Линклар

Эронда диссидент руҳоний дафн қилинди


Эронда мамлакатнинг энг йирик диссидент руҳонийларидан бири, оятуллоҳ Ҳусаин Али Мунтазирий дафн қилинди.

Хабарларга кўра, муқаддас Қум шаҳрида бўлиб ўтган дафн маросимида ўн мингдан зиёд киши, жумладан, Эрон мухолифати етакчилари Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Карубийлар иштирок этдилар.

1979 йилда Эронда амалга оширилган Ислом инқилобининг меъморларидан бири бўлган оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий 19 декабр куни 87 ёшида вафот этди. Али Мунтазирий ўзининг чиқишларида Эроннинг амалдаги ҳукуматини мамлакатда диктаторлик режими ўрнатганликда айблаган.

- Одамлар эрталаб соат еттидан бошлаб Мунтазирий хонадонига тўплана бошладилар. Бу ерга тўпланганлар “Оллоҳу Акбар” ва бошқа шиорларни ҳайқирдилар. Бундан ташқари бу ерда ҳукуматга қарши шиорлар ҳам янграмоқда,-деди Озодлик радиосига телефон қилган воқеа гувоҳларидан бири.

Мухолифатга тегишли айрим сайтлар эса дафн маросими иштирокчилари ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар рўй бергани тўғрисида хабар тарқатди.

Хориж ахборот агентликларининг Қум шаҳрига бориши таъқиқлангани боис, ҳозирда у ердан келаётган хабарларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.
XS
SM
MD
LG