Линклар

Масжидлар ғалвирдан ўтказилмоқда

  • Гулнора Равшан

Қайта рўйхатдан олиш учун саноқли кунлар қолаëтган бўлса-да¸ ҳамон рухсат тегмаган 2000 дан ошиқ масжидлар¸ 2010 йилни ëпиқ эшиклар билан қаршилашга мажбур.

Қайта рўйхатдан олиш учун саноқли кунлар қолаëтган бўлса-да¸ ҳамон рухсат тегмаган 2000 дан ошиқ масжидлар¸ 2010 йилни ëпиқ эшиклар билан қаршилашга мажбур.

Тожикистонда “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Жамоати таблиғ” ва “Ҳизбут-Таҳрир” каби диний-экстремистик гуруҳларнинг фаоллашаётгани ва уларнинг масжидларда тарғибот ишлари олиб бораётгани важидан республикадаги барча масжидлар қайта давлат қайдидан ўтказилмоқда.

Тожикистон Маданият вазирлигининг Диний ташкилотларни қайдга олиш бўлими масъулларидан бири Ҳабибулло Анақулов республикада масжидларни давлат қайдига олиш жараёни икки ойдан буён давом этаётганини билдирди.

- Шу кунгача республикадаги 1500 масжид расман қайдга олинди.Бу рўйхатга мусулмонлар масжиди билан бирга насронийлар, яҳудийлар ҳамда шиа мазҳаби вакиллари ибодатхоналари ҳам киради. Айни пайтда бўлимимиз экспертлари 2500 масжидга тегишли ҳужжатлар устида иш олиб бормоқда, деди вазирлик расмийси Анақулов.

Расмийнинг билдиришича, Тожикистондаги масжидлар фаолиятини текшириш ва уларга тегишли ҳужжатларни қонунийлаштириш жараёни шу йил декабр сўнггига қадар давом этади ва 2010 йилдан фақат давлат қайдидан ўтган масжид ва ибодатхоналаргина фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Анақулов масжидларни қайдга олиш тадбирининг мамлакатда янги қабул қилинган “Дин ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун” доирасида амалга оширилаëтганини билдирди. Мазкур қонун эса шу йилнинг 25 март куни президент томонидан имзоланиб¸ кучга кирган ва дарҳол халқаро ҳуқуқ ташкилотлари томонидан¸ Тожикистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларга зид ҳужжат сифатида танқид қилинган эди.

Халқаро экспертлар ҳамда тожикистонлик уламолар аввалгисидан ер билан осмонча фарқ қилувчи янги қонун кўпроқ диндорлар ҳуқуқлари ва масжидлар фаолиятини чеклаб қўйганидан ташвиш билдиришган эди.

Тожикистон Маданият вазирлиги расмийси Анақулов қонунни амалга татбиқ этишнинг нормал жараëн эканини таъкидлаëтган бир пайтда¸ тожикистонлик уламолар масжидларни қайддан ўтказишнинг ўзлари учун оғир кечаётганидан шикоят қилишмоқда.

-Ҳужжатларни вазирликка топширганимизга анча бўлди. Лекин “бугун кел¸ эрта кел, у справка, бу справка” каби инжиқликлар бездирди. Бир сўз билан айтганда¸ масжидлар ғалвирдан ўтказилаяпти, дейди ҳозирча давлат қайдига олинмаган Душанбе шаҳридаги масжид имом хатибларидан бири Абдулқосим Қосимов.

Суҳбатдошимиз қайдга олиш жараёнида ошна-оғайнигарчилик, пора олиш каби ҳолатлар кузатилмаётган эсада, ҳужжатларни ўрганаётган махсус гуруҳ диндорларни “эзиб юбораётгани”дан шикоят қилди.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Саидаҳмад Қаландар масжидларнинг давлат томонидан қайдга олиниши бир жиҳати билан яхши бўлса, бошқа жиҳати билан тожикистонлик мусулмонлар ҳуқуқларининг поймол қилиниши эканини айтади.

Кузатувчига кўра¸ сўнгги пайтларда мамлакат масжидларида диний- экстеримистик гуруҳлар тарғибот ишлари олиб бораётганига доир бир неча ҳолат қайдга олинган ва Ҳизбуут-Таҳрир ва салафийлик ғояларини тарғиб қилиб¸ қўлга олинганларнинг кўпи ёшлар ва ижтимоий –иқтисодий муҳофазасиз қолган аёллардир.

Шундай бўлса-да¸ Саидаҳмад Қаландар ҳукуматнинг экстремистик гуруҳлар боис қўллаëтган бундай ëндашувини ëқламаслигини айтади.

-Лекин ҳукуматнинг тақиқланган диний-экстремистик ташкилотлар фаолиятига масжидлар фаолиятини чеклаш билан зарба бериши мутлақо хатодир. Бу - мусулмонлар ҳуқуқларини оёқ ости қилиш ва улар диний эркинликларини чеклашдан ўзга нарса эмас, дейди таҳлилчи.

Таҳлилчи¸ ҳозирча ҳужжатлари Маданият вазирлигида ўрганилаётган 2000 дан ортиқ масжиднинг давлат қайдидан ўтиб¸ 2010 йилда ўз фаолиятини давом эттиришига шубҳа билдиради.
XS
SM
MD
LG