Линклар

logo-print

Тожикистон парламенти Роғун ГЭСи қурилишига қўшимча маблағ жалб қилиш мақсадида автомашиналар ойнасини 50% қорайтиришга имкон яратувчи пуллик рухсатнома беришни кўзда тутган қонун қабул қилди.

17 декабр куни Тожикистон қуйи палатаси бюджетга мажбурий тўлов ва йўл ҳаракати қонунларига ўзгартиш ва тўлиқлашлар киритиш масалаларини кўриб чиқди.

Қонунга киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашлар билан депутатларни таништирган қуйи палата депутати Исмоил Талбаков фикрича, машина ойналарини қорайтириш, энг аввало, аҳоли саломатлиги учун фойдали экан.

- Ойнаси қорайтирилган машиналардан фойдаланиш фуқароларимиз саломатлиги учун фойдали бўлиб, бундай ойналар Қуёш нури таъсирини 45% га қисқартиради. Биздаги ҳисоб-китобларга кўра, ойналарни қорайтириш учун ҳайдовчиларга бериладиган рухсатномадан давлат бюджетига ҳар йил 50 миллион доллар маблағ йиғиш мумкин, деди қуйи палата депутати Исмоил Талбаков.

Қонунга мувофиқ, автомашина эгалари машинаси ойнасини 50% га қорайтиришни истасалар, бунинг учун маълум миқдорда пул тўлаб, рухсатнома олишлари лозим бўлади. Аммо, депутат Исмоил Талбаковга кўра, 25% га қорайтирилган ойналар учун рухсатнома олиш шарт эмас.

Айни пайтда бу каби рухсатнома учун тўланадиган пул миқдори ҳозирча ошкор қилингани йўқ. Бу борада қонун кучга киргандан сўнг эълон қилиниши айтилди. Қонунга киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашлар Тожикистон парламенти қуйи палатаси депутатлари томонидан бир овоздан тасдиқланди ва президентга имзолаш учун юборилди.



Шу йил 8 декабрида тожикистонлик журналистлар билан учрашган президент Имомали Раҳмон янги жорий қилинажак тартиб мамлакатда жиноятчиликнинг олдини олиш учун йўлга қўйилишини таъкидлаган эди.

Давлат раҳбари ўша йиғинда ҳар бир машина эгаси бир йиллик рухсатнома учун давлат бюджетига йилига 500 доллар тўлаши лозимлигини қайд этиш баробарида машинаси ойналарини рухсатсиз қорайтириб олган шахслардан 1000 доллар миқдорида жарима ундириш зарурлигини таъкидлаганди.

Президент Имомали Раҳмон қорайтирилган ойналар учун рухсатнома ва ундирилган жарима пули Роғун ГЭСи қурилишига сарф этилишини билдирган эди.

Эслатиш жоизки, ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида машина ойнасини қорайтириш тожик жамиятида урф бўлганди. Аммо Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларида (1992-1997 йиллар - таҳр.) аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятда гумонланувчиларни топишни осонлаштириш мақсадида ойналарни қорайтириш қонун доирасида таъқиқланди. Мамлакатда тинчлик ўрнатилгандан сўнг фуқаролар ва давлат айрим идоралари томонидан машина ойналарини қорайтиришга рухсат берилишини сўраган эсалар-да, шу кунгача на парламент ва на давлат раҳбари томонидан бу таклифлар инобатга олинмаган эди.

Аснода кузатувчилар ва Тожикистондаги айрим сиёсий доиралар вакиллари бу қонун фуқаролар саломатлигига қайғуришдан кўра кўпроқ Роғун қурилиши учун маблағ йиғишни кўзда тутиб ишлаб чиқилганини таъкидламоқдалар.

- Агар аҳоли саломатлиги учун шундай қонунни қабул қилишимиз ва ишга солишимиз зарур экан, келинг, шундай рухсатномани аҳолига текин қилайлик. Ёки сал арзонроқ қилайликки, кам таъминланган оилалар вакиллари ҳам бу қонуний имтиёзлардан фойдалана олсин. Биз бу қонунни жамиятдаги ўз саломатлиги учун ҳар қандай маблағни тўлай оладиган ўзига тўқ гуруҳи учунгина қабул қилмайлик, деган эди мазкур ҳужжат муҳокамасида қатнашган Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов Ўзбекистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетгач, мамлакатга ташқаридан электр импорт қилиш имконини қўлдан берган Тожикистон учун “дўппи тор келиб қолгани”ни таъкидларкан, “эндиликда Тожикистон ҳукумати нима қилиб бўлса ҳам Роғунни қуриш ва бунинг учун зарур маблағни топишга киришди”, дея мулоҳаза билдирди.

- Менимча, бу қонунийлаштирилган коррупция. Буни бошқача баҳолаш мумкин эмас. Агар бу одамларнинг саломатлиги учун зарур экан, нега бунга ўтган йиллар рухсат берилмади? Бундан мақсад - қайси йўл билан бўлмасин халқдан пул йиғиш ва Роғунни қуриш. Лекин бундай тартибни жорий қилишдан аввал аҳолининг ижтимоий шароитини ҳам назарга олиш лозим, дейди таҳлилчи Раҳматов.

Айни пайтда Тожикистон давлат телевидение ва радиолари тинимсиз аҳолини Роғун ГЭСи қурилишида фаол бўлишга чақирмоқда. Давлат тасарруфидаги оммавий ахборот воситалари миллий ғояга айлантирилган бу йирик иншоот қуриб ишга туширилса, тожикистонликлар минтақанинг бошқа давлатлари аҳолисидан бойроқ ва бахтиёрроқ ҳаёт кечириши мумкинлиги ёшу қарининг онгига сингдиришга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG