Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:23

Қозоқ ёшларидан провокацияларга берилмасликни сўрамоқдалар


Қозоғистонга ярим миллиондан зиёд уйғур қочқини келтирилиши ҳақида мамлакатда тарқаган миш-мишлар қозоғистонлик айрим ёшлар орасида норозилик кайфиятини уйғотди.

Шу йилнинг 9 декабр куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев “Қочқинлар тўғрисида”ги қонунга қўл қўйганди. Шундан сўнг қозоғистонликлар орасида яқин орада мамлакатга Шинжондан 700 мингдан зиёд уйғур қочқини келтирилиши мумкинлиги ҳақида турли миш-мишлар тарқала бошлади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 17 декабр куни Олмаота марказидаги “Республика” майдонида қозоқ ёшларининг уйғур қочқинларининг қабул қилинишига қарши норозилик митинги бўлиб ўтиши ҳақида огоҳлантирилдилар.

17 декабр куни соат эрталабки 10 да “Республика” майдонида 3 мингдан зиёд одам тўпланди.

Овоз: Бақир-чақир овози.....

Норози аҳоли олдида сўзга чиққан жамоат арбоби Мухтор Шаханов ва қозоқ мухолифати лидерлари ёшлардан турли провокацияларга берилиб, Қозоғистонда миллий низо келиб чиқишига йўл қўймасликни сўрадилар.

Овоз: Аҳоли орасида турли провокаторлар чиқмоқда. Кеча бировлар қозоқ ёшларига ароқ тарқатибди. “Уйғурларга қарши кўтарилайлик, уйғурларни қирайлик” деган чақириқлар бўлибди. Бу нима деган шармандалик. Биз Қозоғистонда яшайдиган бошқа миллатларнинг тили ва динини ҳурмат қиламиз. Биз ундай аҳмоқгарчиликка йўл қўймаслигимиз, мамлакатда миллатлараро низонинг келиб чиқишига йўл қўймаслигимиз керак, деди Мухтор Шаханов.

Шунингдек, Шаханов майдонга йиғилганлар, хусусан, қозоқ ёшларидан тинчгина уйларига тарқалишларини илтимос қилди.

Овоз: Бу норозилик митингини уюштирган одамларнинг ўзларини жавобга тортиш керак. Ҳозир мен барчангизга мурожаат қилиб, имом Қуръон ўқиб бўлгач, уйларингизга тарқалишларингизни сўрайман, деди Мухтор Шаханов.

Овоз: Қуръон ўқилаяпти.....

Айни пайтда кузатувчилар бу каби провокациялар такрорланиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар. Шу боис 17 декабрдан эътиборан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари Олмаота шаҳридаги вазиятни ўз назорати остига олдилар.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон “Қочқинлар тўғрисида” қонун қабул қилган Марказий Осиёдаги тўртинчи давлат ҳисобланади. Бундан аввал Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ана шу каби қонунни қабул қилганди. Айни пайтда Қозоғистонда тахминан 4 400 қочқин ва 150 нафар бошпана изловчи шахс истиқомат қилади.
XS
SM
MD
LG