Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

Муҳаммад Солиҳ: "Шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал"


Шоир Муҳаммад Солиҳ 60 ёшини Ватандан ташқарида кутиб олди.
Шоир Муҳаммад Солиҳ 60 ёшини Ватандан ташқарида кутиб олди.

Шоир Муҳаммад Солиҳ 60га кирди. Озодлик ва эрк учун курашнинг узиқ йиллари ортда қолди. У ўз халқини қулликдан озод қилиш йўлидаги курашга биринчилардан бўлиб кирган эди. Давр ва замоннинг ҳасратли онлари, халқнинг изтироблари ҳали ҳам унинг шеърларида акс этмоқда

Шоирнинг отаси - камбағал.
Шоирнинг онаси - касалванд.
Шоирнинг хотини йўқ, болалари кўп.
Шоирнинг ҳаёти Машриқда ҳам Мағрибда ҳам бир хил.
Шоир халқи - дунёнинг тўрт тарафига сочилиб кетган миллат!

Шоир Муҳаммад Солиҳнинг сатрлари бу. Фикрлашга, ўйлашга ундайдиган сатрлар. Ўтган асрнинг 70- йилларида шоир Муҳаммад Солиҳ ўзбек матбуотида пайдо бўла бошлаганида¸ уни дарҳол тушунишмади. Сўзларнинг тагида қандай маънолар борлигини ҳамма ҳам илғай олмади. Илғаганлар бармоқ тишлади. Пахта яккаҳокимлиги ва Ўзбекистоннинг Россияга қул эканлиги ҳақида мажозий мисралар бор эди у шеърларда:

“ДЕҲҚОН ҚЎЛЛАРИ” ТУРКУМИДАН

Худо қарaмади менинг раъйимга
Аллақачон ўзининг муҳрини босди.
Ва ижрочи фаришта қоқ манглайимга
Лавҳи Махфуздаги қисматим ёзди.

Манглайимга боқиб уйдагилар ҳам
Ёзувни тушунмай бўлдилар сарсон.
Ниҳоят, марказдан келган бир одам
ўқиди ва деди: “Сен -пахтакорсан!”

Шу-шу олтин топган қул каби хурсанд
Юраман пахталар кўкарса гулдай.
Мен мaҳзун юраман аччиқ қиш кирса,
Топган олтинини йўқотган қулдай.

Баъзан тушларимда сўкинаман бад,
Ўнгимда-чи, “тавба” дейман асосан:
Ҳар ҳолда, энг ширин таом бу - меҳнат,
Энг катта идиш бу - сабр косаси. (1986)

Филология фанлари номзоди Бахтиёр Исабеков Муҳаммад Солиҳни сўзларни ўйната туриб тилсимли образ яратадиган шоир сифатида кўришини айтиб, унинг ўзбек шеъриятига қўшган ҳиссаси ҳақида шундай дейди.

- Агар мен қисқа айтадиган бўлсам¸ Муҳаммад Солиҳ сўзни ўйнатишда¸ яъни сўздан шеърлар тузишда бизнинг адабиëтга ўзига хос метафора олиб кирди деб биламан. Мана ҳозир сиз айтган сўзларингизда бу нарса яққол намоëн бўлади. Янги метафора билан у айни пайтда оламдаги боғланишни¸ жумладан, инсондаги боғланишни акс эттирадиган¸ табиий ва ижтимоий боғланишларни бир-бирига уйғун қилиб¸ ўзига хос айтиб бера олишида. Мен қисқача шундай қилиб айтган бўлардим: менинг назаримда унинг ўзбек адабиëтидаги ўрни қисқа метафораларни қўллашидадир. Муҳаммад Солиҳнинг ўша пайтдаги модернлиги ҳам шунда деб биламан. Бу жиҳатдан у ўзбек адабиëтида алоҳида¸ ўзига хос бир ҳодиса сифатида баҳоланади деб ўйлайман¸ - дейди Бахтиëр Исабеков.

Таниқли адиб Ҳамид Исмоил Муҳаммад Солиҳни Сўзга сўзнинг ўзлигини қайтариб берган шоир сифатида кўради.

