Линклар

logo-print

Лавров Тошкентга отланди


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга ташрифи АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари тиғизлашаётган пайтга тўғри келди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга ташрифи АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари тиғизлашаётган пайтга тўғри келди.

Шу йилнинг 21-22 декабр кунлари Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Бу ҳақда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилади.

Лавровнинг ўзбек расмийлари билан учрашуви кун тартибига, жумладан, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ҳамда Россиянинг 2010 йилда МДҲга раислиги чоғида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлиги, шунингдек, Афғонистондаги вазият ҳақида фикр алмашувлар киритилган.

Музокаралар якунида Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2010 йил учун ҳамкорлик дастури имзоланиши режаланган.

Россия Ташқи ишлар вазирининг Тошкентга ташрифи АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари тиғизлашаётган бир пайтга тўғри келди. Жумладан, 17 декабр куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги ўзбек мулозимлари АҚШга жўнаб кетди.

Регнум ахборот агентлигининг Ўзбекистон ҳукуматида ишловчи манбага таяниб хабар қилишича, ўзбекистонлик ва америкалик мулозимларнинг икки кун давомида ўтказажак музокаралари АҚШ ҳукуматининг Марказий Осиё мамлакатлари билан юқори даражадаги мунтазам мулоқот ўрнатиш янги механизми доирасидаги учрашув бўлади.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг айтишича, Ғарбнинг Ўзбекистон билан муносабатларни жонлантириш уриниши Aфғонистондаги вазият билан чамбарчас боғлиқдир. Бундай шароитда Россия ҳам Ўзбекистонни ўз таъсир доирасидан чиқармасликка ҳаракат қилади.

- Ўзбекистоннинг, объектив маънода, Марказий Осиëдаги роли бошқаларга қараганда жиддийроқ. Қолаверса¸ Марказий Осиëнинг халқаро саҳнада ҳозир нуфузи ошди¸ унга эътибор кучайди . Бунга сабаб, хусусан, Афғонистондаги вазият. Яқиндагина АҚШ президенти у ерга яна қўшинларини жўнатаяпти. Буни НАТО ҳам қўллаб-қувватлади. Ҳозир халқаро ҳамжамиятнинг эътибори яна бир бор Марказий Осиëга қаратилди.

Албатта бундай шароитда Россия қўл қовуштириб ўтира олмайди ва бу минтақа билан бўлган алоқаларини ревизия қилиб¸ истиқболларни яна янгидан белгилаб ҳаракат қилади. Менимча¸ мана шу йўлда ҳозир Россиянинг ҳам сиëсати минтақада жонлашиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслиги керак¸ - дейди Фарҳод Толипов.

Россия сиёсатида Ўзбекистон йўналиши алоҳида эътиборда эканини президент Дмитрий Медведевнинг бу мамлакатга жўнатилаётган янги элчисига берган йўлланмасидан ҳам англаса бўлади.

Медведев Россиянинг Тошкентдаги янги элчисига "Ўзбекистон минтақадаги энг асосий ҳамкор эканини, Кремлнинг минтақадаги сиёсати самараси айнан Тошкент расмийлари билан муносабатларнинг мустаҳкам бўлишига боғлиқ экани"ни алоҳида уқтирган.

Москвалик таҳлилчи Александр Габуев фикрича, Кремл ўзининг Ўзбекистонга таъсир кўрсатиш салоҳияти бошқа қудратли давлатларга нисбатан кучлироқ бўлишини истайди. Бироқ Россия бу масалада Ғарб давлатлари, минтақада эса Хитой билан рақобат қила олмайди.

- Россия ўз ҳарбий ва иқтисодий ҳозирлигини кучайтиришни, албатта, хоҳлайди. Аммо бунинг учун ресурслар мавжуд эмас. Оддийгина мисол: Хитой билан Россияни солиштириб кўрайлик. Хитой - бу номинал ялпи ички маҳсулот бўйича дунёдаги учинчи иқтисоддир. Харид қилиш салоҳияти бўйича дунёдаги иккинчи иқтисоддир. Беш йилдан кейин Хитой Японияни ортда қолдиради. Шунинг учун минтақада Хитой таъсири кучаяди. Россия эса Марказий Осиёда Хитой иқтисодига муқобил тарзда қандай иқтисодий ресурсларни таклиф қила олишини тасаввур ҳам қилолмайман, - дейди Александр Габуев.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Ўзбекистон Россиянинг МДҲ давлатлари билан савдо айланмасида Украина, Белорус ва Қозоғистондан кейинги 4-ўринни эгаллайди. 2009 йилнинг январ-октябр ойлари оралиғида бу икки мамлакат ўртасидаги савдо кўлами 2 миллиард долларни ташкил қилган. Ўзбекистонда шу кунларда 800 дан ортиқ Россия қўшма корхонаси фаолият юритмоқда.

Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аджар Куртовнинг айтишича, минтақага, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан Ғарб эътиборининг ортаётгани иқтисодий алоқалар масаласида Москва ва Тошкент муносабатларига сезиларли тарзда путур етказа олмайди.

- Бундай шароитда мен Марказий Осиё билан иқтисодий муносабатлар ўзгариши мумкин, деб ҳисоблайман. Лекин бу ўзгариш иқтисодий муносабатларнинг пасаймаслигида ва айни пайтда ривожланмаслигида намоён бўлади. Бундай ҳолат, айниқса углеводородлар савдоси ва машинасозлик соҳаларида яққол сезилади. Албатта, муносабатларнинг бундай ўзгаришига яқинда ишга тушган Туркманистон -Хитой газ қувури таъсир кўрсатади. Лекин бу иқтисодий ва сиёсий муносабатларнинг жиддий ҳамда кескин тарзда ўзгаришига туртки бўлмайди, - дейди Аджар Куртов.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Тошкентга сафари чоғида томонлар 2010 йил аввалида Москвада ўтказилиши режалаштирилган Россия-Ўзбекистон саммитига тайёргарлик масаласи ҳам муҳокама этилади.
XS
SM
MD
LG