Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:28

Қамоқдаги зўрлашлар мунтазам тус олган


Қамоқдаги қийноқлар акса этган суратлардан айримлари.
Қамоқдаги қийноқлар акса этган суратлардан айримлари.

Маҳбус ёки маҳбусалар номусига тажовуз қилишнинг, айниқса, тергов жараёнларида кузатилаётгани, бу каби ноинсоний ҳаракатларнинг эса, асосан, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан амалга оширилаётгани айтилмоқда.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти оммага ошкор қилган сурхондарёлик уч опа-сингил фожиаси ҳақида Озодлик батафсил маълум қилган эди.

“Эзгулик” хабарида Тошкентда аввалига безориликда айбланиб, сўнгра босқинчига чиқарилган уч опа-сингилнинг милиция ходимлари томонидан ҳисбхонада зўрлангани айтилади.

Маҳкумаларнинг қариндоши Абдусамат Соатов Озодлик билан суҳбатда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бошқармасида унинг бир опаси ва икки синглисининг номусига тажовуз қилиниш воқеасини гапириб берди.

-Синглим “Ўша куни 12 нафар одам бўлган” дейди. Ҳеч ким бўйнига олмаяпти. Синглимни ҳам¸ опамни ҳам¸ нима десам¸ ўртага қўйишган ифлослар. Ҳозир бирортаси тан олмаяпти. Прокуратурага берсам¸ Мирзо Улуғбек туман прокуратураси “Ўша куни байрам куни бўлган. Соат 12 дан 2 гача участка нозирлари ҳам келган. Кўпчилик бўлган. Ким қилганини ким билади” деяпти дейди Абдусамат Соатов.

Тергов давомида зўрлангани айтилаётган опа-сингилларнинг ўртанчаси Райҳон Соатова айни пайтда қамоқхонада бўлиб, унинг ҳозирда етти ойлик ҳомиладор экани маълум.

Абдусамат Соатов опа-сингилларининг зўрланиш воқеаси бўйича Ўзбекистон Бош прокуратурасига мурожаат қилганини, бироқ бирорта ҳам жавоб олмаётганини билдирди.

Бу юзадан Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқовага мурожаат қилдик.

- Бош прокуратурага¸ адашмасам¸ кунига 1000 дан ошиқ шикоятлар келади.Сиз айтганингиз - бу хусусий воқеа. Майли Абдусамат Соатов шунақа ариза берган бўлса¸ мана ҳозир мен фамилиясини ëзиб олдим¸ озгина вақт берсангиз¸ мен улардан сўраб кўришим керак¸ нима билан тугаган- тугамаганини билишим керак, дейди Светлана Ортиқова.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, тергов жараёнида зўрланган сурхондарёлик опа сингиллари воқеаси Ўзбекистондаги ягона ҳолат эмас.

- Бундай ҳолатлар систематик авж олганига кўп йиллар бўлиб кетди. Айнан қийноқларни айтаяпман. Қийноқларнинг бир тури сифатида номусга тегиш¸ зўрлаш ҳолати ҳам систематик аҳамият касб этади. Бемаънигарчиликнинг чегараси бўлмайди¸ деган ибора бор. Худди шунга ўхшаб қийноқларнинг ҳам чегараси йўқ. Зўрлаш - қийноқ кўринишларидан биттаси. Кейинги пайтда аëл ëки эркак бўлган гумондорларни зўрлаш¸ уларнинг нафсониятига тегиш ҳолатлари кўплаб учраяпти. Эркакларнинг номусига тегиш¸ зўрлаш ҳолатлари ҳам бор, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова ҳам Ўзбекистон ҳибсхоналарида маҳбус ва маҳбусаларни зўрлаш ҳолатлари мунтазам кўриниш касб этаётганини айтади.

- 2004 йилдан 2006 йилгача мен Ҳюман Райтс Уотчда таржимон бўлиб ишлаб юрганимда жуда кўп суд процессларида қатнашардим ва суд документларини таржима қилардим. Шу документларда маҳбус аëлларни зўрлаш¸ эркак маҳбусларнинг аëлларини зўрлаш билан таҳдид қилиш¸ эркак маҳбусларни зўрлаш ҳолатлари жуда кўп учраб турган.
Масалан Дармон Султонова. Дармон опанинг иккита ўғлини террорчиликда айблаб¸ улардан керакли маълумотни олиш учун оналарини ечинтириб ўғилларининг олдида кўрсатишган. Ëки Мадина Қаюмова деган аëл бор. 2003 йилда террорчилик билан қамалган. У ҳам ва бошқа кўплаб аëллар ҳам шу каби воқеаларни гапириб беришарди. Бунақа ҳолатлар жуда кўп учраб туради, дейди Умида Ниёзова.

Умида Ниëзова Ўзбекистонда маҳбусларни зўрлаш сингари ғайриинсоний ҳолатларнинг кўпайиш сабабларини мавжуд тузим сиёсати билан боғлайди.

- Чунки Ўзбекистонда тергов системаси¸ суд системаси ëпиқ система. Ҳеч қанақа назорат йўқ. Фақатгина расмий прокуратура назорати бор¸ лекин бу ҳам ëпиқ. Жамоатчиликнинг ëки инсон ҳуқуқлари гуруҳларининг қамоқхоналарга кириб вазиятни ўрганиб чиқишининг иложи йўқ. Бунақа назоратсиз ҳолатда ғайриинсоний қийноқлар жуда ҳам ривожланган, дейди Умида Ниёзова.
XS
SM
MD
LG