Линклар

Сўғдда таблиғчилар қўлга олинди


Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг уюшган жиноятга қарши кураш бўлими маълумотларига кўра, таъқиқланган “Таблиғ жамоати” диний оқимига мансубликда гумон қилинган уч тожикистонлик ҳибсга олинган.

Тергов материалларида айтилишича, Сўғд вилоятининг Истарафшан туманида истиқомат қилувчи бу шахслар террористик гуруҳ аъзолари бўлиб, мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғдирган.

Уларнинг 2007-2008 йил давомида Покистонда жойлашган лагерлардан бирида тайёргарликдан ўтгани, кейинчалик Сўғд вилояти ҳудудида “Исломий жиҳод ҳаракати” бўлимини ташкил этиб, янги аъзоларни ёллагани ва уларни Покистонга жўнатиш учун тайёрлагани айтилмоқда.

Тергов манфаатларидан келиб чиқилган ҳолда ҳибсга олинганларнинг номлари сир сақланаётир.

Қўлга олинганларга нисбатан Тожикистон Жиноий Кодексининг 307-моддаси, яъни таъқиқланган экстремистик гуруҳга аъзо бўлиш, конституциявий тузумга қарши тарғибот ишларини олиб бориш каби айбловлар қўйилган.

Шу кунга қадар республикада таъқиқланган “Таблиғ жамоати” диний оқимига мансубликда гумон қилинган 100 га яқин тожикистонлик ҳибсга олинган.
XS
SM
MD
LG