Линклар

Саммит муваффақиятсиз якунланиши мумкин

  • Ҳасанжон

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун дунё раҳбарларини “соғлом ақл, муроса ва қатъийлик” кўрсатишга чақирди.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун дунё раҳбарларини “соғлом ақл, муроса ва қатъийлик” кўрсатишга чақирди.

АҚШ президенти Барак Обама дунё раҳбарларини хатто мукаммал бўлмаса ҳам иқлим ўзгаришининг олдини олиш ҳақидаги келишувни қабул қилишга чақирди. БМТ хомийлигида иқлим ўзгаришининг олдини олишга бағишлаб Копенҳаген шаҳрида ўтаётган 12 кунлик саммит 18 декабр куни ниҳоясига етади.

Иқлим ўзгаришнинг олдини олишга бағишлаб БМТ хомийлигида Дания пойтахти Копенҳаген шаҳрида ўтаётган саммитда сўзлаган АҚШ президенти Барак Обама агар анжуманда келишувга эришилмаса, ҳеч бир давлат хоҳлаган нарсасига тўлиқ эришолмаслигини айтди.

У сўзига қўшимча қилиб, саммит қандай якунланишидан қатъий назар АҚШ ўз мажбуриятларини бажариши ва иқлим ўзгаришининг олдини олишга қаратилган чоралар кўришни давом эттиришини билдирди.

- Биз ваъдаларимиз қандай бажарилаётганини назорат қилиш механизмига эга бўлишимиз ва шаффоф тарзда маълумотлар алмашишимиз керак. Бу чоралар мажбурий ва мамлакат суверенлигига зид бўлмаслиги лозим. Бу чоралар келишув ишончлилиги ва биз ўз мажбуриятларимизни бажаришимизни таъминлаши керак. Ҳисоб бериш бўлмаса, ҳар қандай шартнома қоғоздаги қуруқ сўз бўлиб қолаверади, - деди АҚШ раҳбари.

Бу сўзлар асосан Хитойга тегишли экани айтилмоқда. Боиси Ғарб давлатлари Хитой ҳукуматини мамлакатда қанча миқдорда зарарли газлар атмосферага чиқараётганини мустақил назорат қилиш йўлидаги БМТ уринишига тўсқинлик қилаётгани ва ўзи ҳисобот тайёрлаб уни ўзи тасдиқлашга уринаётганликда айбламоқда.

Обамадан бир неча дақиқа олдин сўзлаган Хитой Бош вазири Вен Жиабао ўз мамлакати зарарли газлар миқдорини кўнгилли равишда камайтиришини ваъда қилди. Айни пайтда Хитой халқаро миқёсда фаол маълумот алмашиш ва ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.

Иқлим ўзгаришнинг олдини олишга бағишлаб Копенҳаген шаҳрида ўтказилаётган саммитда 100дан ортиқ давлат раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этмоқда.

Йиғилишда чиқиш қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун дунё раҳбарларини “соғлом ақл, муроса ва қатъийлик” кўрсатишга чақирди.

Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингҳ саммит ўз мақсадига ета олмаслиги мумкинлигини айтди ва 2010 йилда музокараларни тугатишга чақирди.

Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Швеция Бош вазири Фредрик Рейнфелдт бир оз олдин саммит ҳақида мухбирларга буларни айтди.

- Иқлим ўзгариши муаммосини ҳал қилиш борасида билдирилаётган фикр ва қарашлар бир-биридан кескин фарқли. Бир фикрга келиш учун биз анжуманнинг сўнгги дақиқасигача бор имкониятни ишга соламиз, - деди Швеция Бош вазири.

18 декабр куни Копенҳаген шаҳрига келган АҚШ президенти Барак Обама Британия, Франция, Германия, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқа йирик давлатлар раҳбарлари билан олдиндан режаланмаган учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида глобал иқлим исишининг олдини олиш учун атмосферага чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини камайтириш, бу борада ривожланаётган давлатларга молиявий ёрдам кўрсатиш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама этилди.
XS
SM
MD
LG