Линклар

Шу йилнинг 16 декабр куни Олмаотада жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюкнинг аҳволи ҳамон ўта оғирлигича қолмоқда.

21 декабр куни Озодлик мухбири Олмаотадаги марказий клиник шифохонасида қирғизистонлик таниқли журналист Геннадий Павлюкнинг собиқ турмуш ўртоғи билан учрашди. Ўзини Елена дея таништирган бу аёл ҳозирда Геннадий Павлюкнинг аҳволи ўта оғирлиги ва у ҳамон касалхонанинг реанимация бўлимида эканини айтди.

Реанимация бўлими олдидаги палатани эса ҳуқуқ-тартибот органларининг икки ходими қўриқламоқда.

20 декабр куни Олмаота шаҳар марказий клиник касалхонаси реанимация бўлими шифокори Озодликка қирғизистонлик журналистнинг аҳволи ҳақида буларни маълум қилганди.

- Павлюкнинг аҳволи ўта оғир. Унинг мияси қаттиқ жароҳатланган, миясига қон қуйилган. Уни хушсиз ҳолида касалхонага келтиришганди, у ҳамон комадан чиққани йўқ. Унинг юраги ҳам яхши эмас. Журналистни дори-дармон билан сақлаб турибмиз, деди шифокор.

Унинг айтишича, қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 6-қаватдан ташлаб юборилгани оқибатида унинг қовурғалари ҳам синган.

Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк Олмаотага 16 декабр куни келиб, шаҳар марказидаги “Қозоғистон” меҳмонхонасига жойлашганди. Сўнг нотаниш кимсалар уни ижарадаги уйларнинг бирига чақириб, 9 қаватли уйнинг 6-қаватидан ташлаб юборганлар.

Бу нохуш ҳодисадан хабар топган Қирғизистондаги “Ата-Мекен” мухолифатчи партияси раиси Ўмурбек Текебаев Қозоғистонда журналистга суиқасд уюштирилгани ҳақида баёнот берганди.

20 декабр куни Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти қирғизистонлик журналистга суиқасд уюштирилгани ва бу бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

- Мазкур ҳодиса юзасидан Қозоғистон Жиноий кодексининг 24-моддаси 3 банди бўйича жиноий иш қўзғатилди. Биз журналист 6-қаватдан ташлаб юборилган пайтда унинг қўл-оёқлари скотч билан ўралгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаймиз. Аммо журналист ташлаб юборилган ижара квартирада яна қандай буюмлар топилганини ҳозирча маълум қилолмаймиз. Бу тергов ишига халақит бериши мумкин, деди Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти матбуот котиби Евгений Лисенко.

Шунингдек, у журналистга суиқасд уюштирилган бўлиши эҳтимолини инобатга олиб, Павлюк ётган палатага ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан қўриқчи қўйилганини ҳам айтиб ўтди.

- Худо хоҳласа, у ўзига келса, бўлган воқеани айтиб бериши мумкин. Аммо унга суиқасд уюштирилгани боис ходимларимиз унинг палатасини туну-кун қўриқлаб турибди, деди матбуот котиби.

Маълум бўлишича, қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк мухолифатдаги “Ата-Мекен” партиясининг газетаси ва веб-сайтини очиш тараддудида бўлган. Аввалроқ у Россиянинг “Аргументи и Факти” газетасининг Қирғизистон бўлими раҳбари лавозимида ишлаган, сўнг эса “Белий пароход” интернет нашрини ташкил қилган. Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан мақолалар ёзган Геннадий Павлюк аксар ҳолларда Қирғизистондаги режим, хусусан, президент Қурмонбек Бакиев сиёсатини кескин танқид қилгани маълум.

Эслатиб ўтсак, бундан икки йил аввал Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида германиялик журналист Маркус Бенсман ҳам қаттиқ калтаклаб кетилганди. Ўшанда баъзи кузатувчилар Бенсманнинг дўппослангани оддий безорилик бўлмаганини айтишганди.
XS
SM
MD
LG