Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:28

Диссидент уламо дафн этилди


Мунтазирий жанозасига мамлакатнинг турли бурчакларидан минглаб одамлар йиғилди.
Мунтазирий жанозасига мамлакатнинг турли бурчакларидан минглаб одамлар йиғилди.

Эроннинг энг йирик диссидент руҳонийларидан бири, оятуллоҳ Ҳусаин Али Мунтазирий 21 декабр куни муқаддас Қум шаҳрида дафн қилинди. Расмий Теҳрон мамлакатдаги нашрларга Ҳусаин Али Мунтазирий ўлими борасида хабар бермаслик ва унинг номини тилга олмаслик тўғрисида кўрсатма берди.

Оятуллоҳ Ҳусаин Али Мунтазирий Қум шаҳридаги Масумеҳ қабристонига дафн қилинди.

Мухолифатга тегишли сайтлар ва гувоҳларнинг маълум қилишича, дафн маросимида ўн мингдан зиёд киши иштирок этган.

19 декабр куни 87 ёшида ҳаётдан кўз юмган Али Мунтазирий Эронда шиаларнинг энг обрўйили руҳонийларидан бири эди.

Бир пайтлар Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний салафи ҳисобланган Али Мунтазирий мамлакат диний раҳбариятининг ашаддий танқинчиларидан бирига айланди. Сўнги ойлар давомида эса у Эрон мухолифатининг Яшил ҳаракати раҳнамосига айланган эди.

Қум шаҳридаги дафн маросими иштирокчилари оятуллоҳни сўнги манзилга кузатишар экан аксил ҳукумат шиорларини ҳам ҳайқирдилар.

-Одамлар эрталаб соат еттидан бошлаб Мунтазирий хонадонига тўплана бошладилар. Бу ерга тўпланганлар “Оллоҳу Акбар” ва бошқа шиорларни ҳайқирдилар. Бундан ташқари бу ерда ҳукуматга қарши шиорлар ҳам янграмоқда,- дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Озодлик радиосига сим қоққан бошқа гувоҳ эса маросим иштирокчиларининг “Диктаторга ўлим”, “Мунтазирий иши давом эттирилади” ва “Яшил ҳаракати бугун мотам қилмоқда” каби шиорларни ҳайқирганини айтади.

Хабарларга кўра, Эрон мухолифати етакчилари Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Қарубийлар Қум шаҳридаги дафн маросимида иштирок этганлар.

Бундан ташқари бошқа сиёсатчилар ва таниқли диний уламолар ҳам Қум шаҳрига борганлар. Али Мунтазирийнинг шогирдларидан бири таниқли уламо Аҳмад Ғобил ва бир неча фаоллар эса Қум шаҳрига кетаётганида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган.

Айни пайтда Эрон мухолифатига тегишли сайтлар дафн маросими иштирокчилари ва ҳукумат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар рўй бергани тўғрисида хабар тарқатдилар.

“Norooznews” сайтига кўра, полиция ходимлари дафн маросими чоғида аксилҳукумат шиорларини ҳайқирган шахслар билан тўқнашган.

Хориж ахборот агентликларининг Қум шаҳрига бориши таъқиқлангани боис, ҳозирда у ердан келаётган хабарларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Эроннинг бошқа шаҳарларида ҳам Али Мунтазирий хотирасига бағишлаб тадбирлар ўтказилди.

Оятуллоҳни ёд олиб Теҳронга тўпланган эронликлар мамлакат Олий руҳонийси оятуллоҳ Али Ҳоманайига қарши шиорларни ҳайқирдилар.

Айни пайтда Эроннинг собиқ президенти Муҳаммад Ҳотамий диссидент руҳоний ўлимини "катта йўқотиш " дея таърифлаган бўлса, Нобел тинчлик мукофоти совриндори Ширин Эбодий Али Мунтазирийни "Эронда инсон ҳуқуқлари отаси", дея атади.

Мухолифатга тегишли сайтларга кўра, Эрон Маданият вазирлиги мамлакатдаги барча нашрларга ўзининг биринчи саҳифасида Мунтазирий ўлимига оид хабарларни чоп қилмаслик тўғрисида топшириқ берган.

Али Мунтазирий 1979 йил Эронда амалга оширилган Ислом инқилобининг меъморларидан бири бўлган ва у Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнини эгаллаши лозим эди. Бироқ олий руҳонийнинг ўлимидан бир неча ой аввал иккала диний уламо ўртасида зиддият юзага чиқади. 1989 йилда Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Руҳуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг унинг ўрнига оятуллоҳ Али Ҳоманайи келган.

Али Мунтазирий ўзининг чиқишларида Эроннинг амалдаги ҳукуматини мамлакатда диктаторлик режими ўрнатганликда айблаган.
Ёши кексайиб қолган Мунтазирий июн ойида Эронда ўтказилган президент сайлови натижаларига эътироз билдириб, Теҳрон кўчаларига чиққан мухолифат тарафини олди.

Август ойида Али Мунтазирий Эроннинг диний раҳбариятини диктаторларга таққослаб: "расмийларнинг Теҳрондаги намойишчиларга қарши куч ишлатиши Эрон режимининг қулашига сабаб бўлиши мумкин", деган фикрларни билдирган эди.
XS
SM
MD
LG