умид қилган бир қатор лойиҳалар, жумладан, Марказий Осиё-Марказ ва Каспийбўйи газ қувурлари лойиҳаси якунига етмай қолиши мумкин, дейди Аджар Куртов.

Марказий Осиё ва Хитой бўйича мутахассис Александр Габуев эса “халқаро алоқаларда ишончсиз ҳамкор” имиджига эга бўлган Ўзбекистон сиёсий имкониятларни ҳам қўлга киритди, деган ишончда:

- Мен жаноб Ислом Каримов бир векторли сиёсат олиб боради ва фақат бир давлатга таянадиган сиёсат юритади, деб ўйламайман. Хитойга ўтказилган газ қувури унга газ йўналишини ўзгартириш имконини ҳам беради. Бу билан Ўзбекистон ўз манфаатлари талаб қилган вазиятда Хитой ва Россия ўртасида газ омилидан фойдаланган ҳолда сиёсий ўйин қилиши, бир давлат билан алоқаси ёмонлашиб қолса иккинчи давлатга таяниш сиёсатини юритиш имконига эга бўлди, дейди бу мутахассис.

Габуевнинг айтишича, бундай шароитда Россия Ўзбекистонни минтақадаги энг нозик ҳамда муҳим ҳамкор сифатида қўлдан чиқармасликка ва бу давлат билан сиёсий-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади. Айни пайтда Кремл Ўзбекистоннинг газ борасидаги бошқа лойиҳалари Россия четлаб ўтилган ҳолда амалга оширилмаслигига ҳаракат қилади.

- Россиянинг асосий вазифаси Марказий Осиёдаги энергоресурс ишлаб чиқарувчилар, жумладан, Ўзбекистонни ўзининг асосий даромад манбаи ҳисобланган Европага чиқишига йўл қўймасликдир. Ўзбекистон Европа бозорига чиқмас экан, у бу йўналишда Россияга қарам бўлиб қолаверади. Шунинг учун Кремл мана шу сиёсатни маҳкам тутади, дейди Александр Габуев.

Айни пайтда NewsUz.com интернет нашрининг таҳлилчиларга таяниб хабар беришича, Кремл юзага келган янги шароитда икки томонлама муносабатларни яна бир карра аниқлаб олиш учун Тошкентга Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ташрифини тайёрламоқда. Бу ташрифнинг декабр ойи иккинчи ярмида бўлиши кутилаётир.

Москвадаги Шарқий Осиё ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларни ўрганиш маркази директори Александр Лукиннинг “Коммерсантъ” газетасига билдирган фикридан келиб чиқилса, яқин кунларда Кремл расмийларининг Тошкентга ташрифлари кўпайиши мумкин.

Александр Лукин фикрича, Туркманистон-Хитой газ қувурининг ишга туширилиши “Россиянинг минтақа энергетик секторидаги асосий ўйинчи сифатидаги нуфузини кескин тушириб юборган”.

Бироқ Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аджар Куртов фикрича, бу каби башоратлар ҳозирча асосга эга эмас. Буни “Ўзбекнефтегаз” ва “Газпром” ширкатлари ўртасидаги 2010 йилга мўлжалланган газ шартномасининг ҳеч қандай иккиланишларсиз ва тўсиқларсиз имзоланганидан англаса ҳам бўлади.

- Айтилаётган вазият юзага келиши учун¸ энг аввало¸ Тошкент қандайдир манфаатга эга бўлиши кераклигини тушуниш керак. Бу манфаат нимадан иборат бўлиши мумкин? Молиявий манфаатни мен бу ерда кўрмаяпман. Чунки Хитой ўзбек газини Россия сотиб олаётган нархда олмайди. Демак, бу ерда фақат сиёсий манфаат бор. Ўзбекистонда мавжуд режим характеридан келиб чиқадиган бўлсак, давлат раҳбарининг Кремлга нисбатан шахсий муносабати ўзгариб қолиши мумкин. Шунда у газни бизнес манфаатларига зид равишда бошқа ёққа буриб юборишга буйруқ бериши мумкин, дейди Аджар Куртов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG