Линклар

logo-print

Афғонистон янги ҳукумати коррупцияга қарши курашмоқчи


Президент Карзай Афғонистон янги ҳукуматининг ҳеч бир аъзоси коррупцияга қарши кураш жабҳасида четда қолмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Президент Карзай Афғонистон янги ҳукуматининг ҳеч бир аъзоси коррупцияга қарши кураш жабҳасида четда қолмаслиги лозимлигини таъкидлади.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай 20 январ куни қилган чиқишида янги ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси коррупцияга барҳам беришга қаратилган чоралар учун масъулиятли эканини айтди.

- Янги ҳукуматнинг барча вазирлари, аввалги ҳукумат таркибида бўлганлар ҳам, коррупция билан боғлиқ барча масалалар бўйича ҳисоб берадилар. Мен ўзим ҳам коррупциянинг олдини олиш масаласида Афғонистон халқига ҳисоб бераман. Биз ишчан ҳукумат тузиш ва Афғонистон олдида турган вазифаларни ҳал қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик, деди Афғонистон президенти.

Карзайга кўра, номзодларини янги ҳукумат таркибига тавсия қилаётгани 25 кишининг деярли ярми илгари ҳукумат таркибида ишламаган кишилардир.

Ҳамид Карзай бу ҳақда Афғонистонга амалий ташриф билан келган Белгия ҳукумати раиси Ив Летер билан Кобул шаҳрида ўтказган матбуот анжуманида гапирди.

Айни пайтда жаноб Карзайнинг коррупцияга қарши кураш йўлидаги қадамлари халқаро жамоатчилик олқишига сазовор бўлмоқда. Аввалроқ бу ҳақда сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг коррупция ҳақида сўз очгани ўзини қувонтирганини эътироф этганди.

- Афғон президентининг коррупция ва қонунсизликка қарши қаттиқ оҳангдаги чиқиши, ҳукумат расмийларидан банк ҳисоблари ҳақда ҳисоботларни талаб этиш, жиноий ишлар бўйича трибунал тузиш ғояси ва коррупцияга қарши комиссияни қўллаб қувватлаш чақириқлари маросим қатнашчилари тарафидан гулдирос қарсаклар билан қарши олингани қувонарлидир, деганди Ҳиллари Клинтон президент Карзайнинг инаугурация маросимидан кейин олган таассуротлари билан ўртоқлашаркан.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон етакчилари Карзайни Афғонистонга берилажак узоқ муддатли ёрдамлар мамлакатда коррупция муаммоси нақадар ҳал этилишига боғлиқ экани ҳақида огоҳлантириб келишган.

Аснода Карзайнинг сиёсий мухолифлари, жумладан, ўтган президентлик сайловларида у билан президентлик лавозими учун беллашган доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳ Афғонистонда коррупцияга қарши кураш самара беришига ишонмаслигини айтган.

- Карзай ўзгаришлар ва коррупцияга қарши курашиш, миллий яраш ва хавфсизликни таъминлаш ҳақида авваллари ҳам гапирган. Бу ҳақда сўнгги саккиз йил давомида гапириб келинади, вазият эса ёмонлашмоқда, холос, деганди Афғонистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ.
XS
SM
MD
LG