Линклар

logo-print

"Шаҳидлар рўйхати"да Тоҳир Йўлдош йўқ


Тоҳир Йўлдошнинг тириклиги ёки ҳалок бўлгани тўғрисида ишончли маълумот йўқ.

Тоҳир Йўлдошнинг тириклиги ёки ҳалок бўлгани тўғрисида ишончли маълумот йўқ.

Ўзбекистон исломий ҳаракати 17 декабр куни "1430 ҳижрий, 2009 милодий йилдаги шаҳидлари" рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда номи келтирилган 18 киши ичида шу йилнинг сентябр ойи бошида ўлдирилгани айтилаётган Тоҳир Йўлдош қайд этилмаган. Номлари қайд этилган шаҳидларнинг асосий қисми ўзбекистонликлардир.

Ўзбекистон исломий ҳаракати интернетда эълон қилган 18 кишидан иборат рўйхатда жангларда ҳалок бўлган ва худкш ҳужумчи сифатида ҳалок бўлганлар номи келтирилган. Улардан 9 нафари Ўзбекистондан камида ўн йил олдин ҳижрат қилган одамлардир. Ҳаракатнинг асли Афғонистон, Германия, Қирғизистондан бўлган аъзоларидан бир нафардан, Татаристон, Покистон ва Тожикистондан келган аъзоларидан икки нафардан одам рўйхатдан жой олган.

Ўзбекистон исломий ҳаракати "шаҳид" деб атаётганлар орасида 15 ёшли Аҳмад ҳам бор. Унинг таржимаи ҳолида айтилишича, асли Тожикистондан бўлган Аҳмад отаси томонидан “Аллоҳ йўлида қурбонликка ажратилган”.

“Умрининг сўнгги кунлари Аҳмаднинг юзидан шунчалик гўзал нур таралар эдики, уни кўрган биродарлар шаҳид бўлса керак деб гумон қилишар эди. Ҳақиқатан ҳам гумонлари тўғри чиқди”, деб ёзилади унинг таржимаи ҳолида.

Худкушлардан яна бирига берилган таърифни ўқиймиз.

“Абдул Малик биродаримиз хоразмлик мужоҳидларимиздан. У 28 шаъбон, 1430 йил, 19 август, чоршанба куни шом намозидан ярим соатча олдин Шимолий вазиристондаги Мирали ва Мироншоҳ шаҳарлари ўртасидаги Покистон кофирларининг “Ишагет” номли стратегик муҳим постига бир ярим тонна портловчи модда юклатилган маркаб билан фидойилик ҳужумини уюштирди. Амалиёт натижасида 30 га яқин кофир ўлди”, дейилади Ўзбекистон исломий ҳаракати эълон қилган "шаҳидлар рўйхати"да.

Покистонлик журналист ва таҳлилчи Аҳмад Рашид фикрича, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг йўқотишлари рўйхатда номи келтирилган 18 кишидан кўпроқ бўлиши мумкин:

- Албатта, бундан кўпроқ одам ўлган бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон исломий ҳаракати Вазиристон, Покистон, Афғонистонда жанглар олиб борди. Шунингдек, улар Қирғизистон ва Тожикистон ичида ҳам ҳужумлар уюштирди.

Албатта, бу ҳудудларда қанча гуруҳ бор, улардаги жангарилар сони қанча ва уларнинг қанчаси ўлганини биз аниқ билмаймиз. Шунингдек, бу рўйхатда фақат бир гуруҳдан берилган шаҳидлар номи борми ёки бир неча гуруҳ жангарилари – буни ҳам билмаймиз, -дейди Аҳмад Рашид.

Рўйхатда номи келтирилган 18 киши ичида шу йилнинг сентябр ойи бошида ўлдирилгани айтилаётган Тоҳир Йўлдош қайд этилмаган.

Сентябр ойи охирларида Покистондан ўзини Тоҳир Йўлдошнинг сафдоши ва тансоқчиси деб танитган кимса Озодлик радиосига телефон қилиб, ўша ой бошида Тоҳир Йўлдош яраланиб бир оёғидан айрилгани ва эртаси куни жон таслим қилганини маълум қилган эди.

