Линклар

Эрон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири, таниқли диний уламо Оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий вафот этди. Хабарларга кўра, Али Мунтазирий 21 декабр куни Қум шаҳрида дафн қилинади.

Эроннинг ИРНА агентлиги тарқатган хабарга кўра, Оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий Қум шаҳридаги хонадонида 87 ёшида оламдан ўтган.

Бироқ хабарда агентлик Али Мунтазирийни Оятуллоҳ деб атамади ва унинг ўлимига оид қўшимча маълумотларни ошкор қилмади.

Ўз хаёти давомида Али Мунтазирий Эрондаги ислом инқилоби асосчиларидан мамлакат раҳбариятининг ашаддий танқидчиларидан бирига айланди.

Ислоҳотчи диний уламо Муҳаммад Фозил Мейбодийнинг Озодлик радиосига айтишича, Мунтазирий Эронда инсон ҳуқуқларининг буюк ҳимоячиларидан бири бўлган.

-У шиалар учун ўрнак эди ва унинг эътиқоди диний мактаблардаги оддий амалиётдан ҳам юксак турарди. Хусусан, инсон ҳуқуқлари масаласи у учун муҳим аҳамият касб этган ва бу масалада у жаҳонда рўй бераётган барча воқеаларни кузатиб борар эди. Шунингдек, у ҳар бир фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари алоҳида қайд этилган фуқаролар ҳуқуқи ҳақида китоб нашр қилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасида бундай билимга эга бўлган шиаларнинг диний уламосини кўрмаганман, деди эронлик ислоҳотчи диний уламо.

Али Мунтазирий 1979 йил Эронда амалга оширилган Ислом инқилобининг меъморларидан бири бўлган ва у Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Бироқ олий руҳонийнинг ўлимидан бир неча ой аввал иккала диний уламо ўртасида зиддият юзага чиқади. 1989 йилда Эрон олий руҳонийси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнига оятуллоҳ Али Ҳоманайи келган.

Айтилишича, Оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманайини мамлакатни қатиқўллик билан бошқараётгани ва хавфсизлик кучларига таянишини кескин танқид қилган.

1997 йилда эса Мунтазирий оятуллоҳ Али Ҳоманайини диний билимларини савол остига қўйиб, уни мамлакат олий руҳонийси учун “номуносиб номзод” деб атаган. Ушбу баёнотдан сўнг Эрон ҳукумати Али Мунтазирийнинг диний мактабини ёпиб қўйди, Қум шаҳридаги офиси эса номаълум шахслар ҳужумига учради. Бундан ташқари, Мунтазирий беш йилга уй қамоғига ҳукм қилинди.

Яккалатиб қўйилишига қарамай, Али Мунтазирий бир неча йиллар мобайнида эронлик ислоҳотчилар учун қаҳрамон бўлиб келди, диний уламо сифатидаги обрўйини йўқотмади.

Ёши кексайиб қолган Мунтазирий июн ойида Эронда ўтказилган президент сайлови натижаларига эътироз билдириб, Теҳрон кўчаларига чиққан мухолифат тарафини олди.

Август ойида эса Али Мунтазирий Эроннинг диний раҳбариятини диктаторларга таққослаб, расмийларнинг Теҳрондаги намойишчиларга қарши куч ишлатиши Эрон режимининг қулашига сабабчи бўлиши мумкин, деган фикрларни билдирган эди.
XS
SM
MD
LG