- Ўзбек адабиëти кўпроқ ëлғиз сўзга эмас, жумлага асосланган шеърият. Яъни жумланинг чиройлилиги одамларни тортиб кетиб қолиши мумкин¸ алаҳситиши мумкин. Шу нуқтаи-назардан Муҳаммад Солиҳ ўзбек шеъриятини кўпгина ëлғон яшиқлардан асраб қолган¸ тозалаган¸ новдалаган одамдир¸ шоирдир. Шу маънода у кўпроқ зеҳний шоир. Унинг эҳтирослари шеърнинг мусиқасига эмас¸ кўпроқ шеърнинг маъносига. Худди ўзининг шеърида айтаëтгандек:

Аммо сен ўжарларча
Сўзни арчийсан,
Новдани арчийсан беомон:

деб у яланғоч ҳақиқатга интилади. Лекин парадоксал бир маънода бу яланғоч ҳақиқат дунëнинг катта-катта бойликларига айланади. Дейлик Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон “Ваҳима” деган шеърида бутун дунëнинг дарахтларини битта арчага тенглаштирган бўлса¸ битта арчанинг ўзида бутун дунë дарахтларини кўрган бўлса¸ Муҳаммад Солиҳ ундан ҳам нарироққа боради. Муҳаммад Солиҳ бу дарахтни битта хипчинга айлантиради. Хипчин қадар яланғочлайди. Лекин бу хипчинда, айтганимдек, Муҳаммад Солиҳ бутун дунëнинг жаннатларинию дўзахларини кўришга муваффақ бўлади¸- дейди Ҳамид Исмоил.

ҚИШКИ НОВДА

Япроқсиз.
Яланғоч.
Аччиқ.
Яна нима керак ифодалаш-чун
Бу новданинг ёлғизлигини.

Яна нима керак сенга?
Бу новданинг йўқотганларин
Йўқотиб кўрдингми сен ўзинг?..

Аммо сен ўжарларча
Сўзни арчийсан,
Новдани арчийсан беомон:

Ниҳоят, мана у -
“Ёлғиз” сўзидан ҳам етимроқ
“Оч” сўзидан-да озғинроқ
Хипчин у -
Шивиллаб турибди дарахтда. (1981)

Муҳаммад Солиҳнинг собиқ иттифоқ даврида ёзган исёнкор шеърлари коммунистлар тузумининг жиғига тегмасдан иложи йўқ эди. Бахтиёр Исабеков фикрича, бу шеърлар билвосита халқни уйқудан уйғотишга ва қулликдан озод бўлишга даъват эди. Марказқўм бу исённинг олдини олиши лозим эди ва орадан кўп ўтмай “Адабиёт ва санъат” газетасида танқидчи Иброҳим Ғафуровнинг “Шеърингизни тушунтириб беринг” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

- Муҳаммад Солиҳни ҳозир ҳам унча тушуна олмайдиганлар бор деб ўйлайман. Ундаги миллийлик¸ аниқроқ қилиб айтсак миллат қайғуси алоҳида ўзига хос жаранглаган шеърият эди. Бу нарсани совет замонида қабул қилиш жуда оғир эди. “Шеърингизни тушунтириб беринг” нинг тагида уларнинг шеърни тушунмаслиги эмас¸ қанақадир тузумга қаршиликни¸ совет тузумига қарши ëзилган нарсаларни изоҳлаш учун кўпроқ унинг янгича бадиий ифодасига ëпишишган. Ҳозир ҳам Муҳаммад Солиҳни исëнкор¸ халқимизнинг ижтимоий муаммолари ўзига хос ифода этишини тушунмайдигандан кўра тушунишга қўрқадиганларнинг гапи эди у. Ҳозир ҳам¸ ўша пайтда ҳам¸ - дейди Бахтиëр Исабеков.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Ёзасан юлдузлар ҳақида,
Чароғон кундузлар ҳақида,
Қошлари қундузлар ҳақида.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Сен гуллар ҳақида куйлайсан.
Онангнинг ҳам кўзёшини сен
Шабнам дея ўйлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Коинот ҳақида сўйлайсан.
Тошга уриш керак бўлган бошни
Гулчамбар учун шайлайсан.

Шундай ватанинг бўла туриб,
Қурол йўқ қўлингда.
Шундай ватанинг бўла туриб,
Қўрқасан ўлимдан! (1986)

Шоир Холдор Вулқон фикрича¸ Муҳаммад Солиҳ собиқ иттифоқ даврида озодлик ва эрк ҳақида гапиришга журъат этган ва бу журъатни шеърларига кўчира олган шоир.

