Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:52

"Москва Ўзбекистон талабини бажара олмайди"


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Мисрдаги музокаралар якунига етгач, Тошкентга йўл олади.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Мисрдаги музокаралар якунига етгач, Тошкентга йўл олади.

21 - 22 декабр кунлари Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади. Айрим сиёсатшунослар фикрича, мазкур ташрифни Кремлнинг Тошкент расмийлари қўйнига қўл солиб кўриш ҳаракати сифатида баҳолаш мумкин.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби Данис Башировнинг айтишича, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 21 декабр куни қайси соатда Тошкентга етиб келиши ҳозирча номаълум.

Элчихона расмийси Сергей Лавровнинг қайси соатда Тошкентга етиб келиши ҳақида фақат тахмин қилинаётгани ва уни кутишаётганини айтди.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 21 декабр куни Қоҳирада Миср президенти Ҳусни Муборак билан сўзлашувлар ўтказгани хабар қилинди. Шунингдек, у Араб лигаси Бош котиби Амр Мусса билан ҳам учрашиши ҳамда Исроил-Фаластин можаросини муҳокама этиши кутилмоқда.

Мана шу учрашувдан сўнг Сергей Лавров Тошкентга йўл олади.

Тошкентда Сергей Лавровни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилиши ҳамда унинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокаралар ўтказиши хабар қилинмоқда.

Тошкентлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Ўзбекистон ҳукумати Ғарб билан муносабатларини қайта тиклашга уринаётган айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирининг Тошкентга сафари Кремл учун муҳим аҳамиятга эга.

- Россия ҳукумати иложи борича Ўзбекистонни ўзининг сиëсий таъсир доирасида сақлаб қолишга ҳаракат қилаяпти. Кейинги пайтларда Ўзбекистон Ғарб мамлакатлари билан¸ Хитой билан алоқаларни кенгайтириб¸ айни пайтда МДҲ ва КХШТ ташкилотларида ўзининг иштирокларини камайтирди. Россия Ўзбекистон билан алоқаларини иложи борича сақлаб қолишга¸ унинг кескинлашишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишаяпти¸ - дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов эса Афғонистондаги вазият мураккаблашгани сабабли АҚШ ва НАТО Марказий Осиё минтақасига алоҳида эътибор қарата бошлаганини айтади. Унинг фикрича, айни вазиятда Россия ҳам минтақадаги сиёсатини тафтиш қилмоқда ва бунинг ортидан Москва Марказий Осиёдаги сиёсий йўналишига ўзгартишлар киритиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

- Ўзбекистон билан Россия орасидаги муносабатлар нормал тарзда ривожланишига ишонаман. Бу ташрифларни газ экспорти масаласига бевосита боғламаган бўлардим. Менинг ўйлашимча¸ Марказий Осиëнинг халқаро саҳнадаги роли борган сари ошаяпти. Марказий Осиë минтақасида Ўзбекситоннинг роли ошганлиги ҳам кўриниб турибди. Афғонистондаги вазият ҳам жиддий бир омил бўлди. Ҳозир халқаро ҳамжамиятнинг эътибори яна бир бор Марказий Осиëга қаратилди. Бундай шароитда Россия ҳам қўл қовуштириб ўтира олмайди. Минтақа билан бўлган алоқаларини яна бир ревизия қилиб¸ истиқболларини янгидан белгилаб ҳаракат қилади¸ - деди Фарҳод Толипов.

Хабарларга қараганда, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда президент Каримов билан МДҲ, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида Россия-Ўзбекистон алоқалари масаласини ҳам муҳокама этиши кутилмоқда.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан бу ташкилотлар доирасидаги бир қатор йиғинларнинг эътиборсиз қолдирилгани учрашув кун тартибига мазкур масаланинг киритилишига туртки берган бўлиши мумкин. Жумладан, Ислом Каримов 19 декабр куни Олмаотада ўтган МДҲга аъзо давлатлар президентларининг норасмий йиғинида иштирок этгани йўқ.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, расмий Тошкент шундай йўл билан Россияни огоҳлантирмоқчи бўлаётир.

- Россия учун сигнал бўлаяпти. Лекин Ўзбекистоннинг талабларини қондириш учун имконият йўқ. Тошкент Марказий Осиëдаги давлатлар билан ўзаро тортишувли масалаларда "Москва бизнинг ëнимизни олсин", деган бир талабни қўяяпти. Сув заҳираларини ишлатиш¸ энергетик заҳираларни ишлатиш масаласида. Бундан ташқари Россия Қирғизистонга¸ Тожикистонга анча-мунча моддий ëрдамларни бераяпти¸ имтиëзли кредитлар ажратаяпти. Бу масалада Ўзбекистонга умуман ëрдам берилаëтгани йўқ. Бу масалани ечиш албатта қийин. Россия Ўзбекистонга сезиларли катта молиявий ëрдам кўрсатадиган бўлсагина орадаги тангликни озгина юмшатиш иложи бўлар¸ -деди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG