Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:53

МДҲ вакиллари ўзбек сайловини кузатади


Сайловларни кузатиш бўйича дунëдаги энг нуфузли идора - ЕХҲТ Ўзбекистон сайловларига йиллардан бери ўз кузатувчилар миссиясини юбормай келаëтир.
Сайловларни кузатиш бўйича дунëдаги энг нуфузли идора - ЕХҲТ Ўзбекистон сайловларига йиллардан бери ўз кузатувчилар миссиясини юбормай келаëтир.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон парламент сайловларини бевосита кузатмаслик¸ фақат сайловолди сиëсий муҳитини баҳолашга қарор қилган бўлса¸ МДҲ нинг етти давлати Ўзбекистонга 250 кишилик кузатувчилар гуруҳини юборадиган бўлди.

27 декабрда бўладиган парламент сайловини 250 дан зиëд халқаро кузатувчи кузатадиган бўлди. “Кузатувчилар аллақачон келишаяпти”¸ деди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг техник ходими Озодлик билан суҳбатда.

Кузатувчилар сони¸ уларнинг қайси ташкиотларни тамсил қилгани ҳақидаги маълумотларни билиш мақсадида сайлов комиссиясининг матбуот хизматида ишловчи ўзини Жасур деб таништирган мулозимга боғландик.

Жасур: Акажон¸ биздаги ҳамма маълумотлар борку elections.uz деган сайт бор¸ биласизми?

Озодлик: Ҳа¸ биламан.

- Ўша сайтда ҳамма пресс-релизлар¸ ҳамма маълумотлар¸ ҳамма қарорлар жойлаштирилган¸ деди Марказий сайлов комиссиясининг матбуот хизматида ишловчи ўзини Жасур деб таништирган мулозим.

Жасурбек бизни жасурлик билан йўллаган сайлов комиссиясининг интернет нашрида кузатувчилар ҳақида батафсил маълумот йўқ эди.

Одатда Ўзбекистондаги сайловларни энг кўп кузатадиган ва доимо ижобий баҳолайдиган МДҲ ташкилотига қўнғироқ қилдик. Сайловда кузатувчи сифатида танланган МДҲ мулозими Мария Афонина Тошкент сафарига эндигина отланаëтган эди.

- Мен биринчи маротаба бораяпман Ўзбекистонга. Сайловларни кузатиш учун халқаро стандартларга мос келувчи кузатув дастурини ишлаб чиққанмиз. Бу дастурни ҳеч ким бизга ташқаридан тавсия қилмади¸ ўзимиз туздик. Биз сайловга баҳо беришда мана шу дастурдан фойдаланамиз¸ дейди Мария Афонина.

Мария Афонина МДҲ кузатувчиларидан таркиб топган илк гуруҳ Тошкентда штаб тузиб¸ машварат қилаëтганини айтди.

Тошкентдаги МДҲ кузатувчилар гуруҳи штаби бошлиғи Евгений Слобада Озодлик мухбирига интервью беришга рози бўлди.

Озодлик: Жаноб Слобада¸ кузатувчилар гуруҳига ҳам сиз раҳбарлик қиляпсизми?

Евгений Слобада: Кузатувчилар гуруҳига МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедов раҳбарлик қилади. Аммо у киши ҳозир Москвада. Эрта-индин келиб қолади. Лебедов номзоди МДҲ кенгаши тарафидан маъқулланган.

Озодлик: МДҲ кузатувчилар гуруҳининг таркиби ҳақида гапирсангиз.

Евгений Слобада: Биздан 84 киши ўзбек сайловини кузатади. Булар етти давлат вакилларидир. Озарбайжон¸ Беларус¸ Қозоғистон¸ Қирғизистон¸ Россия¸ Тожикистон ва Туркманистондан.

Озодлик: Кузатувчилар кела бошладими?

Евгений Слобада: Улар сайловга уч кун қолганда етиб келишади ва жойларга бориб сайлов жараëнининг барча босқичларини кузатишади. Улар барча вилоятларга ва Қорақалпоғистонга боришади. Улар овоз бериш жараëнини кузатишади ва овозларни санаш чоғида иштирок қилишади.

Озодлик: Сиз олдин ҳам ўзбек сайловларида кузатувчи сифатида иштирок қилганмидингиз?

Евгений Слобада: Ҳа¸ мен олдин 2004 йилги парламент ва 2007 йилги президент сайловларини ҳам кузатганман.

