Линклар

60 ёшини нишонлаётган шоир Муҳаммад Cолиҳни сиёсатчи Муҳаммад Солиҳдан ажратиб бўлмайди. Зеро, сиёсати шеъриятидан келиб чиққандир. Поэзиясида эса, сиёсий қарашлари акс этиб туради. Шундай бўлса-да, юбилярнинг сиёсий йўлини алоҳида ўрганиб кўришга уриниб кўрдик.

Бугун ўзбек шоири ва Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ 60 ëшга тўлди.

Муҳаммад Солиҳсиз Ўзбекистон демократик ҳаракатини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ҳаракатнинг энг йирик вакили бўлган
Муҳаммад Солиҳ ҳақида гапириш ўта мушкул: мана 10 йилдан ошибдики, расмий Тошкент уни жиноятчидан олиб жиноятчига солади;

мана қарийб 20 йилдирки, мухолифатнинг бошқа бир қаноти уни сотқиндан олиб сотқинга солади, Муҳаммад Солиҳ демайди, Салай Мадаминов, дейди;

яқиндан бери баъзи собиқ сафдошлари ундан юз ўгирди – унинг шаънига айтилган яланғоч ҳақоратлардан бечора интернет қизариб кетди;

тарафдорлари бўлганларнинг сайтлари уни кўкларга кўтариб мақтайди, “доҳиймиз” деганларини сезмадиму ўша доҳийпарастликнинг ҳиди келади, яқин тарихни эслаб уяламан, қизараман.

Ҳа, сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ҳақида гапириш қийин.

Сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ ҳақида гапириш мустақил Ўзбекистон сиёсий ҳаёти тарихини ёритиш деганидир.

Бундай иддао йўқ бизда...

...деб ўйланиб ўтириб, интернетда ўзбекистонлик социолог олим Баҳодир Мусаевнинг мақоласига кўзим тушиб қолди.

“Муҳаммад Солиҳнинг ўзгача йўли бор” деб ёзибди тошкентлик олим.

Излаганимни топгандай бўлдим. Ниҳоят мени ўйлантираётган беҳисоб саволлар битта саволга айланди, аниқ шаклга кирди: “Муҳаммад Солиҳ танлаган йўлнинг ўзгачалиги нимада?”

Саволни социологнинг ўзига бердим.

- Ўзгачалиги у танлаган йўлнинг эрк йўли эканлигидадир. Шоир, публицист ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг ҳар доим эрк масаласини ҳал қилувчи масала қилиб қўйгани мендай бир файласуф ва социолог олим учун ўта муҳимдир. Эркни у мен тушунгандай тушунади. Мен ҳам рисоладагидай очиқ жамиятда, тинчлик барқарор, инсон эрки қадрли, турмуш фаровон бўладиган жамиятда яшашни орзу қиламан, дейди Баҳодир Мусаев.

“Муҳаммад Солиҳ танлаган йўлнинг ўзгачалиги нимада?” Бу саволни қувғиндаги шоир Ёдгор Обидга ҳам бериб кўрдик.

- Муҳаммад Солиҳ аввало шоир. Мен уни ëшлигидан биламан. Москвада бирга ўқиганмиз. Айтмоқчиманки¸ шоир халқини ўйламасдан иложи йўқ. халқни¸ ватанни¸ мамлакатни ўйламасдан иложи йўқ. Сиëсатга келиш йўлларидан бири ҳам мана шу бўлса керак. Xалқни ўйлаш¸ халқни қандай қилиб озгина бўлса ҳам юкини енгиллатиш йўлларини излаш. У ҳақиқатан ўзининг тўғри йўлидан бораяпти. Бу йўлни жуда тўғри, деб ҳисоблайман. Чунки бошқа сиëсатчиларга ўхшаб майда-чуйда нарсаларга ўралашиб қолгани йўқ. Сиëсатда қарама-қаршиликлар бўлади¸ ички тортишувлар бўлади. Бу масалада у бошқа сиëсатчилардан анча юқори туради. Ўша фазилат шеърият орқали¸ шоирлик юраги¸ шоирлик қалби орқали пайдо бўлган сиëсат йўли энг тўғри йўллардан биттаси¸ дейди шоир Ëдгор Обид.

“Муҳаммад Солиҳ сиёсатга шеърият орқали келган”, деяпти шоир Ёдгор Обид.

Солиҳ босиб келаётган йўлнинг ўзгачалиги ана шундами?

Постсовет мамлакатларида Солиҳ каби адабиёт ва санъат одамларининг Қайта қуриш даврида сиёсатга гурас-гурас кириб келгани ҳамманинг ёдида.

Бас, шундай экан, сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ Перестройка маҳсули, холосми?

"Йўқ", дейди социолог Баҳодир Мусаев.

- Йўқ, Қайта қуриш даври бошланишидан анча олдин, 70-йилларнинг ўрталарида пайдо бўлган сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ. Ўшанда Солиҳ адабиётга ўз мавзуи билан, ўзининг катта мавзуи – Туркистон мавзуи билан кириб келган эди. Бу ҳақда ўз вақтида марҳум шоир Рауф Парфи жуда чиройли фикр билдирган эди, деди Баҳодир Мусаев.

Бу ҳақда марҳум шоир Рауф Парфининг ҳам эътирофи бор.

