Линклар

Ҳар куни иккитадан тобут


Бир неча йилдирки, Россиядан Тожикистонга келаётган тобутлар оқими тўхтамаяпти.

Бир неча йилдирки, Россиядан Тожикистонга келаётган тобутлар оқими тўхтамаяпти.

Тожикистоннинг Cўғд вилоятига қарашли Жаббор Расулов туманига Россиядан 40 ёшли Абдуллажон Холиқуловнинг тобут келтирилди ва 19 декабр куни маййит қабрга қўйилди. Унинг қай тариқа ҳалок бўлгани ҳақида аниқ бир гап айтилмаяпти.

Жаббор Расулов туманида истиқомат қилувчи Асқад исмли йигитнинг айтишича, Абдуллажон бир неча йилдан буён Кемерово вилоятида мардикорлик қиларди. Икки нафар фарзанднинг отаси бўлган Абдуллажон қандай ҳалок бўлганлиги ҳақида ҳозирча аниқ тафсилотлар йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, мардикорлар ишдан кейин ухлаб ётганда электр плиткадан ўт чиққан. Яна бир тахминларга кўра эса, вагон номаълум шахслар томонидан ёқиб юборилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси миграция маркази раҳбари Шуҳрат Аҳмедовнинг айтишича, Россияда тожикистонликларнинг асосий қисми касаллик ёки турли фожеалар сабабли жон таслим қилмоқда.

- Жорий йилнинг ўн ойи давомида Россия Федерациясида 260 дан ортиқ сўғдлик ҳалок бўлган. Тўғри, улар орасида ирқчилик қурбони бўлганлар ҳам бор. Аммо ҳалок бўлган тожикистонликларнинг бошқа бир қисми ўз ҳамшаҳарлари қўлидан жон таслим қилган, деди Шуҳрат Аҳмедов.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Россияда меҳнат қилаётган тожикистонлик мардикорлар хуқуқлари на ўз давлатларида ва на Россияда ҳимоя қилинади. Гарчи меҳнат миграцияси ҳақида Россия бир қанча қонунлар қабул қилган бўлса-да, ҳанузгача марказий осиёлик мардикорларга қул сифатида муносабатда бўлинмоқда. Муҳими эса, маҳаллий кузатувчи Барот Холиқов фикрича, тожикистонлик мардикорлар ўз ҳуқуқлари қандай бўлиши ҳақида аниқ бир тасаввурга эга эмас.

Айни пайтда Тожикистон ҳукумати муҳожирлар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга яхши меҳнат шароитини яратиш мақсадида Араб мамлакатлари билан қатор шартномалар имзолаган.

- Республика ҳукумати ва муҳожирлик хизмати Саудия Арабистони билан шартнома имзолаган. Аллақачон бир гуруҳ муҳожирлар янги иш жойларига етиб борди. Мазкур шартнома асосида эса умуман икки минг ортиқ эркак ва аёл Саудия Арабистонига ишга жўнатилади. Эркаклар такси ҳайдайди. Аёллар уй-рўзғор юмушлари билан шуғулланади, дейди Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг муҳожирлик хизмати маркази раҳбари Диловар Шоматов.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг 10 ойи мобайнида Россиядан Тожикистонга келаётган 200-рақамли юк - тобутларнинг сони 600 тага етиб қолди. Бу Россиянинг турли ҳудудларида кунига иккитадан тожикистонлик оламдан кўз юмаяпти деганидир.
XS
SM
MD
LG