Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:46

Ҳуқуқ ҳимоячисининг суди давом этмоқда


Ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов Ўзбекистон Конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.

Қашқадарё вилоят жиноий ишлар судида ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги устидан маҳкама жараёни давом этаяпти. Ғайбулло Жалилов ва унинг шериклари Қаршидаги бир қатор объектларни, жумладан, Қарши шаҳар аэропорти ва “Хонобод” ҳарбий базасини портлатишга тил бириктиришда айбланаяптилар.

Қашқадарё вилоят жиноий ишлар судида судя Нурилло Зиёдуллаев раислигида ўтаётган Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги иши бўйича жараёнда гувоҳлар кўрсатмалари тингланаяпти.

Ғайбулло Жалиловнинг укаси Нурмат Жалиловнинг Озодликка маълум қилишича, маҳкамада қатнашаётган гувоҳлар дастлабки терговдаги кўрсатмаларидан воз кечишаяпти.

- Еттитами, саккизтами гувоҳ кирди. Олдин берган гувоҳлик билан кеча берган гувоҳлик умуман бир бирига тўғри келмади. Гувоҳлар кеча судга “улар ҳеч нарса қилгани йўқ” деди. Лекин қоғозга “Булар портлатамиз деб бизга таклиф қилган”, деб ëзилган. Энди эса гувоҳлар “Йўқ¸ у нарсани айтганимиз йўқ. Ўзларингиз ëзгансизлар”, деяпти. Мажбурлаб ëздиришди деган гап чиқаяпти, - дейди Нурмат Жалилов.

Маҳкамада ўқилган айблов хулосасига кўра, Ғайбулло Жалилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) бўйича айбланаяпти.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораевага кўра, Ғайбулло Жалилов уч нафар шериги билан биргаликда Қашқадарёдаги бир қатор объектларни портлатишни режалаганликда айбланмоқда.

- Қаршидаги аэропортга бомба қўйиб портлатмоқчи бўлган деган айбловлар илгари сурилган. Кейин Хонободни портлатмоқчи экан¸ Қарши шаҳридаги илгариги Америка базаси жойлашган Хонобод - ўшани портлатмоқчи бўлганликда айблашаяпти, дейди Гулшан Қораева.

Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темировага кўра, эри ва унинг шерикларига вилоят ҳокимлиги ва МХХ биноларини ҳам портлатишни режалаштириш айби юклатилаяпти.

- Қораловчи : “Сизлар ҳокимиятни¸ СНБни портлатмоқчи бўлибсизлар”¸ деяпти. Судланаëтганларга ҳам сўз берилар экан-ку, судда. Ўша куни ҳаммаси панжаранинг ичидан туриб “Бизга туҳмат қилаяпсизлар”, дейишаяптилар, дейди Муқаддас Темирова.

Гулшан Қораевага кўра, Ғайбулло Жалилов вилоятдаги объектларни портлатиш режасига раҳбарлик қилганликда айбланяпти.

Гулшан Қораева: Судланаётганларнинг биттаси “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов. У 1973 йилда туғилган. Кейин Содиқов Ўткир Неъматович. 1967 йилда туғилган. Бобомуродов Юсуф Жумаевич. 1971 йилда туғилган. Кейин Ғайбулла Жалилов.

Озодлик: Буларнинг қайси бири раҳбар қилиб кўрсатилаяпти?

Гулшан Қораева: Ҳамма нарсани Содиқов Ўткирга нисбатан дейишаяпти. Лекин бошқа бир манбаларнинг гапига қараганда Ғайбулла Жалилов бошчи эмиш.

Озодлик: У шаҳардаги объектларни портлатиш режасига бошчи деб айтилаяптими?

- Ҳа, шунга ўхшайди, дейди Гулшан Қораева.

Қаршилик ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов жараёнида Ғайбулло Жалилов ва унинг шерикларига нисбатан қийноқлар қўлланилган ва судланувчилардан бири, “Насаф” футбол командасининг тренери Файзулло Очилов қийноқларга чидай олмай ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдужалил Бойматов ҳуқуқ фаоли Ғайбулло Жалиловнинг сохта айбловлар билан маҳкамага тортилганини айтар экан, ташкилот фаолларига нисбатан 1992 йилдан буён таъқиб давом этаётганини билдиради.

- Ислом Каримов 20 йилдан бери ўзининг режимини ушлаб туриш учун, одамларни доим қўрқувда ушлаб туриш учун ислом экстремизми¸ терроризмга қарши кураш ниқоби остида мухолифат вакилларини ҳам доим таъқибга олиб келади.

Одатда бунақа таъқиблар парламент сайловлари¸ президент сайловлари олдидан бўлади ва жуда кўп одамлар қамалади. Ғайбулла Жалилов мисолида кўришимиз мумкин. Унга 159- модда қўйилаяпти. Бу 159- модда Конституцион тузумга қарши, деб баҳоланади. Лекин Ўзбекистонда Конституцион тузумга таҳдид солиш учун молиявий ва ташкилий томондан кучли ташкилот бўлиш керак.

Ўзбекистонда бунақа ташкилотлар йўқ. Бунақа бўлишига йўл қўйилмайди ҳам. Шунинг учун бу нарсаларнинг ҳаммаси сохта. Фақат Ислом Каримовнинг ўзи Конституцияни бузди. У Конституцияни бузиб, президент бўлиб келаяпти. Бу ҳақиқий Ўзбекистон Конституцион тузумини бузиш, -дейди Абдужалил Бойматов.

Ғайбулло Жалилов 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган эди.

Орадан уч кун ўтиб, у милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлган.

24 ноябр куни Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги сиёсий мотивлар билан айбланиб маҳкамага тортилди.

Ғайбулло Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг ўн бир нафар фаоли мамлакат қамоқхоналарида қолаётир.
XS
SM
MD
LG