Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:36

Тақиқ ўз йўлига¸ пақилдоқлар пақиллайверади


Ўзбекистонда ҳам янги йил байрамини мушакбозликсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолган.
Ўзбекистонда ҳам янги йил байрамини мушакбозликсиз тасаввур қилиш қийин бўлиб қолган.

13 декабр кунидан бошлаб Ўзбекистонда пиротехника воситаларини сотиш ва ундан фойдаланишга тақиқ жорий қилинди. Аммо ҳар йили янги йил кечаси олдидан қўйиладиган бундай тақиққа қарамай¸ байрам кечаси мушакбозлик авжга чиқади.

Янги йил киришини мушакбозлик билан нишонлаш¸ қолган дунë каби Ўзбекистон¸ хусусан унинг чекка қишлоқларида ҳам урф¸ яъни модага айланиб улгурган.

- Янги йил кечаси соат 12 га яқин ҳамма кўчага чиқади. Кўчада ҳамма салют отади. Салютнинг ҳам турлари кўп. Катта салютлар жуда кўп отади. 100 га яқин отадигани ҳам бор. Пақилдоқ фақат овоз чиқаради. Салют чиройли отилади. У ҳар хил рангда қизил, сариқ, яшил ... жуда чиройли отилади. Янги йил куни маҳалламиздаги 50 фоиз одам салют отса керак, дейди хоразмлик Анвар исмли йигит.

Қибрайдаги мушакбозлик ҳақида Ғофиржон ака гапиради:

- Ўтган йил эрталабгача отишди. 2009 йил кириб келиш кечаси роса отишди. Ухлатмайди. Униси пақиллатиб кетади¸ буниси пақиллатиб кетади. Уйқу беришмайди хуллас, дейди Ғофиржон ака.

Жиззахлик Каримжон ака ўз яқин-атрофида ҳам Янги йил мушакбозлик билан қарши олинишини айтади:

- Салютни кўпроқ ëшлар бозордан сотиб оладида. Байрам кечаси соат 11 дан отишни бошласа¸ бу ëғи 12.30¸ 01.00 гача бўлади. Салютни ҳамма ерда отишади. Ўзининг ҳовлисида¸ кўча-кўйда отишади, дейди Каримжон ака.

Пиротехника воситалари оддий халқ тилида “пақилдоқ” ва “салют” дейилади.

Ўзбекистонда пиротехника воситалари савдосига тақиқ қўйилган. Бироқ ҳозирча бу тақиқнинг бирор жойда иш берганини тасдиқлаш қийин.

- Ўтган йил телевидениеда пиротехника воситаларининг зарари ҳақида роса гапиришган. Пақилдоқ кўзига теккан, бурни қийшайган, қулоғини кесиб кетган болаларни телевизорда роса кўрсатишди. Барибир янги йил кечаси эрталабгача отиб чиқди одамлар. Қаердан олади¸ ким олиб келиб сотади уни билмайман. Қанақадир йўллар билан божхонадан ўтишса керакда, дейди Ғофиржон ака.

Ўзбекистонда пиротехника воситалари пайдо бўлишидан аввал ҳам ўзбек болалари “пақилдоқ” отишган. Жиззахлик Каримжон акага кўра, у пайтлари қўлбола “пақилдоқ” ясашган.

-Масалан¸ кичик пашша ўлдирадиган идишлар бўларди. Ўшанинг оғзини очиб¸ гарбит солардида¸ озгина ҳўллаб кейин гугурт теккизса¸ роса пақилларди. Шунингдек, гугуртнинг дориларини олиб ҳам пақиллоқ ясардик, дейди Каримжон ака.

Ғофиржон ака сўзларига кўра, қибрайликлар ясаган “пақилдоқ”лар ҳозирги пиротехника воситаларидан асло қолишмаган.

-Гарбитдан қилганмиз. Консерва банкасини оласиз. Унинг тагини озгина тешиб қўясиз. Ерга кўмасиз ва унга озгина сув қуясиз. Гарбитдан газ чиққандан кейин гугурт чақиб тешигига тутсангиз¸ банғиллаб портларди. Роса ўйнаганмиз. Атрофга сачраб кетган¸ болаларга банка тегиб кетган ҳолатлар кўп бўлган. Лекин бирибир ўйнардик, дейди Ғофиржон ака.

Бугунги кунда ўзбек болаларига қўлбола пақилдоқнинг ҳожати йўқ. Улар учун замонавий пиротехника воситалари мавжуд.

- Мустақиллик бошланиши билан пиротехника воситалари ҳам кириб келди. Хитойга савдо йўли очилди. Шундан кейин пиротехника ўйинчоқлари ҳам кириб кела бошалади, дейди Ғофиржон ака.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан пиротехника воситалари тарқалишига қарши икки юзга яқин гуруҳ фаолият кўрсатаётганига қарамай¸ ўзбек болалари пиротехника воситаларини топиш имконига эгалигича қолаяптилар.

Ғофиржон ака: Менимча¸ ҳозир мактабларда пиротехника ўйинчоқларини сотиб ëтибди. Мактабда ўқийдиган неварам “Бува 500 сўм беринг” дейди. Шунақанги ўйинчоқ олгиси келади.

Каримжон ака:
Ҳа¸ бозорда очиқча. Янги йил олди бозорларга чиқади. Ҳар йили шу аҳвол.

Озодлик: Демак¸ Жиззах бозорларидан бемалол сотиб олиш мумкин?

Каримжон ака: Албатта¸ мумкин.
XS
SM
MD
LG