Саноқли кунлар ўтиб ўзини Ўзбекистон исломий ҳаркатининг вакили Абдул Фаттоҳ Аҳмадий деб танитган шахс Озодлик радиосига электрон мактуб йўллаб, Тоҳир Йўлдошнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар ҳақиқатдан йироқлигини маълум қилган эди.

Тоҳир Йўлдош ҳалок бўлгани ҳақда аввал ҳам бир неча бор хабар қилинган ва Тоҳир Йўлдош ўзининг ўлими ҳақидаги хабарларни инкор этиб келган.

Ноябр ойининг ўрталарида унинг тириклигига далил сифатида Ўзбекистон исломий ҳаракати сайтида видеоёзув ҳам эълон қилинган ва Ҳайит арафасида унинг табриги тасвирга олинган видеоёзув тарқатилган эди.

Ҳозирча, ҳеч бир халқаро ташкилот ёхуд ушбу ҳаракат тақдирини кузатаётган хорижлик экспертлар сўнгги аудио-видео мурожаатларнинг ҳақиқий ёки сохта экани, Тоҳир Йўлдошнинг тирик ёхуд ўлгани ҳақида аниқ гап айта олмаяптилар.

- Тоҳир Йўлдошев масаласига келадиган бўлсак, у ўлганми ёки тирикми, деган масалада ҳам зиддиятлар жуда кўп. Америка томонига кўра, у ўлган. Аммо унинг тириклиги ва Покистондалиги ҳақида овозалар кўп. Яъни биз бу борада ҳақиқатни билмаймиз ва минтақадан келаётган хабарларни ҳам тугал аниқлаштира олмаяпмиз,-дейди покистонлик журналист ва таҳлилчи Ахмад Рашид.

Бироз вақт муқаддам Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Озодликка боғланган собиқ аъзоларидан бири эса Тоҳир Йўлдошнинг ўлдирилишини кўрганлар билан телефон орқали суҳбатларига асосланиб, ҳаракат етакчисини ўлган, деб таъкидлаган эди.

Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракатига катта талафот етказилди, етакчининг ўзи ўлдирилди, деган хабарлар пайдо бўлганидан сўнг ўша пайтда Вазиристонда бўлган ва ҳануз ҳаракат сафида қолган танишларидан бирига сим қоққан.

- Телефон қилсам¸ ўғли кўтарди. “Даданг қаерда?” десам¸ “Дадам жиҳодга кетган. Уйда йўқ” деди. Кейин бизга “Амаки¸ келмайсизми? Роса жиҳод бўлаяпти бу ëқда. Роса урушишаяпти. Дадам йўқ. Бир ой бўлган кетганига” дедида¸ шундан кейин икки ойдан кейин шунақа хабарни эшитдик. Бизнинг олдимиздан кетган бола¸ у бола Вазиристондан¸ бизга Тоҳирнинг қандай ўлгани¸ қанақа бўлгани¸ Яҳëнинг қандай ўлгани¸ ҳаммасини тушунтириб берди. “Тоҳир бир жойда турган эди. У ерни разведка қилиб кетди. Кейин бошқа жойга кўчди. Кўчгандан кейин унинг ўрнига араблар келди. Тоҳир “Нимага менинг жойимга келдинг?” деб қайтиб келган пайтида¸ арабларни урамиз деб келганлар Тоҳирни уриб қўйишди. Шунда роса кўпчилик болалар кетди” деди. Ўрнига Абдураҳмон деган одам қолган,- деган эди Озодлик мухбири билан суҳбатлашган ва ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси сифатида таништирган аёл.

Тоҳир Йўлдошнинг "шаҳидлар рўйхати"га киритилмагани ҳам бир томондан унинг тирик эканига ишорат, иккинчи томондан эса “Ўзбекистон исломий ҳаракати мафкуравий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда унинг ҳалок бўлганини яширишга ҳаракат қилмоқда”, деган таҳминга сабаб бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG