Линклар

Контрабандага божгирлар ҳам шерик


Жорий йилда контрабандага алоқадорликда айбланиб Тожикистоннинг 4 божгири ва 5 чегарачиси қамоққа олинган.

Жорий йилда контрабандага алоқадорликда айбланиб Тожикистоннинг 4 божгири ва 5 чегарачиси қамоққа олинган.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти божхоначилари томонидан Ўзбекистондан ўтказилган катта миқдордаги контрабанда мусодара қилинди. "Қўлга олинган мол нархи 20 минг доллардан ортиқ",дейилади тергов материалларида. Жорий йил 10 ойи мобайнида Ўзбекистондан ўтказилган контрабанда миқдори 100 тоннадан ошган.

Сўғд вилояти божхона бошқармаси контрабандага қарши кураш бўлими вакиллари вилоятга Ўзбекистондан ноқонуний йўл билан олиб кирилган икки ярим тонна қандолат маҳсулотлари ва 60 тоннадан ортиқ минерал ўғит, шунингдек, қиймати уч минг долларга тенг ички кийимни мусодара қилишди.

Контрабандага қарши кураш бўлими раҳбари Қиёмиддин Насреддиновнинг сўзларига кўра, контрабандани Тожикистон томонига ўтказган ўзбекистонликларни қўлга олиш имкони бўлмаган.Тожикистонлик ҳайдовчилар ҳибсга олинган.

- 17 ноябр куни контрабанда Тожикистоннинг Спитамен ва Ўзбекистоннинг Бекобод туманлари ўртасидаги Ҳаштияк қишлоғида ҳамда Бобожон Ғафуров туманида мусодара қилинган.Бунчалик кўп миқдордаги маҳсулотни Тожикистон ҳудудига киритиш учун бақувват ҳомийси бўлиши керак.Чунки у машинами ёки одамми чегарада аввал чегара масканидан ўтади, -дейди Қиёмиддин Насреддинов.

Унинг гаплари мазмунидан божхоначиларнинг котрабандистлар билан хуфя алоқаси бор? Шундайми? Бу саволни Сўғд вилояти божхона бошқармаси вакилига бердик.

- Ҳақиқатан бу жуда дардли мавзу. Барча идораларда бўлгани каби божхона ходимларининг ҳаммаси хам дили ва қўли тоза одамлардан иборат,десам нотўғри бўлар.2009 йилда икки нафар божхоначи пора билан қўлга тушган эди.Шундан кейин, бошқармада қаттиқ назорат ўрнатилди, - дейди вилоят божхона бошқармаси вакили Султон Эрбоев.

Вилоят прокурори ўринбосари Музаффар Боқиевнинг айтишича, куч ишлатиш тизимлари вакиллари томонидан жиноятга қўл уриш ҳоллари йил сайин ошиб бормоқда.

- Жорий йил ўн ойи давомида 4 божхоначи ва 5 чегарачи устидан жиноят иш очилган.Улар пора олиш пайтида ҳибсга олинган, - дейди Музаффар Боқиев.

Оддий тожикистонликлар фикрича, бугунги кунда ўзбек-тожик чегараси шу ерда хизмат килаётган чегарачилар ва божхоначилар учун мўмай пул топиш масканига айланиб колди. “Пул берилса бас, ҳар қандай нарсани ўтказса бўлади”, дейди улар.

- Рости гап, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидан ўтмоқчи бўлган фуқаролар ўйлаб ҳам ўтирмайди.Чунки, мана шу постларда турган чегарачиям,божхоначиям ўзиниг унвонига яраша иш тутмаяпти.Агар пулини тўласангиз,турли моллар у ёқда турсин ҳаттоки қурол-яроқни ҳам ўтказиб юборишади.Бунга 1998 йилда Махмуд Худойбердиев бошлиқ жангариларининг ҳеч бир тўсқинликка учрамай вилоят ҳудудига кириб келишганини мисол келтириш мумкин, - дейди суҳбатдош.

Кузатувчиларнинг таъкидлашларича карвон-карвон юклар Ўзбекистондан Тожикистонга, Тожикистондан Ўзбекистонга ўтиб келмоқда. Бу юклар учун ҳеч қандай божхона тўловлари олинмайди.Тўғрироғи, давлат хазинасига эмас, балки чўнтакларга тушмоқда.

Вилоят божхонаси маълумотларида айтилишича, жорий йил ун ойи мобайнида божхоначилар томонидан 100 тоннадан ортиқ контрабанда Ўзбекистондан Тожикистон ҳудудига олиб кирилишига чек қўйилган.
XS
SM
MD
LG