Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:03

Обама Медведев билан музокара олиб боради


АҚШ президенти Барак Обама Копенҳаген шаҳрида ўтаётган иқлим ўзгаришига бағишланган саммит чоғида Россия президенти Дмитрий Медведев билан учрашиб, икки давлат ўртасида ядровий қуролларни қисқартириш битими ва шу билан боғлиқ музокаралар жараёнини муҳокама этади.

Бу ҳақда Оқ уйнинг мартабали расмийларидан бири маълум қилди.

Аммо Копенҳагенда бўладиган учрашувда президентлар битим борасида келишувга эришишлари даргумон.

Россия ва АҚШ расмийлари стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш бўйича совуқ уруш даврида эришилган келишув ўрнини боса оладиган ҳужжат борасида музокаралар олиб бормоқдалар.

1991 йилда имзоланган ва амал қилиш муддати шу йил 5 декабр куни тугаб бўлган мазкур келишув стратегик қуролларни назорат қилишнинг асосий пойдевори ҳисобланган.

Ушбу келишув шартларига мувофиқ АҚШ ва Россия ўз арсеналидаги ядровий қуроллар сонини қисқартиришга келишиб олган эди.

АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев апрел ойида Стратегик қуролларни қисқартириш бўйича музокараларни қайта бошлашга келишиб олган эди.

Июл ойидаги Москва саммитида эса АҚШ ва Россия президентлари ядровий каллаклари сонини 1500 тадан 1675 тагача қисқартиришга рози бўлгандилар ва бу борада тўла тўкис битим йил охирига қадар имзоланишини таъкидлашган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот вакили Майкл Ҳэммер Вашингтон Россия билан ядровий қуролларни қисқартириш тўғрисидаги битимни йилни оҳирига қадар имзолашга ҳали ҳам умид қилаётганини билдирди.

Жаноб Ҳэммерга кўра, Вашингтон Россия билан шундай шартномани имзолашдан манфаатдор.

Аввалроқ Россия АҚШни шартнома муҳокамасини чўзаётганликда айблаган эди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг таъкидича, Копенҳагендаги иқлим ўзгариши саммити чоғида АҚШ ва Россия президентлари бу борада келишувга эришишлари даргумон.
XS
SM
MD
LG