Линклар

Миллий доктрина, паспорт ва миллат


Машҳур қозоқ адиби Мухтор Шаханов Олмаотадаги норозилик намойишида миллий бирлик доктринасини қоралади.

Машҳур қозоқ адиби Мухтор Шаханов Олмаотадаги норозилик намойишида миллий бирлик доктринасини қоралади.

Қозоғистон ҳукумати томонидан қабул қилиниши мўлжалланган миллий бирлик доктринаси қозоқ жамиятининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бу борада ўтказилган бир қатор норозилик митингларида ҳукумат доктринаси "қозоқ халқининг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлиши" айтилмоқда.

Жорий йилнинг 26 ноября куни Қозоғистон халқлар ассамблеясининг сўнгги сессиясида, депутатлар президент Нурсултон Назарбоев таклиф этган миллий бирлик доктринасининг қабул қилинишини муҳокама қилгандилар.

Президент Назарбоевга кўра, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши, Қозоғистонда миллатлараро бирликни мустаҳкамланишига кўмак беради. Миллий бирлик доктринасида Қозоғистон фуқаросининг паспортида миллат ўрнига қозоғистонлик деб ёзиш таклиф қилинади.

Аммо Қозоғистон халқлар ассамблеяси президент таклиф этган ҳужжатни кўриб чиқишни бошлагач, мамлакатдаги аксар сиёсий партия ва ҳаракатлар вакиллари, ҳамда қозоқ зиёлилари бу ҳужжатнинг қабул қилинишига ўзларининг кескин норозиликларини билдира бошладилар.

Уларга кўра, бу ҳужжат қозоқ миллатини йўқ қилишга қаратилган илк қадамдир. Шу муносабат билан жорий ҳафта давомида Қозоғистонда йирик норозилик митинглари бўлиб ўтди. Шулардан бири 17 декабр куни Олмаота шаҳридаги Республика майдонида бўлиб ўтган норозилик митингидир.

- Америка миллий доктринасининг Қозоғистонда ҳам жорий қилинишига ўз норозилигимизни билдирган эдик. Бизни бутун республика бўйлаб минглаб қозоқлар қўллаб-қувватладилар. Агар ҳукумат миллий бирлик доктринасини қабул қилса, мамлакатдаги аксар қозоқлар очлик акцияси ва норозилик митинглари ўтказишни бошлаши ҳақида ҳукуматни огоғлантирдик,- дейди “Давлат тили” сиёсий ҳаракатининг раҳбари Муҳтор Шаханов.

Унга кўра, ҳукумат сон жиҳатидан кўп бўлмаган қозоқларни бошқа миллат вакилларига қўшиб юборишни мақсад қилган. “Бу қозоқларни миллат сифатида йўқ қилишга қаратилган жараён бошланганидан даракдир”, деди Муҳтор Шаханов.

Қозоғистонда бир қанча миллат вакиллари қатори этник ўзбеклар ҳам истиқомат қиладилар, ҳусусан, Жанубий Қозоғистонда яшовчи аҳолининг 20 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.

Жанубий Қозоғистондаги ўзбек миллий – маданий маркази раҳбари Икром Ҳошимжонов миллий бирлик доктринасининг қабул қилинишига ўз норозилигини билдириб, бу Қозоғистондаги ўзбекларга ҳам салбий таъсир ўтказишини айтади.

- Албатта, ҳар бир миллат ўз тили, маданияти ва урф-одатини сақлаб қолиш учун паспортда ўз миллатини ёздиргани дуруст. Бугунги кунда барча миллат вакилларини истак - талаблари мана шундай,- дейди Икром Ҳошимжонов.

Жанубий Қозоғистонда нашр қилинадиган “Сайрам сабоси” газетасининг бош муҳаррири Абдумалик Сармонов эса, мамлакатда миллий бирлик доктринасининг қабул қилинишига бўлган қозоқ зиёлиларининг норозиликларига ижобий муносабатда эканини айтади:

- Гап шундаки, Қозоғистон ўз тарихида, жумладан, қозоқ халқи ўз тарихида жуда ҳам оғир шароитларни кўрди-да. Масалан, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида, умуман қозоқ тили ва миллатининг йўқолиб кетиши эҳтимоли пайдо бўлди. Бу жуда ҳам яқин вақт ва яқин тарих бўлганлиги учун ҳам қозоқ миллати бу оғриқни унутгани йўқ. Шу жиҳатдан олганда, мен ўзбек, бир туркий миллат вакили сифатида, қозоқ миллатчиларининг ҳавотирини тушунаман,- дейди Абдумалик Сармонов.

Суҳбатдошимиз Қозоғистонда миллий бирлик доктринасининг қабул қилиниши, мамлакатда яшаётган этник ўзбекларга қандай фойда ёки зарар келтириши мумкинлиги ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини таъкидлайди.

- Назаримда, бу концепция устида анча ишлаш керак. Унинг позитив, негатив натижалари ҳақида ўйлаш керак ва шунга қараб маълум бир ҳулосага келиш керак.

Бир оғиз гап билан, яхши ёки ёмон, ўзбеклар учун фойдали ёки зарарли дейиладиган нарса эмас. Бу нарса устида кўп ўйлаб, кўп ишлаш керак.

Бу доктринанинг кўпчилик ўзбекларга қандайдир таъсир қилиши кутилмаяпти. Бугунги кунда қандайдир катта таъсир ўтказиши ҳақида ҳеч қанақа тасаввур йўқ. Ҳозирча бир катта ваҳима йўқ, ҳозирча тинч,- деди Абдумалик Сармонов.

Бироқ Қозоғистонда яшаётган этник озчилик вакиллари, ҳусусан этник ўзбеклар орасида миллий бирлик доктринасининг қабул қилиниши тарафдорлари ҳам бор. Чимкентлик Ғайбулла ота улардан бири.

- “Қозоғистонлик” деган яхши. Ҳаммаси бирдек бўлиши керак-да. Бу миллатчиликка чек қўяди. Агар “қозоғистонлик” деса, ҳаммамиз бирдек, у тинчликни сақлаш деган маънони билдиради. Унинг қабул қилиниши билан урф-одатларимизни йўқотмаймиз, ҳеч нарса ўзгармайди. Илгариги одатимиз, шу бўйича қолди,- дейди чимкентлик суҳбатдош.
XS
SM
MD
LG