Озодлик: Олдинги сайловлар сизда қандай таассурот қолдирган эди?

Евгений Слобада: Биз 2004 йилги парламент ва 2007 йилги президент сайловларини демократик ва ҳур сайловлар деб эълон қилган эдик. Яъни МДҲ миссияси шунақа хулоса қилган эди.

Озодлик: Евгений Александрович¸ сизга ўзбек сайловлари ўта силлиқ туюлмаяптими¸ худди совет давридагидай ҳамма бир овоздан рози¸ қаршилар ҳам бетарафлар ҳам йўқ...

Евгений Слобада: (кулиб) Йўўқ¸ президент сайловида муқобил номзодлар бор эди¸ менимча. Сизнинг саволингиз баҳсли. Ҳар бир давлат ўз назарида сайловни мукаммал қилишга интилади. Бу гапни мен МДҲ давлатларини назарда тутган ҳолда айтаяпман. Албатта¸ ҳар бир давлатнинг ўзига хос томонлари бор¸ аммо уларнинг ҳаммаси мукаммал сайлов қилиш ниятида собит.

Озодлик: Мана МДҲ мамлакатлари орасида ўзбек сайлови эркинлик жиҳатдан нарвоннинг қайси мартабасида? Туркманистондан олдинми¸ Беларусдан кейинми..

Евгений Слобада: Мен бокс майдонидаги судя эмасман. Бир мамлакат олдин¸ бошқаси орқада демоқчи эмасман. Мени тўғри тушунинг.

Озодлик: Сизнинг хабарингиз борми¸ масалан¸ Ўзбекистонда иккита мухолиф партия таъқиқлаб қўйилган¸ бу партиялардан бирининг лидери сиртдан 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўзбекистон қамоқхоналарида бир неча собиқ депутатлар сиëсий қарашлари учун жазо ўтамоқда. Масалан¸ собиқ депутат Мурод Жўраев 18 йилдан бери қамоқда..

- Биз биринчи навбатда Ўзбекистон Адлия вазирлиги рўйхатга олган ва сайловга изн олган партиялар билан ишлаймиз. Бизнинг вазифамиз Ўзбекистон сайлови Ўзбекистондаги сайлов қонунига мосми ë йўқми шуни текширишдан иборат. Сиëсий жараëнларга биз аралашмаймиз¸ деди Евгений Слобада.

Ўтган президентлик сайловида ўз номзодини қўйишга уринган сиëсатчи Суҳбат Абдулла назарида ўзбек сайловлари ўзбек қонунларига ҳам мос келмайди.

Суҳбат Абдулла: Боиси қайси қонун қайси модда примига мос келар экан. Шуни айтиб берсинчи ўша донишманд жаноб. Ахир бизнинг юрагимизнинг ўти ëнаëтганининг бош сабабларидан бири ўшаку.

Озодлик: МДҲ давлатларидан келадиган гуруҳнинг раҳбарларидан бири Евгений Слобада “Бизлар жойларга борамиз. Кузатамиз. Олдин ҳам борганмиз” деди.

Суҳбат Абдулла: Бу рус одамими?

Озодлик: Ҳа¸ рус.

- Рус одами айтган бўлса¸ ҳеч қандай ишониб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Агар у Чехиядан¸ Словакиядан¸ ҳеч бўлмаса Германиядан бўлганда мен ишонардим. Чунки улар келади¸ қайсидир бир дачага кетади¸ ўша дачада дам олиб ëтади¸ керакли ароғини ичади¸ шу билан кетади. Нимага керак бу нарса? Агар бир участкада бўлса¸ туман марказига келгунча уч-тўрт соат вақт қолади. Уни қандай қилиб тўғирлайман деса¸ тўғирланаверади. Президентнинг ўзи сайловни бузиб сайлангандан кейин бошқаси нима бўлади? Ўша пайтда 7 миллион одам Ўзбекистонда йўқ эди. Қанақа қилиб бу нарса тўғирланди? Бу ҳам энди шунақа бўладида. Бошқа нима бўлади. Бутун дунë бу нарсани кўриб турибди¸ эшитиб турибди. Навбатдаги масхарабозлик бўлиб ўтадида. Эски сайловлар қандай бўлса¸ шундайлигича давом этиб келаяпти¸ дейди Суҳбат Абдулла.
XS
SM
MD
LG