Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:32

"Қамоқхоналарда жанггари Ислом кучаймоқда"


Айтилишича¸ қамоққа ташланаëтган ҳизбчилар камерадошларини ўз ғояларига даъват қилиб¸ мақсадларига эришмоқдалар ҳам.
Айтилишича¸ қамоққа ташланаëтган ҳизбчилар камерадошларини ўз ғояларига даъват қилиб¸ мақсадларига эришмоқдалар ҳам.

“Марказий Осиё қамоқхоналари жанггари Ислом ғоялари ўчоғига айланяпти. Бу эса минтақадаги узоқ муддатли барқарорликка таҳдиддир”¸ дейилади Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ҳозирлаган янги ҳисобот хулосасида.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи ўтказган тадқиқот хулосасига кўра, Марказий Осиё ҳукуматларининг исломий гуруҳларга нисбатан тутаëтган қаттиққўл сиёсати жанггари Исломни кучайтирмоқда, холос.

Гуруҳнинг Осиё дастурлари бўйича директори Роберт Темплернинг Озодликка айтишича, қамоқхоналардаги бундай ҳолатлар бўйича Марказий Осиёнинг икки давлати –Қозоғистон ва Қирғизистонда тадқиқотлар олиб борилган.

- Бу ҳисобот¸ асосан¸ Қозоғистон ва Қирғизистон қамоқхоналаридаги вазиятни акс эттиради. Бизга маълум бўлишича, Ҳизбут-Таҳрир партияси аъзоларини қамашнинг авж олиши яхши натижа бермаяпти. Масалан, улар қамоқхоналар ичида жиноий гуруҳларга таъсир ўтказиб, улар билан қовушиб тобора қудратли бўлиб бормоқда ва дунё бўйлаб террорчи ташкилотларга янги жанггариларни ёллаш имконини яратмоқда, дейди Роберт Темплер.

Таҳлилчи сўзларига кўра, жаҳолатдан фақат жаҳолат туғилади ва Марказий Осиё ҳукуматларининг диндорларга қарши ўтказаётган репрессив сиёсати минтақадаги барқарорликни хавф остига қўяди.

Роберт Темплер: Бизнинг фикримизча, диндорлар табақаланиши лозим. Агар жанггари эктремистлар ва зўравонликни қўллаб-қувватламайдиган оддий мусулмонлар бир хил андаза билан ўлчанса ва улар диндорлиги учун бир хилда таъқиб қилинаверса,ўз-ўзидан террорчи ташкилотларга янги аъзолар ёллаш имконини берувчи вазият пайдо бўлади.

Озодлик: Бу борада Ўзбекистондаги вазият ҳақида нима дейсиз?

- Ўзбекистон қамоқхоналарини ўрганишга имконият топмаган бўлсак ҳам¸ вазиятнинг қўшни давлат қамоқларига уйқашлигигини тахмин қиламиз. Айни пайтда¸Ўзбекистондаги вазиятнинг Қирғизистон ва Қозоғистондагидан анча фарқ қилади. Бу ердаги режим маҳбусларга нисбатан ўта шафқатсиздир. Жаслиқ каби зоналардаги қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муносабат мутлақо ўзгачадир. Ўзбекистон қамоқхоналарида диндорлар қаттиқ назорат қилинишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ердаги исломий жанггарилик қўшни Қирғизистон қамоқхоналарига нисбатан бир оз чекланган бўлиши мумкин. Бироқ қўшни давлатлар қамоқхоналарида жазони ўтаб¸ радикаллашиб чиқадиган маҳбуслар Ўзбекистонга кўпроқ таҳдид туғдиради, дейди Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳининг Осиё дастурлари бўйича директори Роберт Темплер.

Ўзбекистон қамоқхоналарида узоқ йил ўтириб чиққан имом Муҳаммадсолиҳ Обутов, Роберт Темплер гапларида жон борлигини айтади.

- Менинг фикримча¸ шу гап тўғри бўлса керак. Нимага деганда¸ Ўзбекистон турмаларида¸ дейлик битта зонада 5000 нафар одам бўлса¸ 500 нафари диний сабабар билан ўтирган одамлар дейлик¸ 4500 нафари бошқа моддалар билан тушган. Эрталабдан кечгача ҳалигилар битта жойда яшайди¸ битта жойда ëтиб туради¸ ҳар доим биргада. Наригилар билан суҳбатлашиш жараëнида иймон¸ Исломни тушунтириш¸ хуллас Исломни ўрганиб¸ таълим олиб¸ диний тушунча пайдо қилганлари кўпда. Бу нарса террористик ҳаракатга олиб келади¸ деган фикрга қўшилмайман. Лекин онгли равишда ҳукуматга қаршилик қиладиган одамларни кўпайтириши аниқ. Чунки муҳит шундай. Ўтирган диндорларнинг зулмда ўтирганлиги¸ наригиларнинг ҳам раҳми келиб¸ буларга қўшилиб¸ уларнинг ҳам зулмга қарши бош кўтариши¸ яъни уларга нисбатан умумий бир нафратнинг пайдо бўлиш муҳити зоналарда бор¸ дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

Узоқ йиллар ўзбек турмаси азобини чеккан имомга кўра, ҳақиқатан ҳам қамоққа тушган ўғри, қотил сингари жиноятчиларнинг аксарияти қамоқда исломий тарбия олиб, тўғри йўлга қайтишади. Бироқ, Муҳаммадсолиҳ Обутов уларнинг исломий жанггари бўлиб кетиши ҳақидаги фикрларга қўшилмайди.

- Бунинг олдини олиш учун алоҳида ажратиб ҳам қўйди. Кейинчалик алоҳида қила олмай аралаштириб қўйди. Нариги моддалардан ким намоз ўқишни бошласа¸ уриб-сўкиб қамаб ҳам юрадиган бўлди. Бундайлар ҳам бўлди. Бундайларнинг ичида раскрутка қилинганлари ҳам бўлди. Товоқсойда мен танийдиганларнинг кўпи раскрутка бўлиб кетди. Террористлар тайëрлайдиган жой демайман¸ лекин диний тушунчалар анча кенгроқ тарқаладиган муҳит бор у ерда¸ дейди асли ўзбекистонлик, ҳозир Швецияда муҳожирликда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Обутов.
XS
SM
MD
LG