- Муҳаммад Солиҳ коммунистик империя катакомбаларида ҳавосизликдан бўғилган адабиëтимизга тоза кислород келтирган ëниқ¸ истеъдодли ўзбек шоиридир. 70-йилларнинг маҳдуд¸ биқиқ резервуациясига кўниккан соцреализмчи истеъдодсиз¸ ўртамиëна шоир ва ижодкорлар катакамобамизга заҳарли газ олиб келди, дея Муҳаммад Солиҳни тўқмоқлар билан қарши олдилар. “Солиҳ адабиëтимиз душмани. У қофиясиз шеър ëзмоқда”, дея жар солдилар. Ваҳоланки Муҳаммад Солиҳнинг қофиясиз шеърлари қофиябозларнинг ëзғияларидан минглаб нур йили масофада илғор¸ юксак дид маҳсули ўлароқ адабиëтимиз осмонида чақнаган чақинлар янглиғ шуурлар зулматини ëритар¸ унинг ëзган шеърлари тафаккур ва билим эгалари¸ ойдин зиëлилар¸ аҳли диллар маҳфеълига шаму шабистон эди. Ҳозир ҳам шундай¸ - дейди Холдор Вулқон.

Таниқли адиб Ҳамид Исмоилнинг айтишича, Муҳаммад Солиҳ адабиётдаги мунозара-публицистика жанрини юқори чўққиларга кўтара олди.

- Айниқса мунозара жанрида 80-йилларда¸ 90-йилларда чиққан мақолалари¸ қолаверса¸ охирги йилларда чиққан мақолаларида мунозара жанрини¸ ўзининг рақибига қарши сўзларни ишлатиш жанрини жуда моҳирона¸ Фитратнома йўлда ишлатади ва айтганимдек юқори чўққиларга элтади. Бу хусусиятларнинг кетида айтганимдек ўзининг ғоясига содиқликдир¸ ўзининг эсини аввалдан танишдир. Худди мана бу шеъридек¸ - дейди Ҳамид Исмоил.

Бир ёнда ожизу, бир ёнда кучли,
кураш бошланaркан тарафма-тараф
ожизнинг ёнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шараф-ки зулмга “зулм!” деёлсанг,
бошингда ҳар куни синса-да тўқмоқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ! (1994)

Шоир Муҳаммад Солиҳ 60га кирди. Озодлик ва эрк учун курашнинг 60 йили ортда қолди. У ўз халқини қулликдан озод қилиш йўлидаги курашга биринчилардан бўлиб кирган эди. Бироқ шоир фикрича, ҳали ҳам унинг халқи қулликдан озод бўлгани йўқ. Давр ва замоннинг ҳасратли онлари, халқнинг изтироблари ҳали ҳам унинг шеърларида акс этмоқда.

СЎЗЛАРНИ ЯРАТИБ

Сўзларни яратиб,
Уларга буйсунамиз бир куни.
Ҳар кимнинг бўйнида осилиб турар
Маълум ҳарфлардан ташкилланган cўз.
Дейлик "Аҳмад!"деса уйғонмайман мен,
Уйғонмайман "Тошмат" деб бақирсалар ҳам -
Исмимни билмаса момақалдироқ
Уйғота олмайди мени ҳеч қачон!.

Ўйлаб кўринг энди, қанчалар қийин
Бутун халқни уйғотмоқчи бўлган даҳога. (1980)

“ОЗОДЛИК” КАРТИНАСИ

У турма эшигига суяниб турибди. Кўйлагининг ёқасини шамол тортқилайди. Агар сочи бўлса эди, туғ каби ҳилпирарди. Орқасида қора фон, аждаҳонинг оғзидай тубсиз қоралик. Ёнида назоратчи. Симёғочга ўхшайди. Лекин унга суяниб бўлмайди. Собиқ мaҳбус турма эшигига суянганича, кўзларини қисиб атрофга қарайди.

Милллати ким унинг?

Маҳбуснинг миллати йўқ, миннати йўқ. Миллат учун курашган одамнинг миллати йўқ. “Мана шу аблаҳлар ватанпарвар бўлса, мен ватан хоиниман” деган эди бир шоир. Мана у, ватанннинг суюкли “хоини”, кесакига суяниб турибди ҳолсиз.

Бу суратга узоқ қараган одамнинг бадани жимирлаб кетади. Бу суратга узоқ қарашга ботинган одам ўзини турмага кириб кетаётгандай ва эшик олдида мана шу озодликка чиққан мaҳбусни учратгандай, унга ҳасад билан қарагандай сезади ўзини. (1982)

ЎЛДИРИБ БЎЛМАС

Гулни ҳидлаш учун
Эгилган бошни
Кесиш мумкин эмас ҳеч қачон.

Мерганнинг энг зўри
Қўшиқ айтаётган инсоннинг
Кўксини мўлжалга ололмас.

Дунё зулматида севгилисидан
Бўса олаётган кимсанинг
Елкасига пичоқ уриб бўлмайди.

Ўлдириб бўлмайди,
Ўлдириб бўлмас
Оллоҳга сиғиниб ўтирган қулни. (1980)
XS
SM
MD
LG