- Муҳаммад Солиҳ 60-70-йилларда ўзбек шеъриятида мутлақо янги бир тўлқиннинг устида турди. Бу тўлқин 50-йиллар унутилиб кетган¸ гарчи 56-йилларда ҳукумат тарафидан оқланган бўлса-да¸ масалан, Чўлпон¸ Фитрат¸ Қодирийларнинг китоблари 80-йилларга келиб чиқди. Демак¸ меросимиз жуда узоқ қаровсиз қолди. Фитрат¸ Чўлпон¸ Қодирийларнинг асосий ғояси Туркистон ғояси эди. Туркистон ғояси худди Ислом каби босқинчилар учун¸ мустамлакачилар учун қўрқинчли душман эди. Ана шу руҳиятимиздан юлиб олинган ғояни ўзбек шеъриятида Чўлпон¸ Фитратлардан кейин биринчи бўлиб айтган шоир Муҳаммад Солиҳ бўлади¸ деган эди ўзбекнинг беназир шоири Абдурауф Парфи бундан 5 йил муқаддам.

Бошқа бир шоир Ёдгор Обид ҳам Муҳаммад Солиҳнинг сиёсатга кириб келиши тасодиф эмас, деган фикрда.

- Биласизми¸ сиëсатда умуман тасодиф бўлмайди. Кутилмаган нарса ҳам бўлмайди. Бу давр талаблари¸ вқт талаблари орқали пайдо бўладиган вазият. Бу вазиятнинг ҳам замири бор¸ асоси бор. Хрушчëвнинг сиëсатда пайдо бўлиши¸ Брежневнинг ва ниҳоят Горбачëвнинг сиëсатга келиши тасодиф ҳам¸ кутилмаган нарса ҳам эмас. Булар етилиб қолган давр талабларининг меваси. Муҳаммад Солиҳ ҳам худди шундай. Албатта сунъий сиëсий лидерлар бўлади. Булар ўша давр тўлғанишларидан фойдаланиб қолиб юзага чиқиб қолган. Лекин улар ҳеч қачон жиддий сиëсатчи бўла олмайди. Мен Муҳаммад Солиҳни жиддий сиëсатчи, деб ҳисоблайман¸ дейди Ёдгор Обид.

60 ёшини қаршилаган шоир ва сиёсатчи тўғрисида билгичлардан муштарийларимиз сўрайдиган саволлар беҳисоб бўлиши мумкин.

Биз ўша муҳтамал саволлардан учтасини танладик. Иккитасига жавобларни эшитдингиз. Учинчиси будир:

Мухолифатчи кўп. Уларнинг бир қатор лидерлари бор. Лекин расмий Тошкент ўша лидерларнинг аксариятини Солиҳни ёмон кўрганчалик ёмон кўрмайди. Уларни Солиҳчалик жиноятчига чиқармаган. Нега?

Баҳодир Мусаев бу савол жавобини Ислом Каримовнинг Муҳаммад Солиҳга нисбатан шахсий муносабатида кўради.

- Ислом Каримовни бошқарувчи деб расман айтамиз, холос. У советча маънодаги бошқарувчидир. Совет даврида Молия вазири, обком секретари бўлган. Шу маънода Муҳаммад Солиҳ бошқарувчи эмас. Лекин моҳиятига кўра, Муҳаммад Солиҳга сиёсатчиликни Худо сунган. Чунки Худо сунган сиёсатчилар бўлади, сиёсатни касб қилиб олганлар бўлади. Сиёсатга публицистика орқали кириб келган шоир Муҳаммад Солиҳ мамлакат учун, халқ учун ўз зиммасида масъулият туяди, дейди Баҳодир Мусаев.

Ёдгор Обид ҳам муаммо илдизини Муҳаммад Солиҳга нисбатан Ислом Каримовнинг шахсий муносабатида кўради.

- Каримов деганимиз аввал Муҳаммад Солиҳни сотиб олиш ва ўз йўлига юргизиш йўлларини излаб кўрганидан хабаримиз бор. Лекин у қўғирчоққа айланмади. У сиëсатчи сифатида ўзининг фикрида¸ ўзининг позициясида қола билди. Ҳозирги ҳукумат арзимаган қаршилик кўрсатган ëки фикр билдирган одамни ҳам тинч қўймаяпти. Умрини қамоқда чиритаяпти. Мана, Мамадали Маҳмудов қамоқда¸ Эмин Усмон деган шоир дўстимизни қамоқда ўлдириб юборди¸ Шовриқ Рўзимуродов. Буларнинг ҳаммаси жуда покиза йигитлар. Муҳаммад Солиҳнинг иккита укаси: Муҳаммад Бекжон ва Рашид Бекжон қамоқда ëтибди. Бу оғир албатта. Мана шу ерда унинг инсон сифатида иродаси қаттиқ эканлигини кўришимиз мумкин. У ўзининг йўлидан оғишмади. Энди сиëсий мураккаб масалалар¸ у пайтларда сиëсий ишларда ҳаммамизнинг ҳам тажрибасизлигимиз бўлган. Балки Муҳаммад Солиҳда ҳам бўлгандир. Бунақа нарсалар албатта бўлади. Ҳаëтда ҳар бир одамда бўлади¸ дейди шоир Ёдгор Обид.

Ҳар қандай катта сиёсатчи каби Муҳаммад Солиҳ ҳам мураккаб шахс.

Бугунги ўзбек жамиятида суҳбатини ўқиганингиз бир олиму бир шоирдан бошқача фикрлайдиганлар, Муҳаммад Солиҳга муносабати ҳозир билдирилган фикрларга диаметрал қарши бўлганлар ҳам кўп.

Бу ҳақда мақола бошида айтдик. Яна такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқдир...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG